«Адолатли меҳнат қилса, марҳамат, бой бўлсин» — Президент ўтмишда тадбиркорларга қилинган босимлар ва «маска шоу»ларни эслади
Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқот чоғида ўтмишда бадавлат тадбиркорларга нисбатан «Маска шоу»лар уюштирилгани, энди бундай бўлмаслиги, тадбиркорлар ҳисоб рақамида қанча маблағ бўлса бемалол ишлатиши мумкинлиги, ҳалол меҳнат билан бойлик орттирган тадбиркорларнинг фаолиятига ҳеч қандай қаршиликлар бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.
«Олдин бир миллион доллари бўлган тадбиркорни «маска шоу» қилиб чақирарди бир жойга… Кеча Ҳошимов ҳам шу тўғрисида айтди, лекин очиқча айта олмади.
Чақириб «сен бу пулни қаердан олдинг» дейиларди. Кейин у пул сандиққа тиқиларди ёки бировга олиб бориб бериларди.
Менинг ниятим — ҳар бир тадбиркорнинг 10 миллион, 20 миллион, 100 миллион пули бўлсин… очиқ ҳалол меҳнат қилиб, элга баралла кўрсатиб, халққа хизмат қилиб, бағрикенг тадбиркор бўлиш учун барча имкониятлар очиқ.
Биров бу пулни қаердан олдинг деб текширмайди, адолатли меҳнат қилса, марҳамат бой бўлсин.
Биринчи марта бу лавозимга келганимда, халқим президентлик ваколатини берганида, битта гапни айтардим: Халқ бой бўлмаса, давлат ҳеч қачон бой бўлмаган ва бўлмайди ҳам», деди президент.
Тошкент шаҳридаги студиялардан биридан Форумлар саройи билан боғланган тадбиркор, Dekos компанияси раҳбари, MFaktor лойиҳаси муаллифи Ҳасан Мамасаидов президентга мамлакат бўйлаб бизнес-инкубаторларини ривожлантириш ҳақида таклиф билдирди.
Шавкат Мирзиёев ушбу таклифни қўллаб-қувватлаб, бизнес-инкубаторлар учун молиявий кўмак бериш, ҳудудлардан бинолар ажратиб, ижара учун тўловлардан воз кечиш каби кўмак кўрсатиш ҳақида масъулларга топшириқ берди
«Мен кеча укангиз Ҳусаннинг фикрларини ҳам эшитдим. «Қўйлар олдига бўрилар келгани» ҳақида гапирди. Мен буни яхши тушундим. Қўрқманглар, «бўрилар» тарихда қолди, энди келмайди. Сизларнинг тадбиркорлик соҳасида кўникмаларингиздан фойдаланиш керак.
Қанча маблағ керак бўлса, 10 млн.ми, 20 млн.ми, ажратиб берайлик. Ўзингизга қулай институтдан бепул жой ҳам очиб берамиз. Сизлар «Бизнес инкубатор» яратинглар, ёшларимизни тадбиркорликка бепул ўқитайлик», деди давлат раҳбари.