Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ҲАМНАФАС ҲАМКАСБЛАР

Туманимиз таълим масканларида эртанги кунимиз эгалари — ўғил-қизларимизнинг замон талаблари асосида таълим ва тарбия олишларида Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг аҳамияти муҳим ўрин тутмоқда.
26-умумтаълим мактабида ҳам ана шу асосда фаолият олиб борилмоқдаки, бу ўз самарасини бермоқда. Бу борада «Хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалалари” бўйича ўқувчиларга бериб борилаётган таълим ва тарбия диққатга сазовордир.
Мактабда технология фанидан таълим бераётган 28 йилдан буён ўз касбини ардоқлаб келаётган тажрибали ўқитувчи Муҳаббатхон Ҳожиматова ва унинг шогирди Хуршидахон Отахонова бу борада ҳамнафаслар. Муҳаббатхоннинг таъкидлашича ўқувчи қизларни турмушга тайёрлашда, қўли ширин пазанда, моҳир чевар, мазали пишириқлар устаси ва бошқа қизлар учун зарур билимларни, касбларни эгаллаб, мукаммал уй бекалари бўлишларида барча фанлар каби технология фани ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Анча вақтдан буён уста-шогирд бирга фаолият олиб бормоқдалар. Муҳаббатхон Ҳожиматова ўқувчи қизларга технология фани сирларини ўргатиб, уларга пазандачилик, газламаларни тайёрланиш моҳиятлари ва чеварчилик, буюмлар ясаш усулларини ўргатиб келмоқда. Унинг шогирди Хуршидахон эса ўғил болаларни касбга йўналтириш, уй рўзғор буюмларини таъмирлаш борасида сабоқ бермоқда. Ўқувчилар мактабдаги “Моҳир қўллар”, ”Илғор йигитлар” каби тўгаракларда иштирок этиб, ўзларининг назарий жиҳатдан олган билимларини амалиётда ҳам синаб кўрмоқдалар. Бу эса уларнинг ўзлари қизиққан касбларини мукаммал ўрганишларига кўмак бўлмоқда. Муҳаббатхон ва Хуршидахоннинг шогирдларидан Зебохон Фозилова, Зиёдахон Баҳромова, Моҳларой Болишевалар ҳозирда мактабни тамомлаб, тадбиркорликни танлашиб, қишлоқда тикувчилик цехлари фаолиятини йўлга қўйдилар. Ҳусанбой Мадаминов, Элёр Йўлбарсов, Оғабек Қозоқов, Жавоҳир Шокировлар устачилик соҳасида мебеллар ясаш, дурадгорлик, автомобилларни таъмирлаш каби ишлари билан ҳамқишлоқларининг оғирларини енгил қилмоқдалар. Албатта уларнинг бу даражага етишишларида Муҳаббатхон ва Хуршидахонларнинг самаралари меҳнатлари бор.
Доимо ҳамнафас устоз ва шогирдни келажакда шарафли касби орқали янада улкан мувафаққиятларга эришишида куч-қувват, оиласига бахт-саодат, саломатлик тилаб, Наврўз байрами билан муборакбод этиб қоламиз.

М. Рустамов.
Суратда: Муҳаббатхон Ҳожиматова ва Хуршидахон Отахонова ўқувчилар билан ўқув машғулоти пайтида.

Улашинг: