Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

“Маънавият фидойиси” кўкрак нишони топширилди

Маънавият, миллий анъана ва қадриятларсиз, маънавий-миллий руҳсиз ҳеч бир мамлакат ўзи кўзлаган натижага эриша олмайди. Буни чуқур англаган давлат борки, маънавият масаласига эътибор қаратади ҳамда унга жамиятнинг жон ва қон томири, деб қарайди.

Мамлакатимизда ҳам кейинги йилларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш борасида алоҳида тизим яратилди. Халқимиз онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, маънавий-мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, юксак ватанпарварлик, истиқлолга садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялаш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида жамиятда юксак ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришдаги самарали меҳнати ва ибратли фаолияти, ёшларни баркамол авлод қилиб тарбиялашдаги хизмати учун давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига топшириладиган “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонини таъсис этиш белгиланган.

Шу муносабат билан узоқ йиллардан буён маънавият-маърифат соҳасини ривожлантиришда ижодий иши, меҳнатсеварлиги ва ватанпарварлиги билан жамоатчиликнинг ҳурматига сазовор бўлган, кўплаб китоблар муаллифи, ёзувчи Қамчибек Кенжага эришган самарали натижалари учун “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони топширилди.  Кўкрак нишонини Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари Муроджон Ғофуров топширди.

– Бугун менга берилган “Маънавият фидоийси” кўкрак нишони, мен учун улкан масъулият,  халқимиз ва Президентимиз олдидаги бурчимни муносиб адо этиш учун куч-қувват беради, —дейди меҳнатлари улуғланган дилкаш инсон Қамчибек ака.-Бундан буён ҳам маънавият-маърифат соҳасини янада тараққий этказиш йўлида меҳнатимни аямайман.

Маълумот учун:

Қамчибек Кенжа 1946 йил 15 августда Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги Гуркуров кишлорида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. ТошДУнинг филология факултетини тугатган (1969). Дастлабки шеърий тўплами — «Соғинч» (1975). Ёзувчининг «Яшил барг» деган биринчи ҳикоялар тўплами эса 1977 йилда нашр этилган. «Кўнгил кўчалари» (1979), «Ишкинг тушса» (1981), «Орзумандлар» (1982), «Нотаниш гул» (1986), «Тоғ йўлида бир окшом» (1987), «Соҳилдаги сув париси» (1993), «Қизил гуллар» (1995), «Сохибжамол аёл сири» (1996), «Кулгибахш умр» (1997), «Бобурийлардан бири» (2000), «Бахт куши ёки ушалган орзулар» (2001), «Хамир учидан патир ёхуд кулча ҳикоялар» (2005), «Сайланма» (1-китоб, 2006) каби насрий ва шеърий асарлар муаллифи. Сафарномалар ёзган («Хинд сориға», «Буюклар изидан» ва бошқа).А. С. Пушкин, Х. Хейне, Ш. Петефи, В. Брюсов, М. Светлов каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Ҳозирда ҳам ижодий изланишда.

Абду НОСИР

Улашинг: