ОҒРИҚЛИ НУҚТА
Таътил тугаб, янги ўқув йили бошланди. Мактаб қўнғироғини устозлар ҳам, ўқувчилар ҳам анча соғиниб қолгани рост. Афсуски, ҳамма ўқувчи ёки устозлар ҳам мактабнинг қадрига етади, дея олмаймиз. Боиси, ўтган ўқув йили давомида интернетни «титратган», «тик ток» сингари ижтимоий тармоқлар «бренди»га айланиб, энг кўп «лайк» олган видеолар айнан мактаб ҳаёти билан боғлиқ нохуш ҳолатлар эканини кўрдик.
Биргина ўқувчининг устози жаҳлини чиқариб, турли қилиқлар қилиши, беҳурмат қилгани етмагандек ўртоқлари билан буни видеога олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатганига нима дейсиз? «Ҳа, бизнинг келажагимиз шу ёшларми?», деб юборасан киши. Яна айрим лавҳаларда устозларнинг мактаб тугади, дея қувонч билан рақсга тушгани, бошқасида ўқувчиларнинг дарсда бемалол телефон ўйнаб ўтириши акс этган. Бу каби мисолларни узоқ давом эттириш мумкин. Бироқ бу муаммонинг ечимини кўрсатмайди.Аслида мактаб устоз билим беришга, ўқувчи учун эса илм олишга ошиқадиган муқаддас даргоҳдир.
Хўш, ана шу ерда педагоглар ва ўқувчилар учун умумий бўлган одоб-ахлоқ нормаси борми?
– Аслида ўқитувчилар ва ўқувчилар учун риоя қилиниши керак бўлган этика талаблари борми, деган саволни ўртага ташлаш ўринли, – дейди Халқ таълими вазирлиги Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Акбар ТАГАЕВ.– Мазкур ҳолатларни тартибга солиш бўйича Халқ таълими вазирининг 2020 йил 28 майда қабул қилинган «Умумий ўрта таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи бор. Бу умумтаълим муассасалари ўқитувчи, ўқувчи ҳамда унга ташриф буюрувчилар ўртасида ўзаро дўстона муҳитни яратиш, таълим ва тарбиянинг уйғунлигини таъминлаш, одоб-ахлоқ ва мулоқот маданиятини ривожлантиришга хизмат қилади. Умумтаълим муассасасининг жамоаси томонидан мактабда ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилмаслик ҳолатлари бўйича тегишли интизомий чоралар кўрилиши белгиланган
Телефондаги аксимиз
Мактабнинг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига кўра, таълим муассасаси ҳудудида ҳар бир ўқувчи ўз уяли алоқа воситасини ўчириши, педагог ва техник ходимлар ҳамда ташриф буюрувчи бошқа шахслар ўз уяли алоқа воситалари чақи-рув овозини тўлиқ ўчириб қўйиши шарт. Бугун педагог ва ўқувчилар телефондан фойдаланишда мана шу меъёрий талабга қанчалик амал қилишмоқда? Афсуски, бунга ижобий жавоб бера олмаймиз. Тан олиш керакки, биргина уяли алоқа воситаси бугун мактабда кўплаб муаммолар, жанжалли ҳолатларни юзага келтирмоқда. Натижада, ўқувчилар ёки ўқитувчи ва устозлар орасидаги кичик низога ҳам ота-оналарнинг аралашуви кузатилмоқда.Масалан, жорий йилнинг май ойида Навоий вилояти Навбаҳор туманининг Пахтакор маҳалласида 33-умумий ўрта таълим мактабининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ўқувчилардан бирининг онаси томонидан калтакланган. Самарқанд вилоятида эса имтиҳонга кеч қолгани учун ўқувчига танбеҳ берган директор ўринбосари ўқувчи ва унинг қариндошлари томонидан калтакланган. Натижа-да ҳар иккала ҳолатда ҳам мактаб ходими тан жароҳати олган.Ўтган давр мобайнида устозларнинг тазйиққа учраши, ота-оналар томонидан калтакланиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Бу борада юқорида тилга олинган қоидаларнинг 9-бандида «Ота-оналарнинг таълим муассасасидаги дарс жараёнига аралашиши мумкин эмас, томонлар ўртасида юзага келадиган ҳар қандай баҳсли вазиятлар фақатгина мактаб раҳбарияти ҳамда мактаб психологи билан дарс жараёнига ҳалал бермаган ҳолда ҳал этилади», дея белгиланган. Бу бежиз эмас. Боиси унда айнан кичик келишмовчиликка катталарнинг аралашуви жиддий низоларга сабаб бўлиши мумкинлиги инобатга олинган. Бироқ бунга ҳамма ҳам амал қилаётгани йўқ.Илгарилари ота-боболаримиз фарзандини мактаб, мадрасага берганда устозга «эти сизники, суяги бизники» дейишган. Бугун биз жамиятда шафқатсизлик дея қараётган бундай қаттиққўллик, аслида болалар тарбияли бўлишини ҳам таъминлаганини унутмаслигимиз лозим. Бу билан болага тазйиқ қилиш тарафдори эмасмиз, бироқ озгина койигани учун устозни уриш, келиб жанжал кўтариш хато эмасми, дея мушоҳадага ундамоқчимиз, холос.
Зўравонлик оқибатлари
Бутун дунёда тинимсиз таҳқирлаш, қўрқитиш ва зўравонлик туфайли педагоглар орасида ўз касбини тарк этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ушбу тенденцияни ўрганиш мақсадида Ла Тробе университети тадқиқотчилари 2018 йилда Австралия бўйлаб 560 нафар ўқитувчи ўртасида бир ойлик ижтимоий сўровнома ўтказди. Иштирокчиларнинг 70 фоизидан кўпроғи 12 ой ичида талабалар, ўқувчилар томонидан безорилик ва таъқибга учраганини айтган. Оғзаки тажовуз (30%) безориликнинг энг кенг тарқалган шакли бўлиб, ундан кейин жисмоний зўравонлик (10%) ва шахсий мулкига зиён етказиш (12,5%) кабилар аниқланган. Аёл устозларга нисбатан безорилик ва таъқиб эркакларникига қараганда кўпроқ кузатилган. Бу асосан телефон қўнғироқлари ёки СМС хабарлари орқали безовта қилишда намоён бўлган. Ўқитувчиларнинг деярли 60 фоизи ота-оналар томонидан ҳам ўзларига нисбатан босим ўтказилганини айтган. Бунда ота-оналарнинг устозларни оғзаки камситиши (15,2%), бақириб, тўполон кўтариши (14,4%) ва фарзанди тарафини олиб жанжаллашиши (13,4%) сингари ҳолатлар учраган. Иштирокчиларнинг тахминан 83 фоизи касбини ўзгартириш истагида эканини билдирган.
Педагогларга қилинадиган безориликнинг ота-она ёки ўқувчи томонидан амалга оширилишининг энг катта сабаби–баҳо масаласи. Ўқув йили давомида ҳар қандай таълим муассасасида чорак ва сессиялар ёпилади. Ўқувчилар ва талабаларга олинган имтиҳон, чорак ва якуний назорат иши натижасига қараб баҳо қўйилади. Бироқ баъзан паст балл олган талаба ва ўқувчилар норозилиги, натижаларни ўзгартиришга уриниши ва бу самара бермагач жаҳл қилиши кузатилади. Мана шу ҳолатда баъзан ота-оналар ҳам фарзандининг билимига қўйилган баҳодан норози бўлишади. Боланинг билими бунга лойиқ ёки лойиқ эмаслиги қизиқтирмайди, камчиликлари тан олинмайди. Натижада оталик ва оналик ҳиссиётлари устун келади ва вазиятга ҳолис баҳо бериш ўрнини жиддий келишмовчиликлар эгаллайди.
Сиз нима дейсиз?
