Ўзбекистон Республикасида нодавлат нотижорат ташкилотлари Конституция, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан фаолият юритади.
Қонунчиликка кўра, ННТ бинолар, иншоотлар, турар жойлар, ускуналар, инвентар, пул маблағлари, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулкка эга бўлиши мумкин.
Нодавлат нотижорат ташкилотининг мулки дахлсиздир ва қонун билан муҳофаза қилинади. Қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари ННТ мол-мулки национализация, реквизиция ва мусодара қилиниши мумкин эмас. Нодавлат нотижорат ташкилоти ўз мажбуриятлари юзасидан ундириш қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки билан жавоб беради.
Ўз навбатида, нодавлат нотижорат ташкилотининг мол-мулки қандай шакллантирилади, деган савол пайдо бўлади. ННТ мол-мулки кириш ва аъзолик бадаллари, муассислардан, қатнашчилардан (аъзолардан) бир маротаба ва мунтазам равишда келадиган тушумлар, ихтиёрий мулкий бадаллар ва эҳсонлар, тадбиркорлик фаолиятидан олинган, фақат устав мақсадлари учун ишлатиладиган даромадлар (фойда), қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлардан шаклланади.
ННТ қонун билан тақиқланмаган ҳамда ўзининг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган мақсадларга мувофиқ бўлган фаолиятнинг ҳар қандай турини амалга ошира олади. ННТ томонидан айрим фаолият турлари фақат лицензиялар асосидагина амалга оширилиши мумкин. Бундай фаолият турларининг рўйхати қонунчилик билан белгиланган.
Нодавлат нотижорат ташкилоти қонунчиликка мувофиқ ўз устав мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин. ННТнинг тадбиркорлик фаолиятидан олган фойдаси фақат ўз устави мақсад-вазифаларини амалга ошириш учун сарфланиши лозим.
Нодавлат нотижорат ташкилоти қонунчиликда белгиланган тартибда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар тўлайди. Айни пайтда, қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан фойдаланади.
Қ. Усманов,
Андижон вилоят адлия бошқармаси
катта маслаҳатчиси