Туман халқ таълими бўлимининг 20-,38-умумтаълим мактаблари қошида ташкил этилган ёзги оромгоҳлар фаолияти тўғрисидаги маълумотномада ҳар икки кундузги оромгоҳда 100 нафардан ўқувчиларга 15 нафардан педагог ходимларнинг тўгарак машғулотлари олиб бораётгани, ташкил этилган кундузги оромгоҳларда ўқувчи ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга жалб этиш, 5 муҳим ташаббусни амалга ошириш бўйича турли тадбирлар ва ташаббуслар ташкил этилиши режалаштирилгани баён этилган.
Аслидачи? 38-умумтаълим мактабида бўлганимизда (раҳбари С. Жалолов) ишлар тамоман бошқача эканлигига гувоҳ бўлдик. Ёзиб қўйилган тўгаракларнинг спортдан бошқасида умуман фаолият йўқ. Тарбиячилар деб аталган У. Рашидова, М. Жўраева, Ҳ. Қорабоева, Н. Шамсуддиноваларнинг на иш режаси, на бошқа журналлари, машғулот дафтарлари бор. Шу куни 30 нафарга яқин боланинг айримлари теннис, шахмат-шашка ўйнаётганини кўрдик. Айтишларича куннинг иссиқ бўлаётгани учун соат 11.00 да жавоб берилаётган экан.
20-умумтаълим мактабида бўлганимизда ҳам аҳвол бундан яхши эмаслигига гувоҳ бўлдик. Ҳўш, бундай «Соғломлаштириш майдонча»ларининг ёки маълумотда келтирилишича «Кундузги оромгоҳ»ларнинг фаолиятидан кимга фойда? Болаларнинг шу кунлардаги қатнашувларини кўриб, ҳар даврада 200 нафардан ўқувчиларнинг қатнашганига рости ишонмадик. Зеро уларнинг қатнашувлари ҳеч қандай дафтарларда илова қилинмаган.
М. Мирзаабдуллаев,
М. Рустамов,
«Пахтакор» махсус мухбирлари