Бугун ўқувчи ва ўқитувчилар қандай одоб-ахлоқ нормаларига риоя этиши лозим? Ана шу ҳақда улар фикри билан танишдик.– Она тили фанидан ёши катта устоз дарсга киради, – дейди фарғоналик ўқувчи Муҳаммадиёр Эркинжонов.–Баъзида чарчаб қолиб, гапларини йўқотиб қўярди. Бундан фойдаланган айрим синфдошларим устознинг гапларини такрорлаб роса масха-ра қилишар, кулишарди. Бундан жаҳлим чиқарди, чунки бувим ҳам математика фани ўқитувчиси бўлиб ишлаганлар. Улар менга ёши катталарни ҳурмат қилиш кераклигини, мактабда телефон-дан фойдаланмасликни ҳар доим уқтирадилар. Баъзан танаффусда ўртоқларимнинг ҳар хил бемаъни кино ва ўйинларни ўйнаш билан вақтини беҳуда ўтказаётганини кўраман. Гарчи ўзим ҳам ич-ичимдан телефон ўйнагим келсада, келажакда билимли бўлиш учун бундан тийиламан. Яхшиси, дарс тайёрлайман. Қолаверса, бу мактаб қоидаларига зидлигини биламан.
– Ўқитувчи жамиятнинг маънавий қиёфасини чизиб берадиган шахс, шунинг учун у қайси дав-рада бўлмасин халқнинг эътиборида эканини унутмаслиги лозим, — дейди она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Дилоят Обидова. — У гўзал одоб-ахлоқи, чуқур билими, ширин муомаласи, очиқ ва самимий меҳр-муҳаббати билан ўқувчилар эътиборини қозониши керак. Ўқувчиларга ўз фарзандларингиз қатори меҳр берсангиз, чин дилдан дарсингизни ўтсангиз улар ҳам ҳурмат кўрсатади. Бугун уйдаги музлаткичимизга айни ёзнинг иссиқ кунларида қандай эҳтиёжимиз бўлса, телефонга ҳам эҳтиёж бундан кам эмас. Бу жараённи тараққиёт қулайлиги деб қараб, ундан ўринли фойдалана билмоғимиз шарт. Лекин айни дамда ёшлар, ўқувчилар телефонга боғланиб қолмоқда. Бу ҳам ўз йўлига, энг ачинарлиси, қандай ҳолат бўлмасин дарров видеога олиб интернетга жойлашмоқда. Интернетдаги айрим бетарбия лавҳалар ёшлар онгини заҳарламоқда. Аслида ҳаётдаги камчилик, ноўрин ҳолатларни видеога олиб интернет тармоғига жойлашса арзийди. Бироқ устозни беҳурматламоқ ва буни дунёга кўрсатмоқ нафақат ўзимизнинг шаънимизга, балки мамлакатимиз имижига ҳам путур етказади. Телефонни кўнгилочар дастур ёхуд ҳаётини мазмунига айлантириб олмаслик лозим.
Хулоса ўрнида
Қарийб икки йилдан буён давом этаётган пандемия сабабли шусиз ҳам таълим онлайн тизимга ўтди. Бу бир томондан инновациянинг жадал кириб келиши бўлса, бошқа томондан анъанавий таълимнинг афзалликларини ҳам яққол кўрсатди. Бироқ узоқ вақт бир синфда 45 дақиқалик дарсда ўтирмаган болаларнинг бунга яна мослашиши осон кечмайди. Қолаверса устозлар ҳам 30 болани бир синфда олиб ўтириш машаққати ва маҳоратини яна қайта эгаллаши талаб этилади. Мактаб–таълимнинг юраги. Шундай экан, маданият билан бориб, одоб билан ўқиб, ўқитиб, барча ўз зиммасидаги ишга масъулият билан ёндашсагина таълимда кўзлаган натижага эриша оламиз.
Ноилахон АҲАДОВА,
«Оила ва табиат» мухбири
ННТнинг «ОАВлари билан ҳамкорликда ёшларни юртга садоқат, маданий меросга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга, уларни оммавий маданиятнинг салбий иллатлари таъсиридан ҳимояга қилишга кўмаклашиш» мавзусидаги грант танлови учун «Оила ва табиат»дан олинди.