Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Тадбиркорлар учун қандай енгилликлар эълон қилинди?

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тадбиркорлари билан мулоқот ўтказди. Kun.uz мазкур тадбирда эълон қилинган ва бизнес эгаларига қулайлик яратишга қаратилган қатор янгиликларни санаб ўтади.

— Тадбиркорларнинг узоқ муддатли ресурс базасини шакллантириш учун банкларга “Тикланиш ва тараққиёт” жамғармасидан бозор тамойиллари асосида қўшимча 600 млн доллар ажратилади.

— Жорий йил 1 октябрдан микромолия ташкилотларини лицензиялаш тартиби тўлиқ бекор қилинади. Энди улар фаолиятини бошлаши учун, фақатгина Марказий банк реестрига киришлари кифоя.

— Ички бозорда тенг рақобат бўлиши учун, экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун олиб келинган хомашё импорт божидан озод этилади.

— Четдан олиб келинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини 120 кун давомида бўлиб-бўлиб тўлашда, тадбиркорларга фоиз ҳисобланмайди ва гаров талаб этилмайди.

— Норуда қазилмаларга (қум-шағал, оҳактош, гипс, доломит каби) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробарга камайтирилади.

— “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун қабул қилингунга қадар иқтисодий зоналарда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга берилган имтиёзлар сақланиб қолади.

— Жами 13 мингта умумий овқатланиш корхонаси йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қилинади.

 

— Туризм компаниялари ва меҳмонхоналар туристик йиғимлардан 2 йил муддатга озод қилинади.

— Ташқи савдо операциялари бўйича дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган 5 мингга яқин тадбиркорлик субъектларига жарима солиш ва бугунги кунгача қўлланган 6 триллион сўмлик жарималарни ундириш, жорий йил якунига қадар тўхтатилади.

— 2022 йил 1 январдан бошлаб, солиқ идоралари ўз электрон дастурлари орқали бизнес субъектларига ҳисоботларини шакллантириш хизматини йўлга қўяди. Ҳисоботларни кечиктириб топшириш билан боғлиқ молиявий санкцияларни қўллаш тартиби эса тўлиқ бекор қилинади.

— Қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олишда солиқ ва божхона идораларининг электрон базалари ўзаро боғланади.

— Тадбиркорларнинг корхоналари жойлашган, ҳозирда эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида, эгаллаб турган ер майдонлари уларга мулк қилиб расмийлаштириб берилади. Яъни бу ерни бошқа одам сотиб ололмайди, уни хусусийлаштиришга фақат ер эгасининг ўзи ҳақли бўлади.

— Ер майдонларини сотишдан тушган маблағ, тўлиқ туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолдирилиб, тадбиркорлар учун инфратузилма яратиш ва ривожлантиришга йўналтирилади.

— Келгуси йил 1 январдан бошлаб, қиймати 200 миллиард сўмга тенг лойиҳалар бўйича электр, табиий газ, сув тармоқлари ва йўл инфратузилмасини етказиб бериш, тўлиқ давлатнинг зиммасида бўлади.

— Тадбиркорларни электр тармоғига улаш муддати, 20 киловаттгача бўлган қувватлар учун – 10 кун, 50 киловаттли қувватлар учун эса 20 кун этиб белгиланади. Агар электр таъминоти корхонаси ишларни муддатида якунламаса, улар тадбиркорларга компенсация тўлайди.

— Айланма маблағ етишмаслигининг олдини олиш учун «Экспортни қўллаб-қувватлаш» жамғармаси ташкил этилиб, экспорт учун 1 миллион долларгача молиялаштириш механизмлари йўлга қўйилди.

— Юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлар рўйхати шакллантирилиб, уларда сертификат берилган асбоб-ускуна ва хомашёларга Ўзбекистонда миллий сертификат олиш амалиёти бекор қилинади.

— Яқин бир ой муддатда хомашё ва яримтайёр маҳсулотлар учун импорт божи ставкаларини пасайтириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади.

— Хусусий тадбиркорларга темир йўл вагонларини олиб келишга берилган имтиёзлар 2025 йил 1 январгача узайтирилади.

— Келгуси йил 1 январдан, субсидияларни ажратиш бўйича мурожаатлар “ягона дарча” тамойили асосида қабул қилинади, жараёнда иштирок этадиган давлат идоралари сони 2-3 бараварга қисқартирилади.

— Келгуси йилдан бошлаб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун барча рухсат этувчи ҳужжатлар, «онлайн» тарзда расмийлаштирилади. Жорий йил якунига қадар лицензия ёки рухсатномалар сони, яна камида 30 фоизга қисқартирилади.

— 1 ноябрдан барча техник талабларга тўла жавоб берадиган, замонавий индукцион печлардан фойдаланишга қўйилган чекловлар бекор қилинади.

— Бугунги кунда маҳаллий ҳокимликлар бино ва иншоотларнинг бузилиши бўйича 349 нафар тадбиркордан 123 миллиард сўм қарздор. Президент 1 сентябрга қадар тадбиркорлар билан барча ҳисоб-китобларни якунлаш ва бир сўм ҳам қарздорлик қолмаслиги юзасидан вилоят ҳокимларини огоҳлантирди.

Улашинг: