Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Энг яхши тарбиячи

Муҳаббатхон Йўлдошева 8 йилдан буён туманимиздаги 4-мактабгача таълим муассасасида руҳшунос-тарбиячи вазифасида ишлаб келади. Муҳаббатхон 1987 йилда Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида туғилган. У 2005 йили Наманган педагогика касб-ҳунар коллежи қошидаги “Иқтидорли қизлар” лицей-интернатини битирди.

 

Сўнгра 2007 йилда Наманган давлат университетининг педагогика факультети педагогика-психология йўналиши бўйича ўқишга кирди. Олийгоҳда билим олиш билан бирга Намангандаги 26-сонли меҳрибонлик уйида руҳшунос бўлиб ишлай бошлади. Лўғумбек қишлоғига келин бўлиб тушди. Унинг турмуш ўртоғи Баҳромжон Рўзиматов туман давлат архивида бош мутахассис бўлиб ишлайди. Муҳаббатхон 2 нафар ўғилнинг онаси.

Йиллар давомида ўқиб ўрганиб, малака, тажрибасаини болажонлар тарбиясига бахш этиб келаётган педагог-психолог Муҳаббатхон Йўлдошева бир қатор кўрик-танловлар ғолиби. У 2016 йилда “Йил тарбиячиси” кўрик-танловининг туман босқичида иштирок этди ва ғолиб бўлди. Вилоят босқичида “Йилнинг доно тарбиячиси” номинацияси бўйича биринчи ўринни эгаллади. Шу йили А. Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида “Болалар диққатининг барқарорлигини шакллантириш” мавзусида курс иши олиб борди. Ҳамкасблари орасида юқори кўрсаткичга эга бўлган Муҳаббатхон институт томонидан сертификат ва “Фахрий ёрлиқ” билан тақдирланди.

Жорий 2019 йилда эса “Инновацион ва ахборот технологияларини тадбиқ этиш” бўйича “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” номинацияси бўйича ўтказилган кўрик-танловнинг туман босқичида ғолиб бўлди. Шундан сўнг вилоят босқичига йўл олиб, у ерда ҳам барча туманлардан келган ҳамкасблари орасида зукколигини намойиш этиб ғолибликни қўлга киритди.

Энди у кўрик-танловнинг рес­публика босқичида қатнашиш учун астойдил тайёргарлик кўрмоқда.

М. РУСТАМОВ

Улашинг: