Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

РАМАЗОН ҲАЙИТИ – МЕҲР-ОҚИБАТ АЙЁМИ

Тутган рўзаларимиз қабул бўладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли мўл-кўл ёғиладиган ажойиб кун –катта шодиёна ва кўтаринки руҳда ўтадиган Рамазон ҳайити байрамидир. Шу куни ҳамма саховат ва юксак аҳлоқини ҳар доимгидан-да кўпайтиришга, кунни ҳурсанд ўтказишга ҳаракат қилади.
Қуръони каримда Ҳайит–Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига зиёфат куни бундай марҳамат этилади:“Албатта, мана шу (жаннат неъматлари) улкан ютуқнинг ўзидир. Бас, айнан мана шундай ютуқ учун амал қилувчилар амал қилсинлар!”(Соффот сураси, 60-61-оятлар).
Рамазон рўзасидан олган тарбиямизнинг яна бир жиҳати шуки, бу ой бизларга бир-биримиз билан янада аҳил, тотув бўлиб яшашни, бағрикенг бўлишни, фақат ўзимиз учун эмас, ўзгалар учун ҳам камарбаста, фидойи бўлишни ўргатди. Зотан юртимизда тинчлик ва осо­йишталик бардавом бўлишида, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги юксалишида бу инсоний фазилатларнинг ўрни беқиёсдир.
Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, ҳайит байрамини ҳам ўшандай файзли қилиб ўтказишимиз керак бўлади. Ҳайитдан мақсад, кўнгилларга хушнудлик, нафсларга севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлашдир.
Ҳайит муносабати билан қўни-қўшниларга таом улашиб, уларни зиёрат қилинса, қавму қариндошларнинг ҳолидан хабар олинса, хурсандчиликлар янада зиёда бўлади.
Ҳайит байрамида хурсандчилик қилаётган мусулмон шариатда ман қилинган ишлардан тийилиши лозим. Чунки бу кунда қилинган хайрли ишларнинг савоби улуғ бўлганидек, ношаръий ишларнинг ҳам гуноҳи каттадир. Гўё «ҳайитда рухсат» дегандек турли ношаръий ўйин-кулгуларга машғул бўлиш ёки аксинча шариат байрам қилиб белгилаган кунни азага айлантириш ярамайди. Зеро ҳайит куни ҳам мусулмон кишининг бошқа кунлари сингари яхшилик ва хайр-барака куни бўлиши, гуноҳ ва маъсиятлар содир этадиган кун бўлмаслиги керак.
Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг бошқа кунлардан фарқли мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда уларга ҳайитлик совғалар улашиш, истирохат боғларига ёки ўйингоҳларга олиб бориб ўйнатиб келиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, ҳайит байрамининг шодликларидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ҳам баҳраманд қилишга уриниш комил мусулмонлик белгиларидан биридир. Зеро ҳар бир воқеа ёш боланинг онгида тошга ўйилган нақш каби сақланади.
Шунинг учун ҳам Яратганга шукроналар айтиб, буюк фарз амали Рамазон ойи рўзасидан сўнг Аллоҳнинг тавфиқи билан диёримизга кириб келган муборак Рамазон ҳайити барчамизга шодлик ва ҳуррамлик айёмига айлансин, деймиз! Бу кун шоду хуррамлик айёми, қутлуғ байрам экан, унинг шукрини адо этиш, ушбу муборак кунда ҳаммамизга ардоқли ота-оналаримиз, қавму қариндошларимиз, улуғларимиз зиё­ратига бориб, уларнинг дуо­ларини олиш, бетоб, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабардор бўлиш, ёрдамга муҳтож кишиларга қўлдан келганича хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирларимизни ҳайит билан муборакбод этиш, эски гина-кудуратларни унутиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олиш ва шу тариқа Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига сазовор бўлиш ҳар бир мусулмоннинг байрам кунларидаги энг савобли амаллари саналади. Бу кунларни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик керак. Ўтганларимизни эслаш, уларнинг руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал, лекин булар ҳайит байрами шукуҳига таъсир қилмаслиги лозим.
Аллоҳ таоло Рамазон ҳайитини барчаларимизга муборак қилсин! Байрамнинг шарофатидан мус­тақил Ватанимиз равнақи, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлишини ва икки дунё саодатини насиб айласин! Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилсин, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолигини бардавом, халқимизни янада фаровон бўлишини насибу рўзи айласин.
Салимжон хожи ЮНУСОВ,
Избоскан тумании бош имом-хатиби.

Улашинг: