У бу номни бежиз олмаган. Ёшлигидан ғайратли, қувноқ бу инсон ёшлар ташкилотида ишлаганда Республикада эътибор топди. Деҳқончиликда ҳам, ҳар йили илғорлар рўйхатини бошқарди. Унинг ютуғи шунда бўлдики, қаерда, қайси ишда бўлса-да ғайрат, шижоат билан ишлади. Ҳақиқатни бошига кўтариб юрадиган бу фермер 70 ёшда.
У меҳнатда тобланди ва барча ишларда ўзини кўрсата олди ҳамда “Толибжон биринчи” бўлди.
Болалик чоғларни қолдириб ортда,
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.
Қолдириб, қолдирмай бир из ҳаётда,
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда…
Ҳа, қўшиқда куйланганидек умр бир оқар дарё. Ҳар бир инсонга умридан берган бўлса умри давомида ортидан қандай ибратли ишлар қилиш ва келажакка қолдириш ўзига боғлиқ. 1949 йил оддий деҳқон Эргашбой ака ва Тўхтахон опалар оиласида таваллуд топган Толибжон бу йил етмиш ёшига тўлиб турибди. Ота-боболаримиздан қолган ва ҳаётда ўз исботини топган ва топиб бораётган ибратли сўз бор: Инсонни меҳнат тарбиялайди, тоблайди. Аслида илм олиш ҳам, бериш ҳам, тажриба ва касб маҳорати ошиб бориши учун ҳам меҳнат қилинади. Толибжон оилада ҳудди ана шу руҳда тарбияланди.
Алишер Навоий номли мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ тиришқоқлиги, ташкилотчилиги билан синфбоши бўлди. Опаси Матлубахон уни мусиқага қизиқиши, ўйноқи мусиқаларга ҳамоҳанг берилиб шўхлиқ қилиб ўйинга тушишларини кузатиб юриб мактабдаги мусиқа тўгарагига олиб борди. Мактаб саҳналарида, жойларда бўлган тадбирларда нафақат турли фанлардан мусиқа ва рақслар билан ҳам танилиб бораётган ёшгина Толибжон биринчи синфни битириб, иккинчи синфда ўқиётган давридаёқ Тошкентда бўлиб ўтадиган Республика халқ ижодиёти кўрик-танловига борадиган, туман, вилоят шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. 1956 йили Республика халқ ижодиёти кўрик-танлови қатнашчилари завқ ва шўх мусиқага ҳамоҳанг қойилмақом қилиб “Андижон полкаси” рақсини ижро этган 8 ёшли Толибжонни саҳнага чиқиб қўлларида кўтариб ҳавога ирғитдилар ва унинг маҳоратига қойил қолдилар. Шундай қилиб қаҳрамонимиз “Андижон полкаси”ни биринчи бўлиб ижро этди ва унга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ва Касаба уюшмалари марказий Кенгашининг ёрлиғи топширилди ҳамда Москвада бўлиб ўтадиган Жаҳон фестивалига олиб бориладиган бўлди. Бироқ бу Толибжонга насиб этмади, унга ҳомий бириктирилиши керак эди, деган фикр билан Жаҳон фестивали остонасидан қайтди.
Фарзандга тарбияни оила беради. Эргашбой аканинг отаси Қўчқорбой ота ҳам деҳқон бўлган. Деҳқончиликка меҳр бобосидан ўтган Толибжон 14 ёшда мактабда ўқиб юриб ҳам колхоз даласига хонадонлардан маҳаллий ўғит ва фекал ташиб чиқиш билан меҳнат фаолиятини бошлаган, пахта ва барча экинлар ҳосилдорлигини оширишга ҳисса қўшган. Кейинчалик А. Тиллабоев жамоа хўжалигида комсомол комитети секретари, клуб мудири вазифаларида фаолият олиб борди, хўжаликнинг “Қирқ қизлар” ансамблини ташкил этиб республикага ҳам танитди.
Шундан сўнг Толибжон ҳарбий хизматни ўтади. Тошкент халқ хўжалик институтининг экономика бўлимини тугаллади. Ўзи меҳнат қилган А. Тиллабоев номли жамоа хўжалигида иқтисодчи, кадрлар бўлими бошлиғи, колхоз касаба уюшмаси раиси вазифаларида фаолият олиб борди. Иқтисодчи сифатида пахтадан мўл ҳосил олиш тажрибалари ҳамда чорвачилик озуқа базасини мустаҳкамлаш борасида бир неча илмий мақолалар ёзиб, “Экономист” газетасида чоп эттирди. Қишлоқ хўжалиги тизимида янгича иш юритиш шаклларининг ўзгариб бориши жараёнида у жамоа хўжалигида пахтачилик ижарачилар бригадаси бошлиғи бўлиб ижарачилик шаклининг нақадар фойдали ва маъмурчилик гарови эканлиги, ўзининг иқтисодчилик йўналишидаги бой тажрибаларини туман агросаноат уюшмаси Кенгашининг “Соҳибкор” ҳафтаномасида “Ижара пудрати” сарлавҳаси остида оммалаштирди. Жамоа хўжалигида мавжуд 22 та тармоқда 200 минг сўм (ўша давр пул даромад олганда 1 та ижара пудратини бошқариб 140 минг сўм қиймати) соф даромад олишга эришди. Олинган даромад эвазига аъзоларига яхшигина даромад берди, мукофотлар тарқатди. Ўзбекистонда таниқли раққоса Қизлархон Дўстмуҳаммедова келиб концерт берганини ҳали-ҳали кўпчилик эслаб юришади. Ўз зиммасидаги иқтисодий, ижтимоий, сиёсий йўналишлардаги фаолиятида тўғриликка, ўзига ўзи ҳисоб бериб ишлашга, меҳнатдан қочмасликка, қонунни ҳурмат қилиш ва уни бузмасликка алоҳида эътибор бериб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳам талаб қила олиш жараёнларида тобланди.
1991 йил мустақилликка эришилганда вилоят ҳокими Қ. Холмирзаев, журналист А. Абдуллаевлар билан бирга Тошкентга таклиф этилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш давлат дастурини ишлаб чиқиш комиссияси аъзоси бўлди ҳамда бу борада ватанга меҳр, садоқат, жамиятга сидқидиллик ва муҳаббат билан хизмат қилишда ўзига хос ҳисса қўшди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида собиқ Компартиянинг тугатилиши даврида туманда халқ демократик партияси бўлимини тузиш ва уни мустаҳкамлаш жараёнида 1991-1996 йилларгача ХДП туман Кенгаши котиби бўлиб фаолият олиб борди. Ундан кейинги йилларда унинг фаолияти яна яратувчилик, ташкилотчилик ишларига қаратилди. Пойтуғ ширкатлар уюшмаси дончилик ва пиллачилик участка агрономи вазифаларини ҳам ўрнига қўйиб ҳозирда ҳам “Эргашбой Қўчқоров нияти” фермер хўжалигини бошқариб келмоқда.
Фермер хўжалиги вилоятда энг илғор хўжаликлар қаторидан ўрин олган. “Олтин фермер” номини олган фермер хўжалиги бошлиғи Толибжон Қўчқоров вилоятда 3 йилдан буён шартномавий режаларни ортиғи билан бажариб, 40 центнерчилар сафидан тушмай келаётганлиги учун икки марта “Нексия”, бир марта “Дамас” енгил машинаси билан мукофотланган. Ҳозирда фарзандлари ва бутун оиласи, фермер хўжалиги аъзолари билан деҳқончиликнинг барча йўналишларида бу йил ҳам маррани биринчилардан бўлиб эгаллаш учун меҳнат қилмоқдалар.
Фаолияти давомида энг янги русумли енгил автомобилларини навбатсиз, пул ўтказиш йўли билан олиш, ҳосилдорликни белгиланганидан ортиқча етиштириб топширганлиги учун ер майдонининг 5 фоизига эркин қишлоқ хўжалик экинлари экиб олиш, қишлоқ жойларида қурилаётган намунали уй-жойлардан навбатсиз олиш каби имтиёзли сертификатларни ҳам олган фермер хўжалиги бошлиғи Толибжон Қўчқоровнинг қутлуғ 70 ёши бу энг навқирон ёшдир. Ҳали олдинда “Толибжон биринчи” учун янги-янги зафарларни қучиш, бу яратиш йўлидаги силкинишлар, тебранишлар, курашлар силсиласига бардош бериб енгиб ўтиш ва ҳамон фаол фуқаролик позициясида туришдек синовлар бор. Унга қутлуғ ёш муборак бўлсин, деб аср ёшларини тилаймиз. Тобора жаҳонга танилиб, ҳамма соҳада равнақ топиб, ривожланиб бораётган Республикамиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш Толибжон Қўчқоровнинг энг асосий мақсади ва бу йўлда у барча омилларни ишга солади деб ишонамиз ҳамда қуйидаги шеър билан қутлаймиз:
Толиб ака енг шимарса, ер юзини очади,
Қишда ҳатто далаларнинг уйқуси ҳам қочади.
Экинларга иссиқ бер деб илтижо қилса агар,
Кўкда қуёш йўқ демасдан ўз нурини сочади…
Йўлдош ИСОҚЖОНОВ,
“Олтин қалам” соҳиби