Чет эл давлатлари тажрибасидан маълумки, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш кўп меҳнат ва маблағ талаб этади. Бунинг учун тадбирни молиялаштириш манбаларини аниқлаштириб олиш ҳам муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Юртимизда 2023 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини молиялаштириш,Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясига мувофиқ, Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан таъқиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади. Молиялаштириш учун зарур маблағлар ҳажми Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва бошқа масъул идоралар ҳисоб-китоблари асосида, шунингдек, тендер савдолари ва тендер ҳужжатларини расмийлаштириш натижалари бўйича аниқланади. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга, унинг материалларини қайта ишлашга, натижаларини олиш ва эълон қилишга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади. Маълумот тариқасида, 2010 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига сарфланган харажатлар қиймати ўртача аҳоли жон бошига Тожикистонда 1,31 АҚШ долларини, Қирғизистонда 1,12 АҚШ долларини, Озарбайжонда 1,03 АҚШ долларини, Молдовада 2,15 АҚШ долларини, Россия Федерациясида 3,81 АҚШ долларини ташкил этган.
Х.Режабов,
Избоскан туман статистика бўлими бошлиғи