Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Меҳнатнинг нони ширин

Шифокорлик шарафли касб. Аммо етук шифокор бўлиб, меҳнати билан эл оғзига тушиб, обрў-эътибор топиш ҳам осон иш эмас.
Узункўча маҳалласида яшовчи 67 ёшни қаршилаётган Расулжон ака Қамбаров 41 йил давомида стоматолог яъни тиш даволовчи шифокор бўлиб, ўз касбини эъзоз­лаб келаётган инсонлардан биридир.
У ўрта мактабни тамомлаб Тошкент давлат медицина институтининг стоматология факультетига ўқишга кирди. Олийгоҳни 1978 йилда тамомлагач ўз касби бўйича туманимизда иш фаолиятини бошлади.
Расулжон ака ўша вақтларни хотирлар экан, қишлоқда балки туманда ҳам стоматолог мутахассислар кам эканлигини эслади.
—Ойлик маош ҳисобига эрталаб 8 дан 17 гача аҳолига бепул хизмат кўрсатардим. Шундай бўлса-да, тиши оғриган бемор белгиланган вақтни кутиб турармиди? Ҳатто тун ярмида ҳам беморларни илтимосига биноан тиббиёт муассасасига шошилардим. Нафақат қишлоғимиз балки Пахтаобод тумани аҳолисига ҳам вақти келса яёв хонадонма-хонадон юрган кунларимиз ҳам бўлган,—дейди Расулжон ака Қамбаров.
Турмуш ўртоғи Рўзихон ая ҳам тиббиёт ходими. Улар икки қиз, бир ўғилни тарбиялаб вояга етказдилар.
Расулжон аканинг ўғли Музаффаржон ҳам ота изидан бориб тиш шифокори бўлди.
—Мана мени ҳам фаолият олиб бораётганимга 15 йил бўлиб қолибди,—дейди у. —Ўқидим, лекин амалиётни дадамдан олдим.
Мана ҳозирда турмуш ўртоғим Гавҳархон билан отам ташкил этган “Садаф” хусусий тиббиёт шахобчасида халқимизга хизмат қилмоқдамиз.
Оила аъзолари элга қилган меҳнатлари билан обрў-эътибор топмоқда. Бахтли, фаровон яшамоқдалар.

М. РУСТАМОВ.
Суратда: Расулжон ака ўғли Музаффар билан иш устида.

Улашинг: