Гренландия тоғларида 70 йил ичида илк бор қор ўрнига ёмғир ёғди
14 августда Гренландия тоғларида 1950 йилдан бери олиб борилаётган кузатувлар тарихи давомида илк бор қор ўрнига ёмғир ёғди.
CNN телеканалининг хабар беришича, оролда ҳарорат ўтган дам олиш кунлари охирги 10 йил ичида учинчи марта 0 даражадан ошди. Илиқ ҳаво кучли ёмғирга олиб келди. Бунинг натижасида тоғлардаги музликларга 7 млрд тонна сув тушган ва уларнинг рекорд даражада эришига олиб келган.
АҚШнинг қор ва яхвонликлар ҳақидаги маълумотларни қайта ишлаш миллий марказида таъкидланишича, бу 1950 йилдан бери оролда кузатилган энг кучли ёмғир ҳисобланади. Марказ бош илмий ходими Тед Скамбоснинг айтишича, ушбу ҳодиса Гренландия тез қизиётганидан дарак беради.
“Юз бераётган ҳодисалар ўзгараётган иқлим шароитида шунчаки илиқ ўн йиллик эмас. Бу мисли кўрилмаган ҳолатдир”, деб таъкидлаб ўтган Скамбос.
Таъкидланишича, Гренландияда охирги ўн йилликда юз бераётган об-ҳаво ҳодисаларини нормал деб айтиб бўлмайди.
Аввалроқ Гренландия музликларининг 1992 йилдан 2018 йилгача эриши тезлиги 7 марта ошгани маълум қилинганди. Шу сабабли XXI аср охирига келиб оролдаги эриган музликлар дунё океани сатҳининг 7 сантиметрга кўтарилишига олиб келиши мумкин.