Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Избосканнинг илғорлик одимлари

Қаерда хато қиляпмиз?

Июль ойининг иккинчи ўн кунлиги ўтиб бормоқда. Яна кечи билан 45-50 кунда пахта пишади. Аслида илғор фермер далаларида пахта очилди. Зеро, туманимиз пахтакорлари ҳосилни шу даврда кўпроқ йўқотишган. Ҳосилнинг мўл бўлиши шу давр ичида қай даражада меҳнат қилинишига боғлиқ. Туман ҳокимлиги мажлислар залида жорий йил ҳосили учун парвариш қилинаётган ғўза майдонларида агротехник тадбирларни амалга ошириш борасида туманлардаги аҳволни таҳлил қилинаётган видеоселектор йиғилишида ўтириб, ўйга толаман: ҳар йили ҳам баҳордан бошлаб то кузгача бундай йиғилишлар, таҳлиллар кўп ўтказиларди, қаттиқ-қуруқ сўзлар, ижобий-танқидий фикрлар айтилади. Ўнлаб “Дамас”ларда бутун тумандаги фермер хўжаликлари фаолияти кузатилиб, қатор-қатор семинарлар ўтказилади. Бу қисқа даврларда бир неча раҳбарлар, фермерлар ўзгаради.
Бироқ ғалвир кузда сувдан кўтарилса натижа кўринмасди. Туман эса пахта топширишда вилоят туманлари ичида энг охирги, учликдаги ўрнини бўшатмасди. Хўш, бу йил бу ҳолатга барҳам бериладими, туман пахтачиликдаги аввалги мавқеини тиклай оладими?

Янгича ёндашув, амалиётга ўтиб

Кузатишларга кўра шуни айтиш мумкинки бу йил туманда пахта етиштиришга янгича иш юритиш билан ёндашилди ва ёндашилмоқда. Бу туманда тўқимачилик саноатига хос кластер усули жорий қилиниб, мустаҳкамланиб бориши жараёнида далада ишлаётганларга фермерлар орқали иш ҳақларини вақтида берилиши, пахта харид нархларининг ўсиши, аниқ ҳисоб-китоб билан иш юритилиши, техника, ёнилғи, минерал ўғитлар билан тизимли, вақтида таъминланиши ҳосил етиштиришга доир бўлган барча хизматларни кўнгилдагидек бажарилиши туфайли юзага чиқяпти. Ортиқча йиғилишлар, бир қолипда, фақат яхши фермер хўжаликларида ўтказиладиган семинарлар бирмунча қисқартирилиб, мўл ҳосил яратиш учун маслаҳат, кўрсатмалар, муаммолар ечимини топишда амалиёт ишларига эътибор кўпроқ кучайди. Масалан тумандаги 4 та сектор ҳудудида алоҳида ишчи гуруҳлари тузилди ва уларга тажрибали меҳнат фахрийлардан ва мутасаддилардан вакиллар раҳбар қилиб бириктирилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги йўналишида бевосита дахлдор бўлган ташкилотларнинг мутасаддиларидан ҳам гуруҳларга бириктирилди. Бу ҳар бир ҳудудда агротехник тадбирларни олиб борилишида юзага келаётган ҳар қандай соҳага оид муаммони ўз ўрнида ечиш имконини бермоқда. Электр энергия, нефть, минерал ўғит, ўсимликларни ҳимоя қилиш, насослар билан носозлик, экин суви билан таъминланиши, иш ҳақи, банкга оид ҳолатлар ва ҳоказолар жойида, вақтида ҳал қилинди ва қилинмоқда. Энг қувонарлиси шуки, фермерларга тажриба ўргатиш, ўрганишга вақт беришга эътибор қаратилди. Бунинг натижаси келажакда албатта ўз самарасини беради.

Ютуқ тажриба ва ишга меҳрда

Маълумки, деҳқончилик таваккалчилик эмас. Меҳнатни ҳам ақл билан ҳисоб-китоб, ерга, экинга меҳр ва синалган тажрибага таяниб, амалга оширилса натижа бўлади. Масалан Янгиқишлоқда бир йиллар Куба давлатига бориб пахта етиштириш таж­рибасини ўрганган Абдуманноб ака Жобборов яшайди. Унинг қўл остида ишлаган Шуҳратбек Қўчқоров бугунги кунда қишлоқ хўжалик тизимида қайси вазифада ишламасин уддасидан чиқади. Шуҳратбек ўтган йили Янгиқишлоқ массивидаги бир неча йиллар режани уддалолмаган Акмалжон Ибайжонов, Рус­тамжон Пармоновлар фермер хўжалигини қабул қилиб майдонларни ажриқ, ғумай каби бегона ўтлардан тозалади, суғориш шахобчаларини очди, ишчиларга шароит яратди. Бугунги кунда унинг далаларини кўрсангиз дилингиз яйрайди. Унга қўшни фермер Дониёрбекка ҳам Шуҳратбек таж­рибаси юқди. Асли пахта илмидан бехабар Дониёрбек қўшниси тажрибасини, кекса пахтакорлар, ишчи гуруҳи раҳбарлари маслаҳатларига таяниб меҳнат қилиб, ўтган йил режасини бажарди, бу йил ҳам ғўзаларида мўл ҳосилга яраша замин яратиляпти. Жанободлик Козимжон Мамадалиев, даминбойчеклик Толибжон Қўчқоров, чувамалик Абдуллажон Акбаров, тўрткўллик Абдурашид Султонов, чўнгбоғишлик Улуғбек Охунов, яккатутлик Сайдулло Жўраев, урганжилик Шокиржон Сайфутдинов каби тажрибали фермерлар ўз фермер хўжаликлари зиммасига олган режаларини мунтазам бажариб келишлари ҳам амалиёт ва тажрибага бориб тақалади.
Пахта етиштиришда энг қолоқ, 25 та фермер хўжалигига тажрибали фермерлар бошлиқларининг бириктириб қўйилиши ҳам ўз самарасини бермоқда. Тажрибали мутахассис Раҳматилла Ибрагимов бириктирилган Урганжи массивида бир неча йиллардан буён режани уддалай олмаётган “Избоскан гавҳари” фермер хўжалиги ер майдони “Избоскан саҳовати замини” фермер хўжалигига олиб берилиб янги фермер Ғайрат Баҳромов фаолият олиб боряпти. Ғўзалар дуркун, зараркунандалардан тоза. Зараркунандаларга қарши кураш, ерда доим намликни сақлаш, кўсак қурти, ўргимчаккадан ҳосил ва экинни асраш ишлари жо­йида.
“Шарқ юлдузи” массивидаги Акрамжон Йўлдошев, Абдужаббор Нуриддновларга биркитилган “Уммон мавж” ва “Асрорбек келажак” фермер хўжаликларида ҳам ғўза парваришида ижобий ўзгаришлар бор. Энг муҳими ҳар куни кўрилган, аниқланган салбий ва ижобий ҳолатлар ҳудудларнинг ўзида таҳлил қилиняпти, муаммолар ечиляпти, керакли ёрдамлар бериляпти.

Хўш, натижалар қандай?
Янгича ишлаш, янгича ёндашув натижасида июль ойининг биринчи ўн кунлигида ғўза парваришланаётган 7983,9 гектарнинг 3618 гектаридаги ҳар туп ғўза 3-4 тадан, 3460 гектар майдонда 5-6 тадан, 870 гектар майдонда 7-8 тадан кўсаклаган. Бу янада ҳосилга ҳосил қўшишни тақазо этади. Бунинг учун баъзи ривожи паст майдонларни қўшимча озиқлантириш, қолоқ фермер хўжаликларидаги ғўза парваришига алоҳида эътибор қаратишни талаб этади. Ҳар туп ғўзада йиғим-терим мавсумигача камида 12-15 тадан бўлиқ, етилган, сифатли пахта берадиган кўсак бўлишини таъминлаш шарт. Чунки кластер усули фақат сифатли тола-сифатли маҳсулот талабига амал қилади. Шунинг учун ҳокимликдаги селектор йиғилишида туман ҳокими ғўзани чанқатмай суғориш, ерни ҳамиша намлигини сақлаш, ўргимчакка, кўсак қурти каби зараркунандаларга қарши муросасиз курашиш, айниқса тунги суғоришга эътибор бериш, чеканка агротехникасини табақалаб ўтказиш, иш ҳақини вақтида бериш, ишлаш учун шароит яратиш ва бошқа зарур бўлган хизмат кўрсатишларни ҳам ўз вақтида ўрнига қўйиш ҳақида алоҳида ва қатъий топшириқларни берди.

Озгина бепарволик ҳам қимматга тушади

Ҳаво ҳарорати кўтарилиб боряпти. Бу кунларда ғўза бир кун суғорилмай чанқатиб қўйилиб, бир туп ғўзада бир дона шона тўкилса, бир дона кўсак йўқотилади. Бу ҳар гектар ерда ўртача 80-90 минг туп кўчат яратилиб парваришланаётган бўлса, 80-90 минг кўсак йўқотилди, демак. Экин суви бўлса-да айрим сабабларга кўра етиб бормай, насос орқали суғорилса биринчидан заҳ сув ерни қотиради, иккинчидан энергия сарфи билан харажат ортади, қолаверса, экин сувичалик озиқлантирмайди. Насос бузилиб қолса-чи? Ана шудай ҳолат Янгиқишлоқ билан Тўрткўл туташган ҳудудларнинг ҳар иккала Овул деб аталувчи маҳалласи ўртасидан оқиб ўтадиган йўл ости қувури тўлиб қувур олди тупроқ билан тўсилиб қолиши оқибатида юз бермоқда.
Яқинда 2 кун сув етмай ариқ этагида фаолият олиб бораётган фермерлар ва 100 дан ортиқ аҳоли томорқасини суғоришда қийналинди. Шундай ҳолларда оқиб келаётган сув эса бошқа бир фермер даласига ортиқча олиниб, ҳар иккала массив ўртасидаги коллекторга ташлаб юборилиб, сув исроф қилиняпти.
Яккатутда шу йил бўлиб ўтган семинарда кўплаб фермерлар ҳатто зараркунанда ва ҳашаротларни, уларга қарши курашишни тузукроқ билишмайди, деган фикрлар кўтарилди. “Бу кечириб бўлмайдиган ҳолат. Ҳар 10-11 та ғўзада агар 2 та кўсак қурти борлиги аниқланса, ерини оламиз” деб бежиз айтилмади. Тасаввур қилинг яқин 8 минг гектар майдондаги миллионлаб туп ғўзанинг ҳар 5 тупида 1 тадан кўсак қурти ҳосилга зарар етказса қанча ҳосил йўқотилади. Демак, асосий зарар чанқатиб қўйиш, ҳосил зараркунандалари ва уларга қарши вақтида курашишни билмасликдан келиб чиқаркан. Шундай экан, ҳамма ишни ҳисоб-китоб ва ўта масъулият билан бажаришга тўғри келади. Яна тажриба, билим, пахта етиштириш илми етарли бўлиши талаб этиляпти.
Бу йилдан умидимиз катта. Туманимиз секторлари раҳбарлари, ишчи гуруҳлари олиб бораётган ишлар натижасида фермерларимиз далаларида ғўзаларимиз парвариши ёмонмас. Аммо бу ҳали ишлар “беш” дегани эмас. Шунинг учун муаммонинг катта-кичиги бўлмайди, деганларидек ҳар қандай муаммони агар пахтамиз ва бошқа барча қишлоқ хўжалик маҳсулотларимиз мўл бўлсин ва Избоскан номи ва олдинги шарафини тиклаймиз, деган ниятда эканмиз ана шу омилларга таянсак орзуларимизга етамиз.

Йўлдош ИСОҚЖОНОВ,
“Пахтакор”нинг махсус мухбири

Улашинг: