Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

БАХТИЁР ИНСОН

Бугунги кунда Избоскан туманида фаолият кўрсатаётган «Боқижон Маҳмудов» хусусий шифохонасини билмаганлар Республикамизда кам топилади. Дастлабки иш кунидан бошлаб шу кунларгача неча юз минглаб беморлар дардига шифо, оилаларига хотиржамлик улашган муассаса соғлиқни сақлаш соҳасида замон талабларига мос даражада тиббий жиҳозлар билан таъминланганлиги, сифатли тиббий хизмат кўрсатиши туфайли ҳам барча турдаги шифохоналар билан рақобатдош бўлаолади. Кўп­лаб юртдошларимиз эътиборини қозонган ушбу шифохонанинг ташкил топиши ва фаолиятини ҳозирда 82 ёшни қаршилаётган олий тоифали шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Боқижон Маҳмудовнинг номи билан боғлиқдир.
Боқижон аканинг босиб ўтган муносиб йўлига назар ташлар эканмиз, унинг болалигидаги орзу-истак­лари рўёбга чиқаётганини англаймиз. У Иккинчи Жаҳон урушининг алангаси учқунланаётган-1939 йилда Пойтуғда дунёга келди. Ёши етиб Алишер Навоий номли 1-ўрта мактабининг 1-синфида таълим олишни бошлади. Ўқиш давридаёқ кимё, биология, ботаника дарсларини обдон ўзлаштириб борди. Тушунмаган, билмаган мавзуларини устозларидан сўраб ўрганишдан толмади. 1957 йили ўрта мактабни битириб, шифокор бўлишга қарор қилган Боқижон, ҳеч иккиланмай Андижон давлат тиббиёт институтига ҳужжатларини топшириб, кириш имтихонларидан аъло баҳоларга ўтди. 1963 йилда ўқишни битириб, шифокорлик касбини эгаллаган ёш мутахассис туман тиббиёт бирлашмасида терапевт бўлиб иш бошлади. 1970 йилдан бошлаб, ўзи таҳсил олган Андижон давлат тиббиёт институтида ички касалликлар бўйича талабаларга сабоқ бера бошлади.
1979 йили Москвада тиббиёт фанлари номзодлиги учун, ички касалликлар юрак-қон томирлари ҳасталиклари бўйича диссертациясини ёқлади. Шу билан бирга институтда декан ўринбосари, тиббиёт бўйича комиссия раиси сифатида иш фаолиятини давом эттирди. Мустақиллигимиз шарофати билан давлатимиз томонидан тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратилиши, унинг олдинга қўйган мақсадларини амалга оширишига катта имконият очиб берди. 2003 йили у ўзининг “Боқижон Маҳмудов” номли хусусий шифохонасини ташкил этди. Боқижон ака турмуш ўртоғи Мамлакатхон ая билан фарзандлари тарбиясига алоҳида эътибор бердилар. Тўрт фарзанднинг орасида қизи Муаззамхон ва ўғли Абдумажид дадасининг касбини танлаб, малакали шифокор бўлиб етишдилар. Мус­тақиллигимизнинг баҳтиёр онларини ич-ичидан ҳис этган, Боқижон ака ва Мамлакатхон ая 1995 йили Умра, 2006 йили эса катта ҳаж сафарларига бориб келдилар.
Боқижон ака шифохонани замонавий тиббиёт анжомлари билан жиҳозлашга эътибор қаратди. Бу ердаги 3D, 4D русумидаги УЗИ, комьпютер томографияси, замонавий физотерапия, биохимик лаборатория ва бир қатор тиббиёт жиҳозлари касалликларни аниқлаш ва даволашда муҳим омил бўлмоқда. Суҳбатимиз давомида Боқижон акадан шифохонанинг бу каби юқори мавқега эга бўлиши сабабларини сўраганимизда, у аввало шифокорларнинг ҳар бир бемор билан ҳамнафас бўлиб, ҳалол, пок тиббиёт ходими даражасида иш олиб боришлари, нафақат дори-дармон балки ширин сўзлари билан ҳам беморлар дардига малҳам бўлиш­лари лозимлигини айтди. -Асосий омил,-дейди у — Юртбошимизнинг аҳоли саломатлигини сақлашга эътибори ва бу борадаги ислоҳотларнинг амалга оширилаётгани.
— Мен бугун энг бахтиёр инсонлардан бириман,-дейди у сўзини давом эттириб. — Асосийси мен каби шифокорларни эл соғлиғи йўлида меҳнат қилишлари учун тўла шарт-шароитларни ва имкониятларни яратиб бераётган давлатимиз ва ҳукуматимизга ҳар қанча ташаккур айтсам, миннатдорчилик билдирсам оз. Ана шундай эътибор ва ғамхўрлик туфайли тиббиётимизнинг муваффақиятлари кун са­йин ортмоқда.
Суратда: шифокор Боқижон ака Маҳмудов.

Улашинг: