Ошхонада ўтиргандик. Бир одам телефонда гаплашиб бўлиб, қувончдан қийқириб сакради ва официантни чақириб:
–Ҳаммага менинг номимдан кабоб тарқатинг! Ўн саккиз йиллик интиқликдан кейин бугун мен ота бўлдим!- деди.
Уч-тўрт кундан кейин эркакни 5-6 ёшли болачанинг қўлидан тутиб болалар хиёбонида сайр қилиб юрганини кўрдим. Уни таниган заҳоти ёнига бориб, ўша кунги ишини эслатдим ва ёнидаги болачага ишора қилдим. Эркак тортиниб, хижолат чекиб шундай деди:
–Ўша куни емакхонада менинг олдимдаги столга келиб ўтирган кекса эр-хотин ўзаро суҳбати қулоғимга чалинди. Онахон чолига “Кабоб ейлик, анчадан бери егим келиб юрганди”, деди. Отахон эса аёлидан кўзларини олиб қочиб “Ҳозир кабоб ололмаймиз, пулимиз фақат шўрвага етади, холос” дея синиққина жавоб қилди.
Шу орада мен телефонда гаплашгандай бўлиб, ҳаммага кабоб буюртма қилдим.
–Фақат ўша кекса жуфтликка олиб берсангиз бўларди, ҳамма хўрандаларга буюртма қилишнинг нима кераги бор эди?- дея сўрадим ундан.
Эркакнинг жавобидан кўзларим ёшланди:
–Фақат уларга олиб берганимда отахон аёлининг олдида хижолат бўларди. Шунинг учун ҳаммани бирдай меҳмон қилдим. Менинг пулим кетса кетсин, бир эркакнинг иззат-нафси синмасин!
Эркакнинг иззат-нафси синмасин
Ўхшаш хабарлар Маънавият саҳифасидаги мақолалар »