Оғир ҳудуд деб танлаб олинган 5 та маҳаллалардан бири Дарёбўйи маҳалла фуқаролар йиғинида қуриш-таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
Ушбу ҳудудда режалаштирилган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида тун-у кун фаолият олиб борувчи штаб ташкил этилган бўлиб, ушбу штаб вакиллари назорат-тафтиш ишларини ҳам олиб борадилар. Асадбек Ваҳобов раҳбарлик қилаётган штабнинг фаолиятига қаралса, ушбу маҳаллада жараёнлар кўнгилдагидек ташкил этилганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Туман сектор раҳбарлари эса ободлик учун барча керакли шарт-шароитларни яратиб бермоқда.
Бизнинг ўзбек аёллари ҳар бир ишдан унум ва барака, ризқ-насиба ҳамда яхшилик излайдилар. Улар йўқдан бор қилади, ҳаттоки кичик бўлсада ўз меҳнатлари ила барчага ўрнак бўла оладилар.
Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан оғир ҳудуд сифатида танлаб олиниб, кенг кўламли жараёнга бош бўлаётган Дарёбўйи маҳалласидаги аёллар ҳам юқорида айтилган таърифга лойиқдир. Чунки, фуқароларнинг меҳнати оғир ва машаққатли бўлади деб, кун бўйи маҳалладан ўтган-кетганга иссиқ чавати ва ҳолвайтар каби миллий таом улашиб, ҳайратимизга сазовор бўлмоқдалар.
Ҳожи она ва опаларимиз биргина ўша маҳалланинг 3 дан зиёд ерларида шундай ташаббус кўрсатиб, кўпчиликнинг дуоларини олмоқдалар. Ушбу маҳаллага борсангиз, фуқароларнинг ҳаммаси бир ёқадан бош чиқариб, ўз маҳалласининг обод бўлишига ҳисса қўшаётганини кўрасиз.