Олинган маълумотларга кўра туманимизда 19160 нафар мактабгача таълим муассасасига тортилиши зарур бўлган келажагимиз ворислари бор. Туманимиздаги мавжуд 46 та МТМларда эса 8547 нафар (42 %) эртанги кунимиз эгалари тарбияланмоқда, холос.
Бугунги кунда уларнинг сафида яна қўшимча уч юз нафардан ортиқроқ туманимиз меҳнаткашларининг фарзандлари бўлиши мумкин эди. Бироқ ана шундай имкониятлар бўла туриб, бу қўлдан бой берилмоқда. Нега, дейсизми?
Шундоқ Пойтуғ шаҳри биқинида замонавий усулда барча шарт-шароитлар муҳайё қилиниб қурилган, 140 ўринли мактабгача таълим муассасасининг фаолияти 2011 йилда тўхтатилди. Маълумки, қайси бинода инсон нафаси бўлмаса, у қанчалик мустаҳкам бўлмасин, ўз-ўзидан нурай бошлайди. Сувоқлари тушиб, атрофлари кўримсизликка юз тутади. Бу 32-МТМ биноси пешонасига ҳам ана шундай кўргилик ёзилган экан. Ўтган йиллар ичида аста-секинлик билан емирила бошлади. Атрофлари қаровсизликдан, мевага кириб қолган турли дарахтлар шўх болаларнинг қилмишларидан қақшаб, қуруқшаб ётибди. Бунинг устига ташмачилик ортиб тушди. Бир вақтлар болаларнинг шодон кулгуси янграган бинонинг эгаси йўқдай бўлиб қолди. Бу албатта айрим калтаўй, текин деса ўзини томдан ташлайдиганларга қўл келди. Бино деразалари ойналари ва бошқа қўлга кирарли нарсалари олиб кетилди, синдирилди. Бундай ҳолатга мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳам, маҳалла фуқаролар йиғини раҳбари ҳам, маҳалла фаоллари ҳам ўта бепарволик билан қарадилар. Ташмачиликнинг олдини олишга ҳаракат қилинмади.
Салкам 50 сотих ерда бирор нарса етиштиришни ҳеч ким хаёлига келтирмади. Бор имконият кўкка совурилди. Агарда ана шу фаолиятсизликка йўл қўйилмаганда ўтган давр мобайнида боринг 140 нафар эмас, балки 100 нафардан келажагимиз ворислари таълим муассасасига жалб қилинганда бугунгача 800 нафардан ортиқ болалар бу даргоҳ остонасидан ўтган бўлармиди? Халқ пулига, улар топган даромадларининг маълум қисми, меҳнати эвазига бунёд этилган муҳташам муассаса бутунлигича сақлаб қолинган бўлармиди? Бу ердаги жиҳозлар талон-тарожликдан сақланган бўлардими?
Шодлик МФЙ ҳудудида мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг 237 нафардан ортиб кетганлиги ота- оналарни ўйлантириб қўйган бўлса ажаб эмас. Сабабки, Беклар тўпи кўчасида яшовчи Иқбола Болтабоева мазкур мактабгача таълим муассасасини таъмирлаб ишга тушириш юзасидан даставвал мактабгача таълим бўлимига, сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига мурожаат қилди. Бу мурожаат жавобларнинг айланишига сабаб бўлди.
Ҳўш, ана шу мурожаат ҳам қилинмаслиги мумкинмиди? Ҳа, агар мутасаддилар астойдил ҳаракат қилганларида туманимиздан юқорига битта мурожаат кам тушиши мумкин эди. Зеро ўтган йилнинг 4 декабридаги туман мактабгача таълим бўлимининг хати юзасидан туман ишчи гуруҳининг 11 декабрдаги хулосасини инобатга олиб, туман ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги «2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қарор қабул қилди. 32-МТМ филиали (собиқ 10-МТМ) алоҳида давлат мактабгача таълим муассасаси сифатида 33-сон номи билан МТМ ташкил этиш ва юридик мақоми бериш, давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат реестр базасига киритишни таъминлаш, 2019 йил харажатлар сметаси, штатлар жадвалини қайта кўриб чиқиш ва бошқа ташкилий масалаларни амалга оширишни таъминлаш тегишли ташкилотларга кўрсатиб ўтилди.
Афсус, бугунги кунда ҳам бу бино болаларни қабул қилишдан бенасиб. Унинг аҳволига қараганлар эса афсусланмасдан иложлари йўқ. Қаровсизликдан қартайиб бораётган бу бинонинг аҳволи не кечар экан? Бинонинг (суратда) ана шундай ҳолатга тушиб қолишига сабабчи бўлганларчи? Чувама қишлоғида ҳозирда фаолият кўрсатмаётган яна бир МТМ ҳам борки, аҳвол шундай давом этса унинг ҳоли ҳам 33 -МТМникидан қолишмай қолади. Бундан кимга фойда, кимга зарар?!
М. Мирзаабдуллаев,
Й. Исоқжонов.
М. Рустамов олган сурат.