Россияда 8 ёшида мактаб битирув имтиҳонларини муваффақиятли топширган Алиса Теплякова Москва давлат университетининг психология факультетига тўлов-контракт асосида ўқишга кирди. Яқинда 9 ёшга тўлган қизнинг отаси Евгений Тепляков фарзандининг ўқишга қабул қилиниши бўйича шартномани имзолади.
“Биз бюджетга ўқишга кира олмадик, бироқ қизим тўплаган баллар унинг тўлов-контракт асосида ўқишга киришига етарли бўлди. Биз факультетга йўл олдик ва бугун шартномани имзоладик. Ўқишнинг биринчи семестри учун пул тўлашгина қолди, холос”, деб айтган қизнинг отаси. Унинг айтишича, психология олий таълимни бошлаш учун яхши йўналиш ҳисобланади.
Алиса Теплякова жорий йил ёзида мактаб битирув имтиҳонларини топшириб, 11-синфни битирганлик шаҳодатномасини олганидан кейин у ҳақида гапира бошлашган. Июлда қизча 9 ёшга тўлган.
Таъкидланишича, қизнинг оиласида 7 фарзанд бўлиб, улар Москвада бир хонали квартирада яшайдилар. Қиз ота-онасининг айтишича, уларда ўзларига ипотекага уй сотиб олишга моддий имконият йўқ, давлат эса бепул уй-жой тақдим қилмаяпти.
Қизча ота-онасининг айтишича, Алиса уйда таълим олади, чунки мактаб таълим тизимига кириша олмаган. “Алиса 4 ёшида яхши ёзарди, ўқирди, ҳисоблай оларди. У бу ёшида 1-синф дастурини ўзлаштирганди. Шундан кейин биз уни мактабга бермоқчи бўлдик. Ҳаттоки бу ҳақда Россия президентига ёзгандик. Бироқ “мактабга 7 ёшдан ўқишга бериш тавсия қилиниши” ҳақида жавоб келди. Бироқ Алиса 5 ёшидаёқ 5-синф дастурини биларди. Шундан кейин биз Алисани 2 йилдан кейин мактабга бериш ёки уни ўқитишни давом эттириш ҳақида ўйлай бошладик. Лўндасини айтганда, ўз ҳаракатларимизни мантиқий якунига – мактаб битирув имтиҳонларини топширишгача етказдик”, деб айтган қизнинг отаси.
Унинг айтишича, у фарзандларига ўқишдан, рафиқаси Наталья эса математикадан сабоқ беради. Ота Алисага кунига 3-5 соат вақт ажратади ва қизи вундеркинд эмаслигини таъкидлаб келади. “Бу нормал натижалар. Яхши хотира ва таълимга ўзига хос ёндашув”, дея Евгений Тепляков қизининг муваффақиятларини тушунтирган.