Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Турсуной СОДИҚОВА: Овсинчилик бор жойда хатар бор!

Йигитларжон, ҳушёр бўлинг, халқда «Кундош билан кундош бир-бирига пахта отади, овсин билан овсин эса тош отишади» деган нақл бор. Ўғил укаларингиз кўп бўлса, билингки, бу хонадон ҳар дақиқада портлашга тайёр туради! Келини биттадан ортгандан кейин қайнана-қайнатага ҳам яшаш осон бўлмайди — кўз қарашдан тортиб сўзгача тенг тақсим қилинмаса, кунда қиёмат деяверинг! Келинлар ошкора жанжал ясашдан ҳайиқсалар, жуда бўлмаса зимдан эрларини гиж-гижлашга тушадилар. Оға-инилар ҳеч қачон бир-бирларини ёмон кўрмайдилар, ишонаверинг, улар бир-бирларидан кечмайдилар, тўқсон тўққиз фоиз ҳолатда уларни аёллар ажратади! Эркакнинг мўртлиги, ғофиллигини кўрингки, «Ҳаётимга йўлда қўшилган аёлимнинг гапи билан мен кимимни йўқотяпман?» деб таҳлил қилмайди! Аёли уни «ўқ»ладими, тамом, бет-кўзингга қарамай отаверади! Ахир жигаринг онангнинг бир парчаси, отангнинг бир бўлаги-ку, хом банда?!
…Она навбатдаги ўғлини уйлаш тадоригини бошлади. Тўйчилик, югур-югур кўп. Қудачиликнинг юмушларида уйдаги келин ҳам сўзсиз оиладагиларнинг ёнида туради. Бир тонг катта ўғилнинг оғзидан: «Ойи, жа-а янги қудангизга хушомадни ошириб юбормадингизми?!» деган хитоб янгради. Онанинг юрагига бир нарса санчилгандай бўлди! У гапдан хафа бўлмади. Уни доим тушуниб келган ўғлидан ажраб қолганига юраги увишиб кетди! Чунки айни дақиқада ўғли хотинининг гапини айтаётган эди. «Онангиз менга қилмаган сарполарни бу келинига қиляпти ёки бизникига бу қадар куйиб-пишиб югурмагандинглар, ё мен бу келинчалик эмас эдимми?» деган гаплар бўлгани аниқ! Ўғли ишга эрта кетиб, кеч келади. Тўй маслаҳатларини қаердан билсин, бу келиннинг ташвиқоти.
Кўриб турибсиз. Келин ҳали келиб улгурмаган овсинга ҳозирдан қуролланяпти! Овсиннинг юзини кўрмай туриб, «Сен эмас, мен яхши» дейишни бошлаяпти! Агар аёлингизга ҳушёр турмасангиз, ҳар бир кунингизга ўт тушиши аниқ!
Хотинини маъқуллаб, онасига танбеҳ бераётган «доно» ўғилдан бир сўраб кўрайлик:
–Уйланганингдаги ҳамма харажат сендан бўлганми?
–Йўқ.
–Сарполарни биргалашиб харид қилганмидинг?
–Йўқ.
–Сени уйлагунча онанг қайнатангнинг остонасига неча марта бориб келганини санаб турганмисан?
–Йўқ.
–Ота-онанг тўйинг ҳаракатида неча пул сарфлагани билан қизиқиб кўрганмисан?
–Йўқ.
Эй номард бола, сен бўғзинг­гача қарздор бўлган одаминг­га иддао қиляпсанми? Қани айт-чи, уйланиш учун ҳовли олдингми, уй солдингми, сарпони қўй, тўйни қўй, тўйдан кейинги келди-кетдининг ўзига қанча харажат кетди? Ҳали яна тўйингга келган тўёналарнинг жавобини узиш бор! Шунча мурувват учун раҳмат айтишнинг ўрнига онанг­га танбеҳ беряпсанми? Аёлинг сени гиж-гижлабди, хўп, аммо раҳмат айтмасанг ҳам, ҳеч бўлмаса, «Югуришлар сен учун ҳам бундан кам бўлмаган», деб гап билан оғзига уриб қўйиш қўлингдан келмадими! Ҳеч бўлмаса, ўз тилинг­ни тиймайсанми?!
Бу тўйда ҳаракат кўпроқ бўлаётган бўлса, балки ота- онанг сенинг тўйингдаги қайсидир хатоларини ўнглаётгандир! Укангнинг келинчагига нимадир зиёдроқ олиб борилган бўлса, сенинг тўйингда ушалмаган армонларини энди ушатишаётгандир!
Ўғлон! Қулоғингда бўлсин: аёлинг билан гаплашсанг, ота-онанг, қариндошларингнинг фақат фазилатлари ҳақида гаплаш! Маслаҳатлашсанг, уларни қандай хурсанд қилиш ҳақида маслаҳатлаш! Аммо ҳеч қачон уларнинг, айниқса, ота-онангнинг камчилик­лари, хатоларини (хатолари денгизча бўлса-да) ҳаргиз аёлинг билан муҳокама қилма!! Оға-ини, ота-онангга бўлган гина-кудуратларинг­ни аёлингга айтма! Аксинча, унинг олдида оила аъзоларингга доимий эътиборли бўл, ҳурматларини жойига қўй! Бу — аёлинг учун «Камчиликларидан қатъи назар, қариндош­ларимни мен шу қадар ҳурмат қиляпманми, сен ҳам шундай ҳурмат қилишинг шарт» деган ишорадир. Жуфтининг бундай қатъиятини кўрган келин чегарадан чиқишга журъат қила олмайди.

Улашинг: