Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Си Цзиньпин “ортиқча даромадлар”га қарши курашишга чақирди

Хитой раиси Си Цзиньпин молиявий ва иқтисодий масалаларга бағишланган йиғилишда “ортиқча даромадлар”га қарши курашиш зарурлигини айтди ва юқори даромадга эга фуқаролар ва компанияларни социализм талаб қилганидек, “умумий фаровонлик”ни таъминлаш учун “жамият билан кўпроқ бўлишиш”га чақирди.

“Умумий фаровонлик – бу барча одамлар фаровонлигидир. Бу халқнинг маънавий ва моддий ҳаёти. Бу оз сондаги алоҳида одамларнинг фаровонлиги ва ҳаммани тенглаштиришга уриниш эмас”, деб айтган Хитой етакчиси.

Эътиборлиси, бу йиғилиш Хитой раиси июль охиридан бери иштирок этган илк йиғилиш бўлди. CNBC телеканалининг хабар беришича, охирги 2 ҳафта давомида уни ҳеч ким кўрмаган. Одатда август бошида Хитой раҳбарияти Бэйдайхэ курортида сиёсий масалалар бўйича ёпиқ муҳокама ўтказади.

“Умумий фаровонлик” мавзуси Хитойда юқори технология компанияларини назорат қилиш кучайтирилгани ортида охирги вақтда Хитой ҳукумати томонидан фаол тарзда кўтарилмоқда.

Credit Suisse’нинг баҳолашича, Хитойнинг энг бой одамларининг 1 фоизи мамлакатдаги бутун бойликнинг 31 фоизига эгалик қилади. Таъкидланишича, бу 10 йил аввалгидан 21 фоиз кўпроқни ташкил қилади. Таҳлилчиларнинг фикрича, умумий фаровонликни таъминлаш учун Хитой ҳукумати ахборот технологиясида фаолият олиб борувчи компанияларга солиқ ставкаларини имтиёзли 10 фоиздан қолган соҳалардаги компаниялар учун амал қилувчи ставка – 25 фоизгача кўтариши мумкин.

Улашинг: