Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Yй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби  

 

Субсидия — ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва (ёки) кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисобварағига ўтказилган маблағлар.

Ариза берувчи — бирламчи уй-жой бозорида квартирани сотиб олиш ёки якка тартибда уй-жой қуриш (реконструкция қилиш) мақсадида ипотека кредити олиш учун банкка ариза тақдим этган фуқаро.

Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

Қарз олувчилар қуйидаги мувофиқлик мезонларига мос бўлиши лозим:

— ипотека кредити олиш учун мурожаат қилган кунида 18 ёшга тўлган ва
60 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши;

— доимий иш жойига, шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалигидан ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан доимий даромадга, шунингдек, ипотека кредити бўйича ҳисобланган фоизларни ва асосий қарзни тўлов жадвалига мувофиқ ҳар ойда тўлаш учун етарли бўлган қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа даромад манбаига эга бўлиши;

— қарз юки кўрсаткичи (ипотека кредити бўйича фоиз харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия бериш назарда тутилган ҳолларда мазкур субсидияни ҳисобга олган ҳолда) 70 фоиздан юқори бўлмаслиги;

— ипотека кредити олиш учун бирламчи уй-жой бозорида сотиб олинадиган квартира қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда (шу жумладан, бошланғич бадалнинг бир қисми учун субсидия тўланадиган шахслар бўйича субсидия суммасини инобатга олган ҳолда) бошланғич бадални шакллантириш имкониятига эга бўлиши;

— якка тартибдаги уй-жой қуриш (реконструкция қилиш) ишлари қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бошланғич бадални шакллантириш имкониятига эга бўлиши;

— сотиб олинадиган квартира ёки қуриладиган (реконструкция қилинадиган) якка тартибдаги уй-жойнинг қиймати ушбу банд билан белгиланган бошланғич бадал ва ушбу Низомнинг 28-бандида белгиланган ипотека кредитининг энг кўп миқдори суммасидан ошиб кетган тақдирда, қийматнинг қолган қисмини шакллантириш (тўлаш) имкониятига эга бўлиши;

— ипотека кредитини ажратишни кўриб чиқиш вақтида кредит ташкилотларидан аввал олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги;

— якка тартибдаги уй-жой қуриш (реконструкция қилиш) учун ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқига ва белгиланган тартибда келишилган лойиҳа-смета ҳужжатларига эга бўлиши.

Банк қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи)нинг ўртача ойлик даромадини аниқлашда қуйида келтирилган тасдиқловчи ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга:

— иш берувчи томонидан тасдиқланган иш ҳақи тўғрисидаги маълумот;

— пенсия тўловлари миқдори тўғрисидаги маълумот;

— жамғариб бориладиган пенсия бадаллари тўғрисидаги маълумот;

— фоизлар, дивидендлар, мол-мулкни ижарага беришдан олинган доимий тарздаги даромадларини тасдиқловчи маълумотлар;

— давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган жисмоний шахсларнинг даромадлари бўйича декларация;

— қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадларни тасдиқловчи маълумотлар.

Банк қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг ўртача ойлик даромадини аниқлашда кредит бюродан ёки бошқа расмий манбалардан мустақил равишда олинган, қарз олувчининг даромадларини аниқлаш имконини берувчи маълумотлардан фойдаланиши мумкин.

Давлат хизматлари марказидан субсидия бериш тўғрисида ижобий хабарномани олган талабгор хабарномада кўрсатилган сотиб олиниши мумкин бўлган уй-жойнинг юқори қийматидан ошмаган қийматли уй-жойни ипотека кредити орқали сотиб олиш бўйича қурилиш (пудрат) ташкилоти билан шартнома тузади.

— қишлоқ жойларда — биринчи беш йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун — 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига;

— шаҳарларда — бошланғич бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жойнинг ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида ва биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун — Тошкент шаҳрида 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.

2021 йил 10 декабрдан бошлаб бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш тартиби доирасида:

— даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга Давлат бюджетидан субсидиялар тўлашда квартира майдонининг энг кўп меъёрини белгилаш амалиёти бекор қилинади;

— Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ҳар йили бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори ва дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия миқдори тасдиқланади;

— субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани олган шахслар ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг уй-жой қийматининг камида 5 фоизига тенг бўлган қисмини ўз маблағлари ҳисобидан шакллантиради;

— сотиб олинадиган квартира жойлашуви, қиймати ва майдонидан қатъи назар, дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — биринчи беш йил давомида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади;

— дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сотиб олинаётган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда ҳам тўланади. Бунда, сотиб олинадиган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан дастлабки бадал суммасини ошириш орқали тўланади;

— фуқароларга ипотека кредитини олишда, биргаликда қарз олувчи сифатида улар билан бирга яшамаётган ва яқин қариндоши бўлмаган бошқа шахсларни ҳам жалб қилиш ҳуқуқи берилади;

— Молия вазирлигининг ресурслари тижорат банкларига тўғридан-тўғри ёки «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ орқали жойлаштирилади;

— тижорат банкларига қарз олувчи томонидан тўланган дастлабки бадал миқдори, унинг қарз юки кўрсаткичи, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, субсидиясиз ажратилган ипотека кредитлари бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади.

2021 йилда ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишнинг мақсадли параметрлари доирасида:

— субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани олиш бўйича аризалар 2021 йил 20 декабргача қабул қилинади ва 2021 йил 25 декабргача кўриб чиқилади;

— субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномалар улар берилган вақтдан бошлаб 12 ой давомида амал қилади;

— субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани олган шахсларга ипотека кредитлари ва субсидиялар 2021 йил 10 декабрга қадар амалда бўлган шартлар ва миқдорларда ажратилади;

— субсидиялар сотиб олинаётган квартиранинг майдони ва нархи 2021 йил учун ўрнатилган квартира майдонининг энг кўп меъёри ва уй-жойнинг ҳисобланган қийматидан ошган тақдирда ҳам тўланади. Бунда, сотиб олинадиган квартиранинг нархи уй-жойнинг ҳисобланган қийматидан ошиб кетган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади;

2022 йил учун ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишнинг мақсадли параметрлари доирасида аризалар 2021 йил 25 декабрдан бошлаб қабул қилинади.

Манба: ЎзР. Президентининг 09.12.2021 йилдаги ПФ-33-сонли “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони.

 X.Mo’minov,

Buloqboshi tuman Yuridik xizmat
ko’rsatish markazi boshlig’i,
2-darajali adliya
maslahatchisi

 

 

Улашинг: