Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллашмоқда

Мамлакатимизда пенсионерларни ижтимоий кўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, қариялар ва кекса ёшдагиларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ва соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлат пенсияларини тайинлашда 30 турдаги ҳужжат талаб этилар ҳамда уларни тақдим этишга масъул 14 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғоз шаклида иш юритишдан воз кечиш ва ҳужжатларни йиғиш жараёнини рақамлаштиришга тўсқинлик қилиб келар эди. Давлат пенсияларини ҳисоблаш учун зарур маълумотлар электрон базасини шакллантириш, ушбу жараённи соддалаштириш, фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш, пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, мазкур йўналишда соғлом рақобат муҳити ва замонавий стандартларни жорий этиш мақсадида 2021 йил 4 майда Президентимизнинг фуқароларга дпвлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан 2022 йил 1 январдан бошлаб Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси  томонидан молиялаштириладиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тўлаш ҳар уч йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилиши белгиланди. Бунда, тендер асосида танланган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот билан тузилган шартномага мувофиқ пенсия ва нафақаларни нақд пулда маҳалла фуқаролар йиғинларига, фуқароларнинг яшаш манзилларига етказиб бериш мажбурияти юклатилди.

Танловда иштирок этадиган тижорат банклари ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан пенсия ва нафақаларни маҳалла фуқаролар йиғини биноси ёки фуқаронинг яшаш манзилига етказиб бериш шартларидан келиб чиқиб, хизмат ҳақи пенсия ва нафақалар тўланадиган (етказиб бериладиган) сумманинг 1 фоизи миқдорида бўлиши мумкинлиги кўрсатилиб ўтилди. Бунда, пенсия ва нафақаларни етказиб бериш билан боғлиқ харажатлар Пенсия жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан тўлаб берилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Бунда, пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали «Ягона меҳнат миллий тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритиш хизмати жорий этилади.

Давлат пенсияларини тайинлаш ЯММТ ИДАКга киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади. Бунда, меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан ЯММТ ИДАКдан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинади.

Давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади.

Туманимизда пенсияларни тайинлашда, 30 мингдан ортиқ пенсия ва нафақа олувчиларга пенсия ва нафақаларни ўз вақтида етказиб берилишида Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз қарор ва фармонлари, юқори ташкилотларнинг меъёрий ҳужжатлари дастуриламал бўлмоқда. Сайёр қабулларда, ташкилот ва муассасаларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтаётган учрашувларда Президентимиз томонидан қабул қилинган қарор мазмун-моҳияти кенг тушунтирилиб борилмоқда. Фуқароларнинг саволларига тўлақонли жавоблар берилмоқда.

М. Нурдинов,

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Избоскан туман бўлими бошлиғи.

 

Мустақиллик байрами муносабати билан пенсия олдиндан юклаб берилади

30.08.2022 12:42   0  1028

Кекса ёшдаги фуқароларни, пенсия ва нафақа олувчиларни ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва Мустақиллик байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан жорий йилнинг сентябр ойи учун пенсия ва нафақа тўлов қайдномалари август ойида шакллантирилади ҳамда пенсия ва нафақа тўловларини бошлаш учун етарли маблағлар 2022 йил 1 сентябрга қадар тижорат банкларига молиялаштириб берилади.

Пенсия жамғармаси тарқатаётган маълумотга кўра, пенсия ва нафақа тўловларини нақд пулсиз (банк карта) шаклда олувчи фуқароларнинг жорий йил сентябр ойи учун пенсия ва нафақалари 2022 йил 1 сентябрга қадар уларнинг банк пластик карталарига юклаб берилади.

Пенсия ва нафақа тўловларини нақд шаклда олувчи фуқароларга жорий йилнинг 5 сентябрдан бошлаб тасдиқланган графиклар асосида тўловлар бошланиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2021 йил 20 декабрдаги Фармони билан Ўзбекистон давлат Мустақиллигининг 31 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида жорий йилнинг 1-4 сентябр кунлари дам олиш куни деб белгиланган.

 

 

 

 

Улашинг: