Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

1 апрелдан айрим турдаги нафақа турлари оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Пенсия жамғармаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида соҳага оид маълумотлар тақдим этилди.

Қайд этилишича, жорий йил 1 апрелдан ногирон бўлиб қолган муддатидан қатъий назар имконияти чекланган шахсларга бир хил миқдорда нафақа тайинланади. 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи она-оталарга минимал истеъмол харажатлардан кам бўлмаган миқдорда янги нафақа жорий этилади.

Шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда  440 минг сўмдан 622 минг сўмгача оширилади.  Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида нафақа тўлови (парваришлаш нафақаси) жорий этилади.

Парваришлаш нафақаси Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига мурожаат асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.

2022 йил 1 апрелдан ўзгалар парваришига муҳтож болалар тўғрисидаги, 2022 йил 1 октябрдан ўзгалар парваришига муҳтож болаларнинг қонуний вакиллари тўғрисидаги маълумотлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига электрон тақдим этиб борилади ҳамда октябрдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақалар ҳамда парваришлаш нафақаси фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда “проактив шакл”да тайинланади.

Ҳозирга қадар 5 турдаги имтиёзли тоифага эга салкам 70 минг фуқарога уй-жой коммунал хизматлари харажатларини қисман қоплаш учун компенсация пуллари тўлаб келинган. Жорий йил 1 мартдан эътиборан яна 30 минг нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз нафақа олувчига ҳам 130 минг сўм миқдорида компенсация тўлови жорий қилинади. Шунингдек, 100 ёшга тўлган ва ундан ошган пенсионерларга ҳар ой 289 минг сўм миқдорида қўшимча тўлов амалга оширилади.

2022 йил учун давлат бюджети лойиҳасига кўра, иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақалар миқдорларини ва айрим хизмат турлари бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатларга 11,7 триллион сўм йўналтирилиши режалаштирилган.

– Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчасидан мақсад битта – аҳолини турмуш даражасини яхшилаш, – дейди Пенсия жамғармаси  ижро этувчи директори Абдулазиз Ҳайдаров. – Жумладан, сўнгги икки йилда пенсия ва нафақа миқдорларини сезиларли даражада мунтазам равишда ошириб борилди.

Жорий йилдан ишламайдиган ва пенсия олмайдиган Афғонистондаги урушда ўз байналмилал бурчларини бажарганларга уй-жой коммунал тўловлари учун компенсация тўлови жорий этилади.  Ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда – пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи миқдорида қўшимча тўлов тўлаб берилади.

2022 йил 1 июлдан бошлаб пенсияларни биргина паспорт асосида тайинлаш тизими  ишга туширилади. Эндиликда жорий йил 1 октябрдан бошлаб болаликдан ногиронлиги бўлган болаларга нафақаларни ариза талаб этилмаган ҳолда «проактив» тарзда тайинлаш хизмати амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, парваришга муҳтож ёлғиз пенсионерлар ва 100 ёшдан ошган фуқароларга компенсация тўлови учун бюджетдан 36,4 миллиард  сўм ажратилиши режалаштирилган.

 

 

Улашинг: