Ҳақдин менга назар бўлди,
Ҳақ эшигин очар бўлдим.
Кирдим Ҳақнинг ғазнасига
Дуру гавҳар сочар бўлдим.
Буюк аллома Аҳмад Яссавийнинг юқоридаги сатрларига кўзим тушиши билан кўз олдимда Ҳақ эшигини очганлардан бири, таъбир жоиз бўлса, адолат тарозибони деб атамоқчи бўлган киши Мирусмон ота Мирмўминов намоён бўлади.
У кишининг бутун умри шаҳар ва қишлоқларни обод ва кўркам қилиш, адолат ва ҳақиқат учун кураш билан ўтди. Шўролар даврида бундай адолатпеша кишиларни, тўғри сўзни мардона туриб “бошларини кунда”га қўйиб ишладилар, десам жоиз бўлар. Лаганбардорлар, таъмагирлар, хушомадгўйларнинг боши мистовоққа чиқди, адолат қуёшининг нури таралишига айримлар соябон бўлдилар.
Аммо, инсоф, диёнатни ҳаёти матлаби деб билган кишилар эътиқодидан чекинмадилар, ҳамиша ва ҳамма ерда дили билан тили бир бўлди. Мирусмон аканинг айрим ишларидан мисоллар келтираман. Булар денгиздан томчи бўлса-да, дунёқараши, кимлигини кўз олдингизда яққол гавдалантиради.
Назорат идоралари бир пайт хўжаликларда нақд пулга иш қилдириб, жуда кўп маблағларни совураётганларни аниқлади. Бу ишни тафтиш қилишга сафарбар этилган Мирусмон ака ҳалоллик, принципиаллик билан масалани ўрганиб чиқди. Лўғумбекдаги қурилишларда жуда кўплаб маблағ ортиқча олинганлиги аниқланди ва давлатга қайтарилди. Бир гуруҳ фирибгарлар келиб, иш қилиб, қилмай ўмариб кетган пуллар эгаларига қайтарилди. Бу ишга дахлдор раҳбарлар жазоланди. Бундан жуда кўп мансабдорларнинг кўзи очилди. “Хотамтой”ларнинг жазосиз қолмагани кўп раҳбарларни тўғри ишлашига туртки бўлди.
Мирусмон ака аҳолига нон маҳсулотлар етказиб беришдаги кўзбўямачиликлар, чорвачиликдаги талон-тарожларнинг пайини қирқишда ва халқ, давлат маблағи совурилишига йўл қўйилмаслигини таъминлаганди.
Яна бир воқеа эсимга тушади. Катта бир анжуманда туман раҳбарларидан бирининг ўз вазифасига нолойиқлигини дадил айтганди. Кейин ҳаёт Мирусмон аканинг ҳақлигини исботлади.
Мирусмон ака билан иш юзасидан деярли ҳар куни учрашиб турардим. У ҳамиша одамни тўғри йўлга бошларди, хатоси бўлса андаваламай дўстона бетига айтарди. У кўп йиллар туман матлубот жамияти раиси бўлиб ишлаган. Собиқ Мичурин, “Октябрь 50 йиллиги” давлат хўжаликлари капитал қурилиш бўлимини ҳалолу поклик билан бошқарган. У туман хўжаликлараро қурилиш кенгаши раиси сифатида жуда катта ҳажмдаги ишлар бажарилишига раҳбарлик қилган.
–Мирусмон ака туман ижроия қўмитаси масъул котиби бўлганда ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшган,–дея эслайди кейинчалик шу вазифада ишлаган Исомиддин ҳожи Бўстонов, — у виждон амри билан иш тутар, фидойилик, курашчанлик, ҳақгўйлик ва адолат унинг ҳаёти мезони эди.
–Ота-боболаримиз асли Шаҳрихонлик бўлган,–деган эди суҳбатларнинг бирида Мирусмон ака. –Улар хизмат юзасидан Ўшга бориб қолишган. Мен шу афсонавий, қадимий ва ҳамиша навқирон Ўш шаҳрида туғилганман. Кейинчалик қурилиш мутахассислигига ўқидим, кўп умрим асосан Избосканда ўтди. Эл-юртга садоқат билан хизмат қилишни бурчим деб биламан.
Журналист Йўлдошмирза Исоқжонов билан бу табаррук инсонни йўқлаб хонадонига боргандик. Қизлари ҳам Андижонга кетган эканлар. Биз отахон билан мириқиб суҳбатлашдик, қалбимизда неки бор, бир-биримизга сўзлагандик. Икки журналистнинг ташрифидан у ғоят мамнун бўлганди. Афсус, биз бу суҳбатимиз охиргиси эканлигини билмасдик. Кўп ўтмай Аллоҳ назари тушган, бутун умри фидокорона меҳнат, адолат учун курашиб ўтган инсон фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилдилар. Буни эшитиб чуқур қайғуга тушдик, чунки қалби булоқ сувларидай мусаффо, улуғ инсон орамиздан кетганди.
Яқинда Мирусмон акани эслаб унинг жияни, пойтуғлик тадбиркор Толибжон Қодировга қўнғироқ қилдим. У отахоннинг энг севимли жияни.
–Тоғам бутун умрини эзгулик, адолат, эл-юрт фаровонлигига сарфлаш ниятида ишлади, – деди Толибжон. –У қариндошларига ғоят меҳрибон, қалби қуёш, меҳридарё инсон эди. У гарчи дунёдан ўтган бўлса-да қалбимизда абадий яшайди.
Зокиржон ЮНУСОВ,
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси