Мамлакатимизда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида” Қонун
2018 йил 8 январда қабул қилинган. Расман эълон қилинганидан сўнг 12 ойдан кейин қонуний кучга кирган.
Ушбу қонуннинг асосий вазифалари маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборатдир.
Қонун давлат органларининг идоравий ички муносабатларини эмас, балки фақат манфаатдор шахс ва маъмурий органлар ўртасидаги маъмурий-ҳуқуқий муносабатларни маъмурий тартиб-таомил қоидалари асосида тартибга солади.
Маъмурий тартиб- таомилнинг ўзи нима?
Маъмурий тартиб-таомиллар — маъмурий органларнинг маъмурий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга солувчи процессуал қоидалар бўлиб, маъмурий органларнинг уларга хизмат юзасидан бўйсундирилмаган манфаатдор шахслар билан қонун нормаларига мувофиқ келиб чиқадиган муносабатларида давлат бошқаруви ваколатларини амалга ошириш орқали манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга соладиган процессуал қоидалардир.
Бунда маъмурий органлар дейилганда, маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар тушунилади.
Махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонун ҳужжатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштирмаслиги керак.
Ушбу Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади.
Қонун жисмоний ва юридик шахслар кундалик фаолиятида дуч келиши мумкин бўлган муҳим ҳужжатлардан биридир. Шунинг учун Қонундаги асосий принциплари тўғрисида батафсил тўхталиб ўтиш лозим. Қонунда маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий 13 та принциплари белгилаб берилган:
Булар:
қонунийлик;
мутаносиблик;
ишончлилик;
тингланиш имкониятининг мавжудлиги;
маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги;
манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги;
бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги;
мазмунан қамраб олиш;
маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши;
тенг ҳуқуқлилик;
ишончнинг ҳимоя қилиниши;
маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги;
текшириш.
Ушбу қонун бевосита жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган экан, ҳар бир марказ ходими унинг мазмуни ва моҳиятини тўлиқ англаб етиши лозим.
Тўйчиев Улуғбек,
Балиқчи туман давлат хизматлари маркази директори.