Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ҒАЗАЛ МУЛКИНИНГ СУЛТОНИ

Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони
давлат арбоби Алишер Навоий (1441-1501) таваллуд кунига 581 йил тўлмоқда

Буюк ўзбек шоири, ғазал мулкининг султони, мутафаккир, давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер Навоий 1441 йилнинг 9 февралида Ҳиротда туғилди. У темурийзодалар, хусусан бўлажак подшоҳ Ҳусайн Бойқаро билан бирга тарбия тарбияланган. 4 ёшида мактабга бориб, тез савод чиқариб, туркий ва форсий тилдаги шеърларни ўқиб, ёд ола бошлаган. Мамлакат подшоҳи Шоҳрух вафот этгач, тахтга даъвогарлар орасида ўзаро кураш халқ тинчини бузди. Ш(у воқеалар боис Навоийлар оиласи Ироққа кўчади. Таф шаҳрида Алишер машҳур «Зафарнома» тарихий асари муаллифи, шоир Шарафиддин Али Яздий билан учрашуви бўлажак сўз мулк4ининг султонида ёрқин из қолдиради. Ғиёсиддин Баҳодир оиласи Ҳиротга, қарийб икки йил муддат ўтгач, қайтади. Абулқосим Бобур Ғиёсиддин Баҳодирни Сабзавор шаҳрига ҳоким қилиб тайинлади. Алишер Навоий Ҳиротда қолиб ўқишни давом эттирди. У шеъриятга ғоят қизиқди, Шарқ адабиётини қунт билан ўрганди. Оила муҳити болалигидаёқ унда адабиётга зўр ҳавас туғдирган эди. Тоғалари Мирсаид — Кобулий, Муҳаммад Али -Ғарибий етук шоирлар бўлиб, Навоийлар уйида тез-тез тўпланишиб, мушоира қилишар, адабиёт ва санъат ҳақида суҳбатлашар эдилар. Бу муҳит Алишернинг 10-12 ёшларидан шеър ёза бошлашига қулай шароит яратган эди. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:

Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш

матлаъли ғазалини тинглаб: «Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим…» деган эди.

Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилиб, шеърларини туркийда Навоий, форсийда Фоний тахаллуслари билан ёза бошлаган. 13-14 ёшларида отаси ҳаётдан кўз юмади ва уни Абулқосим Бобур ўз тарбиясига олади, катта бадиий истеъдоди учун ғоят эъзозлайди. 1457 йилнинг баҳорида тўсатдан Абулқосим Бобур ҳам вафот этди. Хуросонни Мовароуннаҳр ҳукмдори  Султон Абу Саид эгаллайди ва пойтахтни Самарқанддан Ҳиротга кўчиради. Ҳусайн Бойқаронинг тахтни эгаллаш йўлидаги биринчи рақиби — Абу Саид мамлакатда таниқли шоир бўлиб қолган Навоийни  Ҳиротдан чиқариб юборади. 1469 йил бошларида Султон Абу Саид Қорабоғда ўз аскарлари томонидан ўлдирилгач, Ҳусайн Бойқаро зудлик билан келиб, Ҳирот тахтини эгаллайди. Алишер Навоий ҳам Ҳиротга келади.  Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаронинг энг хавфли сиёсий рақиби — Ёдгор Муҳаммад Мирзони тунда қўлга олишда шахсий жасорат кўрсатади. Янги ҳукуматнинг ортиқча солиқларидан норози бўлиб, қўзғолон кўтарган халқ оммасини тинчитишда адолат ва мардонаворлик билан иш тутади. Ҳусайн Бойқаро 1472 йилнинг феврал ойида уни ўз саройининг бош вазири қилиб тайинлайди ва унга «Амири кабир» унвонини беради. Алишер Навоий янги лавозимда аввало бутун кучини мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатишга қаратди. Вақф ишларини тартибга солишга киришди. Шаҳарларда савдо-сотиқ, ҳунармандчиликни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Алишер Навоий саъйи ҳаракати билан қишлоқларда деҳқончилик маданияти ўсиб боради. Шаҳарлар, хусусан Ҳирот кун сайин обод бўла бошлайди.
1470 йилларнинг охирларида Алишер Навоий ўзининг ўзбек тилида ёзган шеърларидан иборат илк девони — «Бадоеъ ул-бидоя»  («Бадиийлик ибтидоси»)ни тузди.

Шуни қувонч билан айтиш жоизки, Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижоди фақат ўзбек адабиётидагина эмас, балки жаҳон адабиётида ҳам салмоқли ўринга эга. Навоий лирик, эпик ва фалсафий асарлари билан XV аср адабиётида чуқур из қолдирди. Улуғ шоирнинг асарлари ҳаётлик давридаёқ Хитойдан тортиб Кичик Осиёгача етиб борди ва ҳозирда бутун дунё халқлари ҳам севиб ўқишмоқда.
«Хамса» достони Навоий ижодининг дурдонаси саналади. Ўзбек тилида «Хамса» -беш достон яратиш мақсади ёшлигидан бўлган. Бу мақсадини 1483-85 йилларда амалга оширди. Асар ўзбек адабиёти шуҳратини оламга ёйиб, жаҳон адабиётининг дурдоналаридан бирига айланди. Яна унинг «Тарихи мулуки Ажам», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Рисолаи муаммо», «Мажолис ун- нафоис», «Муншаот», «Мезон ул-авзон», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», «Насоим ул-муҳаббат»,  «Девони Фоний», «Лисон ут-тайр», «Муҳокамат ул-луғатайн», «Маҳбуб ул-қулуб», «Назм ул-жавоҳир», «Тарихи анбиё ва ҳукамо», «Сирож ул-муслимин», «Арбаин» каби бебаҳо асарлари мавжуд.
Навоий ижодига назар ташласак,  шеъриятнинг 16 хил жанрида ижод қилганлигини билиб оламиз: ғазал, рубоий, туюқ,  фард, қитъа, мухаммас, мусаддас,  мўсаллам ва ҳоказо. Бу каби жанрларда ҳеч бир шоир Навоийдек ижод қилганлигини учратолмайсиз. Улуғ бобомиз шеър ёзишда фақатгина ўзбек тили имкониятлари билан чегараланиб қолмаган, бошқа тиллардан ҳам унумли фойдаланган. Ўткир Ҳошимов бу борада шундай деган: «Олимлар ҳисоблаб чиқишган. Пушкин ўз асарларида 21197 та бетакрор сўз ишлатган, Шекспир салкам 20 мингта, Сервантес мингтага яқин. Алишер Навоий эса 1 миллион 378 минг 660 та бетакрор сўз ишлатган. Боиси, буюк бобомиз фақат туркий эмас, форсий, арабий, урду, хитой, мўғул ва бошқа тиллардаги сўзлардан ҳам маҳорат билан фойдаланган».
Навоий нафақат шоир, таржимон, тилшунос олим, балки давлат арбоби сифатида ҳам  тарихда катта из қолдирган. Ана шунинг учун ҳам унинг кўп рубоийлари,  достонлари халқни қай йўсинда бахтли-саодатли қилмоқ мумкин, саволига жавоб тариқасида ёзилгандир. Алишер Навоий дунёни тушуниб ўтди. Шу боис, алғов-далғов замонларда ботинин хотиржам яшади. Зотан, Нозим Ҳикмат таъбири билан айтганда: «тушунмак — буюк хотиржамлик»,- деганидир.
Навоий яшаган даврдан буён беш асрдан асрдан кўпроқ вақт ўтди. Мовароуннаҳр тупроғи не-не босқинларга, тожу тахт учун қонли курашларга саҳна бўлди. Аммо шоир ижодининг қиммати асло пасаймади. Ҳар авлод ундан ўзи учун нимадир топди. Навоий асарлари халқимиз учун маънавий қувват ва юксалиш манбаи бўлди.

Навоий ижоди ўзининг ҳақиқий    қадр-қимматини мустақил Ўзбекистонда топди, дея оламиз. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 1991 йил Алишер Навоий йили деб аталган эди. Мамлакатимиз бу улуғ зот номи билан мустақиллик даврига қадам қўйди. Бунда ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, Навоий ўзининг ҳаёти ва фаолиятини юрт мустақиллиги ва тинчлиги, ўзбек тилининг нашъу намоси учун бахшида этган эди.

Бугун Алишер Навоий ҳақли суратда жаҳон маданиятининг мумтоз вакиллари сафидан ўрин олди. Унинг асарлари жаҳондаги юзлаб тилларга таржима қилинди. Дунё аҳли унинг мероси билан қизиқмоқда, асарларида тараннум этилган олижаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадаларидан завқ олмоқда. Шоир ҳайкаллари Япониянинг Сока университети ҳовлисида, Москва ва Боку шаҳарларида қад кўтарди.
Барча даҳо санъаткорлар сингари Алишер Навоий ҳам ўзининг номи ва яратган асарлари  оша яшаб қолишига ишонган эди. «Умидим улдурки ва ҳаёлимга андоқ келурки, сўзим мартабаси авждан қуйи энмагай ва ёзган асарларимнинг тантанаси аъло даражадан ўзга ерни ёқтирмагай», деб ёзган эди улуғ шоир. Бу башоратомуз сўзлар ижобат бўлди. Эндиликда шоир сўзлари дунё бўйлаб ўзининг юксак парвозини давом эттирмоқда.

Мазкур мақола Ўзбекистон Республикаси Олий   «ОАВ билан ҳамкорликда ёшларни юртга садоқат, миллий ва умуминсоний руҳда тарбиялашга, уларни оммавий маданиятни салбий иллатлари таъсиридан ҳимоя қилишга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида тайёрланди.

 

Улашинг: