Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ҳурмат истасанг, ҳурмат қил!

Эр-хотин суҳбатлашиб ўтирар эканлар, гап орасида эр хотинига:
–Яқинларимни, ака-ука, жиянларимни соғиндим. Сиздан илтимос, эртага ширин овқат пишириб, дастурхон безасангиз. Бугун уларга қўнғироқ қилиб таклиф қиламан. Йиғилмаганимизга ҳам анча бўлибди, — дебди.
Аёл норози оҳангда, хушламай:
–Майли, келаверишсин-чи, Худо хоҳласа, бир гап бўлар!–дебди.
Тонг отибди. Одатдагидек, эр ишга кетиб, тушда уйга етиб келибди.
Аёлидан:
–Тушлик учун дастурхон тайёрми? Яқинларим бироз­дан сўнг келиб қолишади?–деб сўрабди.
Аёл:
–Йўқ, тайёрламадим. Бегона эмаслар-ку, яқинларингиз ахир, уйдаги бор нарсадан еяверишади,–дебди.
–Аллоҳ сизни кечирсин! Нима учун бирон нарса пишириш ниятингиз йўқлигини кеча айтиб қўймадингиз, ҳозир келиб қолишади, нима қиламиз энди?!–дебди.
Аёл:
–Уларга қўнғироқ қилиб келмасликларини айтинг, узр сўранг, вассалом. Ахир бегона эмаслар, сизнинг яқинларингиз-ку? Тўғри тушунишади!
Эр ғазабланиб уйдан чиқиб кетибди. Бироздан сўнг эшик тақиллабди. Аёл эшикни очиб, ҳайратдан донг қотиб қолибди. Қаршисида ўз ота-онаси, ака- укалари, опа-сингиллари турар эдилар.
Отаси қизидан:
–Куёвим қани?–деб сўрабди.
–Бироз олдин чиқиб кетувдилар…,–дебди, зўрға.
–Кеча эринг бизларни меҳмонга таклиф қилганди. Барака топгур, бизларни чақириб ўзи кетиб қолдими? – дебди.
Аёлни чақмоқ ургандек бўлибди. Ахир уйдаги нарсалар билан яқинларини кутиб ололмайди, бу уларга тўғри келмайди. Эрининг яқинларига бўлаверади-ю, лекин ўзининг уйидагиларига бўлмайди, ахир… Қандай қилиб уларга оддий, кўримсиз дастурхон тузаши мумкин?
Аёл эрига қўнғироқ қилиб:
–Нимага тушликка менинг яқинларимни чақирганингизни айтмадингиз?
Эр:
–Менинг яқинларимми ё сизникими, нима фарқи бор?
Аёл:
–Сиздан ўтинаман! Уйда тайинли нарса йўқ, овқат қилмаганман. Бирон бир тайёр таом келтира қолинг… – дебди.
Эри:
–Мен ҳозир узоқдаман. Устига-устак улар бегона эмас, сизнинг яқинларингиз. Уларга ҳам менинг яқинларимга бермоқчи бўлганингиз, уйдаги бор нарсалар билан меҳмон қилақолинг. Токи, бу сизга дарс бўлсин. Менинг яқинларимни ҳам ҳурмат қилишни ўрганинг, – деб қўнғироқни ўчирибди.

Д. ПАРПИЕВА тайёрлади.

Улашинг: