Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Закот бериш — буюк ибодат

Закот—Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир. Закот луғатда “поклаш”, “ўсиш” деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса—”Муайян моллардан маълум қисмини Аллоҳ таоло белгилаб берган муайян тоифа кишиларга мулк қилиб бериш”дир. “Закот” сўзининг маъноларидан бевосита кўриниб турибдики, закоти берилган молга барака киради, кўпаяди, ўсади, зиёда бўлаверади. Закоти адо этилган молларни Аллоҳ таоло асрайди.

Қуръони Каримнинг ўттиз икки жойида закот беришга буйруқ бўлиб, шундан йигирма саккизтаси намоз билан бирга зикр қилинган. Шу эътибордан закотнинг мартабаси намознинг мартабаси билан тенгдир. Демак, мусулмон инсон намоз билан закотнинг орасини ажратмайди.
Рамазон ойи хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлгани учун ҳамда бу ойда бажариладиган барча амалларга ажрлар бир неча баробар кўпайтириб берилишидан умид қилиб мўмин-мусулмонлар закотларини айнан шу ойда беришга одатланишган.
Закот бой ва камбағални бир-бирига яқинлаштиради, бой киши ёрдам қилиш севинчи билан яшаса, камбағал эса ўз қалбида бойга нисбатан муҳаббат ва ҳурмат ҳиссини туяди ва хасислик ўртадан кўтарилади.
Закоти берилган мол ҳар қандай бало ва офатлардан сақланиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Молларингизни закот (бериш) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (бериш) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз” (имом Абу Довуд ривояти).
Закот зиммасига фарз бўлган кимса уни кечиктирмаслиги керак. Чунки, закот фақирларнинг ҳаққи бўлиб, уни бермасдан ўзида ушлаб туриш мумкин эмасдир. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳ алайҳ: “Закотни қасддан бермай кечиктириб юрган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди” деганлар.
Закот бериши вожиб бўлган киши ўз вақтида закотини чиқариб бермаса, моли ҳалокатга учраши ҳақида Оиша разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Қачон бир молга (фақирларнинг ҳаққи бўлмиш) закот аралашса, албатта, молнинг баракасини кетказади” (Имом Бухорий ривояти). Демак, закот бериш—қолган молнинг ўсишига, кўпайишига, энг муҳими—баракали бўлишига ва турли бало офатлардан сақланишига сабаб бўлади.
Закотга доир баъзи масалалар:
*Закот бериш ҳур, ақлирасо, балоғатга етган, насиб миқдорича маблағга эга, нисобга эга бўлганига бир йил тўлган мусулмон зиммасига фарз бўлади.
*Бойлиги шариат белгилаб қўйган маълум миқдорга, яъни нисобга етган мусулмон киши ҳижрий-қамарий бир йил ўтиши билан аслий ҳожатларидан ортиқча бойлигининг қирқдан бир қисмини, яъни 2,5 фоизини шаръан белгиланган жойларга бериши фарзи айндир.
*Закотнинг шарти иккитадир: биринчиси—закот олувчига закотни мулк қилиб бериш, яъни ўша берилаётган мол-мулк олувчининг моли бўлмагунча закот адо бўлмайди. Шунинг учун ҳам закотни кўприк, йўл, сув омбори каби кўпчилик фойдаланадиган нарсаларга сарфланмайди. Иккинчиси эса—закот миқдорини молидан ажратиш пайтида ёки фақирга беришда закот, деб ният қилишдир.
*Закотни нисоб миқдорича моли бўлган кишига, ота-онаси, бобо-момосига, ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериши мумкин эмас.
*”Фатовои ҳиндия” китобида “Закот ва фитрни беришда энг афзали аввало ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнг—уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнг—уларнинг фарзанд­лари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари, сўнг—юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдош­лар ҳақлидирлар.
*Баҳрур роиқ” китобида: “Қарзи бор кишига закот бериш фақирга закот беришдан кўра афзалдир”, дейилган.
*Закот фарз бўлган вақтда уни адо этмаган бўлса, неча йил ўтса ҳам закоти зиммасидан соқит бўлмайди.
*Закот пулига китоб чоп қилдириб, китоб олишга имкони бўлмаган ҳақдорларга тарқатса, закот адо бўлиб, илм тарқатишнинг савобига ҳам эга бўлинади.
Бу йилги закот миқдори 17 миллион сўмга қодир бўлса 425 минг сўм (қирқдан бири), фитр садақа ҳар бир жон бошига 6 минг сўм, фидя миқдори 15 минг сўм қилиб белгиланди.

С. ЮНУСОВ,
туман бош имом хатиби

Улашинг: