Кўпчиликнинг куни янгиликлар билан бошланади. Электрон ахборот тизимига кириб янгиликлар билан танишиш одатга айланди. Ҳатто йиғилишларда ҳам телефон кузатаётганларни кўрасиз.
Зеро бугун янгиланиш даврида яшаяпмиз. Ўзимизга керакли ахборотни истаймиз. Ахборотни кимдир телевидение, кимдир ахборот сайтларидан, кимдир газеталардан олади.
Бугун босма ахборот воситаларига эътибор сусайгандек. Лекин уларнинг жамиятда ўзгача ўрни бор. Давр шиддати шу қадар тезки ҳаётда орқада қолмаслик, қабул қилинаётган фармон, қарорлар моҳиятини тўлақонли англаш учун газеталар керак.
Ҳудди эски қулоққа ҳар куни янги гап айтиляпти: “Пахтакор” ҳам ана шу жараён ичида.
Зокиржон Юнусов фахрий журналист:
-Бу йил газетамиз 90, мен 75 ёшни қарши олдик. Бутун умрим газетада ўтди. Ҳаётимдан, фарзандларим, набираларим бахтидан мамнунман. Журналист жамият санитари. Улар танқидий-таҳлилий мақолалари билан эл эътиборини қозонаверсин.
Муҳаммадюсуф ЙЎЛДОШЕВ, 9-мактаб 10-синф ўқувчиси:
—Мен журналистикага жуда қизиқаман. “Пахтакор”, “Андижоннома” ёш журналистлар маҳорат мактабида фаол қатнашяпман. Мактабни келгуси йили битираман. Унгача бу касб сир-асрорларини устозлардан ўрганяпман. Албатта журналист бўлиш ниятим.
Журналист ҳақгўй, иқтисодий бой бўлмасада маънан бой инсон. Айниқса бугунги кунда жамият тараққиётида уларнинг ўрни беқиёс. Қалами, самимий фикр мулоҳазалари билан эл ичида. Улар халқидан олганини халқига илинади.
Байрамингиз билан, азиз ҳамкасблар!
А. ДАМИНОВ.