Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Турсуной СОДИҚОВА: Жигарингизнинг жонида ота-онангиз яшайди

Оллоҳнинг ҳамма неъматлари яратилишда соф ва тўғри бўлади. Агар улар ўз мақомларида тура билмасалар, яъни орага шайтон тушса, софлигига путур етади. Масалан, эркакнинг ўз масъулиятини танимаслиги ёнидаги аёлга зўриқиш олиб келади, қарабсизки, эркакча ишларга уринавериб, аёлда эркакшода унсурлар пайдо бўла боради. Уларни кузатиб турган фарзандларнинг ҳам дунёқараши зил кетади. Яъни, ўғил болага ўхшаган қизлар, қизмижоз ўғиллар ўса боради. Шундоқ биродар, бу дунёнинг ҳамма иши «мушт кетди» тарзида ҳаракатланади.
Сиз ҳам акангиз ёки укангиздан бекорга совиб қолганингиз йўқ. У сизни кўрганда кўзида қувонч чақнамай, юзи яшнамай қўйди. Сизни узоқ кўрмаса, бетоқат бўлмайдиган, қидиришга шошмайдиган бўлиб қолди. Сиз ҳам у келмаса, бормайдиган, ненидир илинмаса, илинмайдиган бўлдингиз. Катта хатоингиз шу! Сизнинг қасдма-қасд иш қилишингиз, шайтонга эргашишдир! Бегоналар шундай қилсалар оғриғи йўқ, чунки у бегона. Ахир сиз жигарсиз-ку! Нега жигарим бундай бўлиб қолди, олдин сабабини билай дейишингиз керак эди. Ўзим ҳам эҳтиётсизлик қилиб қўймадимми деб ўзингизни тафтиш қилишингиз керак эди. Агар феълингизни нозик ҳисобласангиз, бошқаларни ўзингиздан юз карра нозик­роқ билинг, азизим! Ҳеч қачон ўзингиз кўтаролмайдиган гаплару ҳаракатларни бировга раво кўрманг, айниқса, жигарингизга. Акангиз бир совуқ иш қилса, икки яхши ишни кетма-кет қилиб, уни эритмоқ даркор. Токи у бегона билан сизнинг фарқингизни билсин. Хафа қилсам ҳам кечириб юборди, нима бўлганда ҳам акам-да, ё укам-да десин, ўзи уялиб, ўзи инсофга келсин. Ҳадеганда инсофга келавермаса ҳам бари бир мурувватингизни аяманг. Чунки у онангизнинг парчаси, отангизнинг бир бўлагидир!

МЕРОС ТАЛАШИШ ОТА-ОНАГА ХИЁНАТДИР
Мерос талашиб, юз кўрмас бўлиб кетган ака-укалар ота-онага хиёнат қилган фарзандлардир. Нафс учун, моддиёт учун уларнинг хотирасига тупурган номардлардир. Бир парча ер деб бир-бирини судга беришгача бораётган, бир кўрпада катта бўлган жигарини етти қозига ошна қилаётганлар қайси бўридан кам?! Улар иймонни таниса, Оллоҳнинг борлиги, руҳларнинг тириклигига ишонса, шундай қилармиди?
Яна улар гоҳида қўй сўйиб, мол сўйиб, ота-оналарига эҳсон ҳам қилиб қоладилар. Ахир бу уйинг уй эмас, икки юз йилги, балки уч юз йилги дуохона, тириклару руҳлар тўпланадиган жой! Бу ҳовлига неча авлодингнинг киндик қони тўкилган ва талай қондошларингга азон айтиб, исм қўйилган табаррук даргоҳ бу! Сен эса уни жанжалхонага айлантирдинг! Хунук овозалар тарқатиб, руҳларни чирқиратдинг, сулолангни шарманда қилдинг! Яратганни норози қилиб, жигарларингнинг юрагини синдириб туриб қилган бу эҳсонингни мусулмончилик кўтарармикин? Оллоҳ қабул қилармикин? Сенга инсоф берсин, ўғлон, сенга инсоф берсин!

Улашинг: