Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

БОБУР ШОҲ ВА ШОИР

ХV — ХVI аср ўзбек адабиёти, маънавияти тарихида улуғ зотлар — Алишер Навоий ва Заҳириддин Бобур умр йўллари авлодлар учун ибрат намунасидир. 1483 йил 14 февралда Андижонда туғилган ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур 47 йиллик қисқа ҳаёти мобайнида келгуси авлодларга шунчалик мерос қолдирдики, буни ҳеч қандай қимматликлар билан баҳолаб бўлмайди.
У буюк шоҳ бўлиши билан бирга ўз даврининг тарихчиси эди. Этнограф, ўлкашунос, биолог, географ, диншунос олим, шариат аҳкомларини мукаммал билган ва бу борада рисола ёзган, араб алифбоси мураккаб, ўрганилиши қийин бўлгани боис янги “Хатти Бобурий» алифбосини яратганлиги билан ҳам таҳсинларга лойиқ эди. Давлатчиликда вақт меъёрларини қайта ишлаб чиққан, алоқа тизимини қайта қурган ва яна қанчадан-қанча ислоҳотларни амалга оширган, борган ерида боғ-роғ барпо этган буюк шахс эди.


Бобоси Амир Темурнинг муносиб вориси сифатида унинг салтанатини қаламравида қайта тиклаш ва юксак салтанат барпо этиш ва давлатчилик ишларини амалга оширишни мақсад этди. Моҳир саркарда сифатида энг оғир вазиятларда, бек ва сафдошлари чап бериб ундан тахтни олишга интилиб, иложсиз қолган ҳолида ҳам “чун салтанат дағдағаси ва мулкгирлик доияси бор, бир қатла, икки қатла иш юримаган била боқиб ўлтуруб бўлмас”, деган ғоя уни ҳамиша мақсадга эришишига етаклаган. Бобурнинг бу хислати, келажакка умид билан қараши барча замонларда ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.
Унинг шахсидаги юксак инсоний фазилатлар, чунончи, аёл зотига эҳтиром, атрофдагиларга меҳр ва шафқатда бўлиш, юксак инсоний хислатларга эга бўлиш Бобур ҳаётининг мазмуни эди. Унинг давлатчилик сиёсати негизида том маънода Шахс туради. Имкон қадар ҳар бир аскар, зобит, амирлар, оддий косибдан тортиб нишонни аниқ мўлжалга олишга қодир тўп­лар яратган уста Алиқулига ҳам, қобилиятли тарихчи Мирзо Ҳайдар, вазири аъзам даражасидаги беки Қосимбекка ҳам юксак марҳаматларини кўрсатган. Ҳатто салтанати ривожини истамаган Шоҳбегимга ҳам, рақиблари Аҳмад Танбал, Хисравшоҳ, Боқи Чағониёнийга ҳам мақсадига қарши юрмасликларини таъкидлаган. Низолар ўрнига сулҳни, ҳамкорлик даражасидаги давлат бош­қарувини таклиф этиб кўрган, буларнинг иложи бўлмаганда эса, улар устидан ҳам маънавий, ҳам ҳарбий жиҳатдан устун келган.
Заҳириддин Бобур фарзандлари Ҳумоюн ва Камронга ёзган мактуб ҳамда васиятномасида салтанатни адолатли тарзда, бамаслаҳат бошқариш, нокасларни асло давлат ишларига аралаштирмаслик, зинҳор бошқа элу элатларнинг дини, урф-одатлари ва анъаналарига дахл қилмаслик, аксинча, уларни ҳурмат этишни таъкидлагани бу қалбидарё шахснинг узоқни кўра билганлигига далилдир. Бобур назарида салтанат обрўси, биринчи нав­батда, саводли, тез бир хулосага келадиган, сўз қудрати устун, одамларни ўзига эргаштира оладиган шахслар фаолиятига боғлиқ. Унинг қарашича, бек, вазир, шайхулислом ва бошқа лавозимларга эга шахсларнинг ҳаммаси ҳам салтанатни бошқаришга қодир эмас. Эл назарига тушиш, аскару фуқаролар кўнглига йўл топиш учун, аввало, юксак инсоний хислатларга эга бўлиш, илм ўрганиш, давр янгиликларинигина эмас, салтанатдаги ўзгаришларни тўғри баҳолай билиш, ҳарб санъатини тўла ўзлаштириш лозим; хулқида жасорат, мард кишига хос хусусиятлар доимо намоён бўлиши, муҳорабаларда мушкул пайтда қуролдошига ёрдам қўлини чўзиши, очиқ кўнгилли, сахий ва бечорапарварлик умр шиори бўлган шахсгина давлат бошқарувида ўзини кўрсата олади. Хисравшоҳ, Боқи Чағониёний, Али Дўст, Султон Маҳмуд ва бошқа бекларнинг характерида юқоридаги каби хислатлар кам кўринганлиги, яхшиликдан кўра ёмонлик, ғаразгўйлик ва мунофиқлик ғолиб эканлигини кўрган Бобур уларнинг шахсий ҳаётлари ҳам аянчли, мағлуб қиёфалари ночор, умрлари эса салтанат дағдағалари билан ўтиб, фожиа билан якунланганлигини бадиий тасвирларда берган.
Бобурнинг давлат бошқарувида шахс мавқеини ана шундай тазод воситасида, яхши билан ёмоннинг қарама-қаршилиги орқали тасвирланганлигининг ўзи уни буюк давлат арбоби сифатида ҳам, моҳир руҳшунос даражасида ҳам кўз ўнгимизда гавдалантиради.
Бобурнома”да муаллиф давлат бошқарувига оид сирларни эътироф этиш билан бир қаторда, йўл қўйган хатоларини ҳам тан олиб очиқ баён этган. Айниқса, унинг Ҳиротга, Бадиуззамон мирзо ҳузурига ташриф буюрганида бехосдан Бадиуззамондан олдин у томонга қадам қўйгани, бу дипломатик хатони пайқаган Қосимбек Бобурнинг белбоғидан тортганини, ҳар иккала шаҳзодалар бир вақтда бир-бирлари томон қадам қўйишлари дипломатик муносабатлар тартибига мувофиқлигини билдирадики, бу ҳақда Бобур “менинг номусим Қосимбек номуси бўлганлиги боис менинг хатоимни тузатди”, дейди.
Бобур дипломатиясининг юксак намунаси сифатида “юкуниш” сиёсати алоҳида эътиборга молик. Умуман, темурийлар саройида сарой аҳли, бек ва зодагонларнинг бир-бирлари билан учрашувларида кимнинг неча марта, қай тарзда, қайси ҳолатда иккинчи томонга қараб юкуниши унинг мансаби, вазифа даражаси, ғолиб ёки мағлублиги, умри поёни яқинлиги ёки афв этилишига қараб белгиланган. “Бобурнома”да бу мавзу жуда жонли мисоллар, турли вазиятлар талқини орқали бор моҳияти билан келтирилганки, бу аввало, Бобурнинг юксак даражадаги дипломатлигини кўрсатади.
Заҳириддин Бобурнинг қолдирган бой мероси ўрганилмоқда ва ҳали янада чуқур ўрганилади. Ундан ўрганадиган, меросидан оладиган, баҳраманд бўладиган, шу кунгача барча соҳада қимматини йўқотмаган асарлари борки, бу унинг шуҳрати боқийлигини исботлайди. Келгуси авлодлар эса бундан баҳраманд бўладилар.

З. СОЛИЕВА,
9-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.
О. Примқулова,
туман халқ таълими бўлими дарс­ликлар бўйича мутахассис.

Улашинг: