Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ИМКОНИЯТ ЭШИКЛАРИ ОЧИЛМОҚДА

30-ИЮНЬ-ЁШЛАР КУНИ

Туманимизда рўйхатга олинган 37 минг 723 нафар ёшнинг 26 минг 584 нафарини қизлар ташкил этади. Улардан 5525 нафари “Ёшлар дафтари” га киритилган. Жами 762 нафар ёшларга тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун жами 20 миллиард, 217 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилган.

Туманда 2021 йил бошида ўтказилган хатлов жараёнида 801 нафар ёшлар ишлаш истагини билдирган бўлса, шундан 783 нафари иш билан таъминланди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган 2737 нафар ўғил-қизларнинг 1988 нафари тадбиркорлик бўйича ўқув курсларини битириб, фаолиятларини йўлга қўйиб олдилар. 2020-2021 ўқув йили давомида туман халқ таълими бўлимига қарашли 53 та умумтаълим мактабларида таълим олаётган битирувчи синф ўқувчилари билан сўровнома ўтказилганда, улардан 2209 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга киришни, 456 нафари тадбиркорлик билан шуғулланишни, 39 нафари деҳқончилик билан машғул бўлиш истакларини билдирдилар.

Айни дамда ўқув йили якунланиб, ёшларимиз ўзларининг келажак йўлларини танлаб олиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, қизғин ҳаракатларни бошлаб юборганлар.
“Ёшлар байрами” куни муносабати билан тумандаги “Марказ” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган шижоаткор ака-укалар Лутфулло, Омонулло, Ҳабибулло Ҳалиловлар томонидан йўлга қўйилган “Ҳамкор Андижон” масъулияти чекланган жамиятида бўлдик. Бу ерда бизни Лутфулло Ҳалилов кутиб олди.

Омонулло ва Ҳабибуллолар хом ашё учун ҳамкор ташкилотга кетган эканлар. Бу ерда 8 нафар ҳунарманд ёш турли хил юмшоқ мебеллар, диван, кресло, шкаф, стол-стул, боғча болалари учун ётоқҳона жиҳозлари ва кўплаб сифатли маҳсулотлари ишлаб чиқармоқдалар. Ҳамроҳим Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи туман кенгаши раиси Рустамжон Мўминов тадбиркор ака-укаларнинг фаолияти билан таништирар экан туманда ушбу соҳада иш олиб бораётган ёшлар сони ортиб бораётганлигини айтиб ўтди.

Бу ерда тикувчилик цехи ҳам фаолиятини бошлабди. 7 нафар чевар хотин- қизлар турли русумларда аёллар, болалар кийимларини тикиб, истеъмолчиарга етказиб бермоқда.
-Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратилишига эътибори туфайли ишимиз тобора ривожланмоқда,-дейди Лутфулло.-Айниқса ёшларимизнинг ўз салоҳиятларини намоён қилишлари учун имкониятлар эшикларини кенг очилаётгани айни муддао бўлиб, тадбиркор ёшларимиз сафи ўсмоқда.

Албатта бу ёшларимизни, тадбиркорларни янги-янги марралар сари изланишга руҳлантирмоқда. Ёшлар инновацияга дадил қўл урмоқдалар ва бу уларга янги марраларни эгаллашда бош омил бўлаётир. Мен имкониятдан фойдаланиб келажагимиз ворислари бўлган ёшларни анъанавий байрамлари билан чин дилдан табриклайман.

Улашинг: