Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

БЕШ МАҲАЛЛАГА БЕШ ЯНГИ БИНО

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида республикамиз миқёсида янги, замонавий, бир-биридан гўзал бинолар қурилиши тугалланиб, фойдаланишга топширилмоқда. Албатта бу мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик, олиб борилаётган доно сиёсат натижаларидир. Яқинда туманимизда ҳам ана шундай муҳим объектларнинг фойдаланишга топширилиши маросими бўлиб ўтди.
Муҳимлиги шундаки энди беш маҳалла фуқаролари янги биноларда мурожаатларини, қувонч ва шодиёналикларини, ўз муаммоларини баён этадилар. Маҳаллалар бинолари очилишларига бағиш­ланган тадбирларда иштирок этган вилоят ва туман ҳокимлик­лари вакиллари, секторлар раҳбарлари мамлакатимизда маҳалла тизимига берилаётган эътибор, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолларининг самарали фао­лият олиб боришлари учун яратилиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида сўзладилар. Бу ғамхўрлик­ларга эса албатта самарали меҳнат жавоб бўлади.
Янги бинога эга бўлган Ўртақишлоқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Моҳирахон Сатторованинг айтишича аввал 3000 дан зиёд аҳоли яшайдиган бу жойда маҳалла фуқаролар йиғинининг алоҳида биноси бўлмаган. Маҳалла фуқаролар йиғини идораси давлат шерикчилиги асосида тадбиркор Азизбек Ҳайитов томонидан барпо этилиб, зарур барча жиҳозлар билан таъминланган. Қурилиш, жиҳозлаш ишлари учун 2,5 миллиард сўм маблағ сарфланган.
— Давлатимиз ва ҳукуматимизнинг ғамхўрлиги, туман ҳокимимизнинг саъй-ҳаракатлари билан янги бинога эга бўлдик,- дейди у қувончини яширолмай. — Маҳалла раиси, ўринбосари, профилактика инс­пектори учун алоҳида хоналар, йиғилиш зали борлиги бемалол фаолият олиб боришимизни таъминлайди.
Шунингдек бу ерда қад ростлаган икки қаватли янги бинода аптека, дўкон, сартарошхона, гўзаллик салони, тиббий-диагностика муассасаси ташкил этилиб, 25 та янги иш ўрни яратилади. Энг муҳими, мазкур хизмат кўрсатиш объектларининг ишга тушиши билан маҳалла аҳолисига қатор қулайликлар яратилади.
Мамлакатимиз мус­тақиллигининг 30 йиллиги арафасида бундай қувонч Урганжи, Янги Бўстонобод, Навжур ва Тўраобод маҳаллаларига ҳам насиб этди. Тадбир иштирокчилари янги биноларда яратилган шароитлар билан танишдилар.
Абду НОСИР.

Улашинг: