“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳасининг 37-моддасида меҳнат қилиш ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари белгиланмоқда. Унга кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситилишларсиз ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи яшаши учун етарли бўлиши кераклиги, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши кўзда тутилган. Шунингдек, мазкур моддага мувофиқ, ҳар бир ишловчи аёл ҳомиладор бўлган тақдирда ва туғиш даврида ҳақ тўланадиган таътилга ҳамда янги туғилган чақалоқни парвариш қилиш учун таътилга ёки болани фарзандликка олиш учун таътилга чиқиш ҳуқуқига эга. Жазони суднинг ҳукмига кўра ўташ тартибидан бошқача тартибдаги мажбурий меҳнат ёки қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардаги мажбурий меҳнат тақиқланади. Мажбурий меҳнатдан ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш тақиқланади ҳамда бу қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг амалдаги таҳририда меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир. Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.
И.Умаров,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари
ижросини назорат қилиш бўлими бош маслаҳатчиси