Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Избоскан туман  бўлинмаси кенгаши томонидан 2022 йил  — «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» да қандай ишлар амалга оширилди?

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Андижон вилоятидаги масъул ташкилотчиси З. Абдуллаевнинг топшириғига асосан 2023 йил 8 февраль куни Избоскан тумандаги фаоллар учун тумандаги № 1-умумий ўрта таълим мактабида ижтимоий шерик идоралар ва касаба уюшма фаоллари иштирокида кенгайтирилган ҳисобот йиғилиши   бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Андижон вилояти бўйича масъул ташкилотчиси З. Абдуллаев ва вилоят Кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори  Х.Усмонов, туман ХТБ мудир ўринбосари У.Каримов, шунингдек 102 нафар касаба уюшма қўмитаси раислари ва 11 нафар фаоллар ҳамда туман бўлинмаси кенгаши ижроия қўмита аъзолари  иштирок этдилар.

Йиғилишни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Андижон вилояти бўйича  масъул ташкилотчиси З. Абдуллаев олиб борди ва йиғилиш иштирокчиларига ҳозирги кунда касаба уюшмаси фаолиятида олиб борилаётган ислоҳотлар, ижобий ишлар ва янгиликлар ҳақида, касаба уюшмасига бўлаётган эътибор ва ҳозирда жойларда  касаба уюшма фаоллари қандай иш ташкил этиши борасида, касаба уюшма аъзоларини  касаба уюшмасидан миннатдор бўлиши  йўлида амалга ошириладиган ишлари юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди.

Кун тартибидаги масала юзасидан  таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Избоскан туман  бўлинмаси кенгаши раиси А.Ахмадалиев ўз ҳисоботида, туман ХТБ ва МТБ билан туман бўлинмаси кенгаши ўртасида 2021-2023 йиллар учун тузилган ҳудудий (тармоқ) келишуви асосан ҳамкорликда тизимдаги раҳбарлар ҳамда касаба уюшмаси қўмитаси раислари учун тизимли равишда меҳнат қонунчилиги бузилишларининг олдини олиш ва меҳнат муносабатларини тартибга солиш масалаларида ҳамкорлиги таъминланганлиги шунингдек, 2022 йил давомида маъмурият, ходимларнинг иш хаки ва уларга тегишли бўлган бошқа тўловларни ўз муддатларида тўланишини назорат қилиниб, қонунда кўрсатилган ажратмалардан ташкари мақсадлар учун ушлаб қолинишига йўл қўйилмаганлиги, ишчи ходимларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқукий манфаатларига доир барча масалаларни бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси билан олдиндан маслаҳатлашиб амалга оширилиб келинганлиги таъкидлаб ўтилди.    Шу билан бирга 2022 йил давомида туман бўлинмаси кенгаши томонидан  фуқароларнинг мурожаатларини ҳал этилиши юзасидан амалга оширилган ишлар, мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг олдини олиш бўйича, йўлланмалар ажратиш ва кам таъминланган ходимларга моддий ёрдамлар кўрсатиш бўйича, ёз мавсумида меҳнаткашлар фарзандларини соғломлаштириш,  меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш, ташкилотларни касаба уюшмаси ҳаракатига жалб этиш, уларда меҳнат қилаётган ходимларни касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш, ходимларни тиббий кўрикдан ўтишда чиқимдор бўлмаслиги бўйича хамда йил давомида туман бўлинмаси кенгаши томонидан ўтказилган маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари ва уларда касаба уюшма аъзоларининг  иштироки хусусида маъруза қилди.  Маъруза сўнгида йиғилиш иштирокчилари томонидан берилган саволларга жавоблар  берилди.

Йиғилишда  вилоят Кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори  Х.Усмонов йиғилиш иштирокчиларга  маъруза қилиб, Ўзбекистон Меҳнат кодекси янги таҳрирда  2022 йилнинг 29 октябрь куни қабул қилинганлиги ва 2023 йил 30 апрелдан кучга кириши тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2021 йил 14 октябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 2022 йил 17 мартда Сенат томонидан маъқулланган эди. Кодекс 7 бўлим, 34 боб ва 581 моддадан иборатлигини  ҳамда янги Меҳнат кодекс фуқаролар учун қандай янгиликларни ўз ичига олганликлари хусусида гапириб ўтди.

Кодексга кўра, якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принциплари  тўрисида;

Жумладан, меҳнат эркинлиги ҳар кимнинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқини англатишини таъкидлади.

Шунингдек,

-Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари:

-Дам олиш куни

-Ишга киришдаги дастлабки синов

-Ишдан бўшатиш нафақаси ва бошқа моддаларга тўхталиб ўтди. Сўнгра йиғилиш қатнашчиларни қизиқтирган саволларига тушунарли жавоблар берилди. 

Йиғилиш сўнгида  барча бошланғич ташкилот раислари учун 2023 йил  март  ойида  ўтказиш жадвалига асосан “Жамоа шартномаси бандларининг 2022 йилда бажарилиши” мавзусида    тумандаги   7 –умумий ўрта таълим мактаби бошланғич ташкилотида ўқув- семинар ўтказишни  ташкил этиш ва ҳужжатларни  расмийлаштириш ҳамда  фаолиятни Устав талаблари асосида йўлга қўйиш бўйича бошланғич ташкилот раисларига методик жиҳатдан амалий ёрдамлар бериш режалаштирилди.

 Ушбу йиғилишда  туман бўлинмаси Кенгашининг 2022 йилдаги фаолияти қониқарли деб топилди  ва келгусида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

 

 

Йиғилиш сўнгида  20 нафар бошланғич касаба уюшма қўмитаси раисларига туман бўлинмаси кенгашининг эсдалик совгалари З.Абдуллаев ва Х Усмоновлар иштирокида  тақдим этилди ва шунингдек  Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил   14 декабрдаги № 54-сонли ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2020 йил 14 декабрдаги 01-16 “с” сонли “Халқ таълими тизимидаги муассасаларда меҳнат қилаётган ходимларни санаторийларда соғломлаштириш ишларини ташкил этиш тўғрисида” ги қўшма қарори асосида туман бўлинмаси кенгаши томонидан соғлигини тиклаш учун   2023 йилда  режа асосида 13 нафар ходимларга  туман халқ таълими бўлими ва  туман бўлинмаси Кенгашининг    СЕРТИФИКАТ и топширилди.

А.Ахмадалиев,

таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Избоскан туман  бўлинмаси кенгаши раиси.

М. Мирзаабдуллаев,

М. Рустамов,

«Пахтакор» газетаси мухбирлари.

Улашинг: