Мактабгача таълим ташкилотининг ҳар бир тарбияланувчиси мактаб остонасига қадам қўйганида ўзига хос мурғак тасаввурлар оламида бўлади. Тарбиячи аввалдан, яъни тарбияланувчи мактабга бормай туриб болалардаги ана шу тасаввурни илғаб олиши ва шу асосда ҳар бир болага алоҳида ёндашиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Тарбияланувчининг дунёқараши кўпроқ нимага қизиқиши билан боғлиқ. Синчков тарбиячи ана шу жиҳатга эътиборли бўлса, уни йўналтириш осон кечади. Кўп йиллик тажрибамга таяниб, дастлабки кунларданоқ тарбияланувчилар орасидан нисбатан фаол бўлганларини танлаб олиб, бошқаларни уларга эргашишга ундаш услубидан фойдаланиб келаман. Масалан, фаол ва нофаол болалар орасидаги масофани қисқартириш учун мусобақа ташкил этилса, тез орада ижобий ўзгаришлар юз беради. Нофаол тарбияланувчи фаол тарбияланувчидан устун бўлишга қисман бўлса-да ҳаракат қилади. Бунда рағбатлантириш, яъни баҳолаш ёки мақтов усули фойда беради.
Болаларнинг дунёқараши қай даражада эканини билиш учун уларнинг теварак-атрофга бўлган муносабатини ўрганишимиз зарур. Бунинг учун уларнинг фикрини тинглаш, сўнгра фикрдаги бўшлиқларни тўлдириб бориш даркор. Аста-секин улар онгига бурч ва мажбуриятларни ҳам сингдириб борилади. Масалан, боланинг оиладаги бурчи, кўча-кўйда юриш одоби ётиғи билан тушунтирилади. Буюк аждодларимиз ҳаётидан мисоллар келтириб, улар қандай қилиб улуғлик мақомига эришганликлари англатилади. Масалан, алломаларнинг ибратли ҳаёти, тарихий ёдгорликларнинг бунёд этилиши, асори-атиқаларнинг яратилиши ҳақида тушунча бериб борилади. Эртаклар, мақоллар, масаллар, топишмоқлар, суратлар, мусиқанинг халқ томонидан қандай яратилгани ва мерос бўлиб қолиш сабаблари тушунтирилади, моҳияти англатилади. Болаларни ижодкорликка йўналтиришда ҳарфлар, шакллар, рақамларнинг пайдо бўлиши ва ҳаётда тутган ўрни ҳақида тушунча берилади. Оғзаки нутқ ва ёзма нутқнинг бир-биридан фарқи англатилади. Айниқса, мактабга тайёрлашда боланинг ёд олиш қобилятини шакллантиришнинг аҳамияти катта. Кўргазмали воситалар — алломалар сурати, қадимий бинолар тасвири, эртак қаҳрамонлари, табиат ва ундаги ҳодисалар акс этган жараёнлардан кенг фойдаланиш ва аста-секин ўқувчини қисқа эртак ёки ҳикоя ёзишга ундаш фойда беради. Тарбияланувчилар ўртасида ўзаро танлов ва турли беллашувларни ташкил этишнинг аҳамияти катта.
Албатта буларнинг барчасида, тарбияланувчиларни мактабга тайёрлашда тарбиячининг узоқ йиллик тажрибаси, ўз устида тинмай ишлаб билим доирасини ошириб бориши, янгиликка интилиши муҳим ўрин тутади. Демоқчиманки, ҳар бир тарбиячи ўқув масканларида олган билимлари билангина чекланиб қолмай мунтазам билимини ошириб бориши, ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашиб бориши фойдадан ҳоли эмас. Чунки биз келажагимиз ворисларини мактабга тайёрлаймиз. Бу эса зиммамизга катта масъулият юклашини унутмаслигимиз зарур.
Барнохон ПОЛВОНОВА,
45 ДМТТ тайёрлов гуруҳ тарбиячиси.
ТАЙЁРЛОВНИНГ МУҲИМ ЖИҲАТЛАРИ
Ўхшаш хабарлар Жамият саҳифасидаги мақолалар »