Рўзимурод Тўхтасинов 7-умумтаълим мактабининг 3-синфида ўқийди. Ҳали 10 ёшга ҳам тўлмаган боланинг сўзлари, қилаётган ишлари барча каби бизни ҳам ҳайрон қолдирди.
У уйнинг айвонига ўзи сўкичак ясаб, ипак қуртларини парваришлаётганини кўрдик.
–Оиламизда ипак қурти боқилмаса-да бу “дангаса” ипак қуртларини ўзим мустақил равишда парваришлаяпман,–дейди Рўзимурод. –“Дангаса” десам ҳайрон бўлманг. Мен қўшниларимиз парваришлаётган ипак қуртларидан “дангаса”ларини саралаб парваришлаяпман. Пилла ўрамай қўйган ипак қуртлари ҳалок бўларди.
Бир ҳафта олдин кечга яқин шамол бўлган эди. Эрталаб кўчада ётган полапонларга кўзим тушди. Дарров қалин қоғоздан уя ясаб уларни ичкарига олиб кирдим. Мана кўриб турганингиздек полапонлар ва уларнинг онаси ҳам мендан чўчимай қўлимдан дон ея бошлашди,–мамнун жилмаяди Рўзимурод.
Рўзимурод айтганидай қушлар унинг қўлидан дон ейишар ҳамда у елкасидан бу елкасига учиб ўйнашарди.
Фарзандининг ишларидан унинг ота-онаси ҳамда бобоси ҳам беҳад хурсанд.
Бобоси Тўхтасин ака неварасининг 8 сотих томорқадаги 40 туп анор ва турли хил мевали дарахтлар, 3,5 минг туп помидор, бодрингларга эътибори ўзгача эканлигини қувонч билан айтиб берди.
М. РУСТАМОВ.
Суратда: Рўзимурод бобоси Тўхтасин ака билан.