Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ҳабиб СИДДИҚ — 70 ёшда

Ҳабиб СИДДИҚ — 70 ёшда

Таниқли ҳажвчи ёзувчи, олим, публицист ва таржимон Ҳабиб СИДДИҚ       70 ёшини нишонламоқда. Андижоннинг Бўтақора қишлоғида туғилган адибнинг “Кар қулоққа танбур”, “Ким ошди савдоси”, “Тўқайга ўт тушса”, “Бедаво дарднинг давоси”, “Инглизча туш”, “Чироғи ёниқ хонадон”(сайланма), “Ўрага сичқон тушди…”, “Нимкоса”, И смех, и грех, “Нымкесе”(қирғиз тилида) каби китоблари, “Ҳаёт йўлга ўхшайди” публицистик мақолалар тўплами чоп этилган. Асарлари асосида “Чўғ”, “Кичик корхонанинг катта ҳангомаси”, “Тақдирлар” видеофильмлари ва йигирмадан ортиқ телеминиатюралар тасвирга олинган. Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмаларининг аъзоси. “Шуҳрат” медали соҳиби. Адибни қутлуғ ёши билан муборакбод этиб, ижодидан намуналарни газетхонларимиз эътиборига ҳавола қилмоқдамиз.  

ЭСИМ ҚУРСИН (Ҳажвия)

-Эсим қурсин, ишга кетяпман-у ҳаёлим уйда – эшикни беркитдимми йўқми, ҳеч эслолмайман. Ишхонамга кирдиму ортимга қайтдим. Ҳайрият, эшигимиз қулфланган экан. Бироқ калламга келган фикрдан чўчиб кетдим. Ахир, соат ўнда мажлис бўладиган эди-ку! Бошлиқдан роса эшитадиган бўлдим-да. Шошиб етиб келсам, ҳамма ёқ жим-жит. — Қанақа мажлис?- хайрон бўлди котиба қиз елка қисиб. — Бугун ҳеч қанақа йиғилиш йўқ. — Э, ҳа, эсим қурсин… мактабга ота-оналар мажлисига чақиришувди шекилли. — Ие, ота-оналар мажлиси кеча ўтди-ку, — бир-бирларига қараб жилмайишди мени танийдиган ўқитувчилар. — Эсим қурсин, яна адаштириб юборибман-да. Бундан кейин мажлис бўлса, албатта, бизникига қўнғироқ қилинглар,- деб тайинладим. Улар яна кулишди. Ғашим келди, аммо, йўлда қайтаётиб уларнинг тиржайишларининг сабабини сал англагандай бўлдим — ахир уйимизда телефон йўқ эдию. Бир куни уйга келиб қўнғироқ тугмачасини боссам, эшикни биздан бир қават пастда турадиган қўшни аёл очди. Ҳамсоя бирор юмуш билан бизникига чиқибди-да деб, — Ие, келинг, қўшни, — дейман. — Ўзингиз келинг, тинчликми? Шунда шошиб эшик пештоқидаги рақамга қарадим-у… — Э-э, эсим қурсин, узр. Бизнинг уй учинчи қаватда эди-ю, а? Бир куни қизчамни олиб келиш учун боғчага бордим. Тарбиячилар қизимни топиб беришолмайди, занғарлар. Нуқул “бизда унақа бола йўқ” дейди. Жанжаллашиб кетишимга сал қолди. Лекин кейин билсам, эсим қурсин, бошқа болалар боғчасига борган эканман. Яна бир куни ишдан қайтишимда автобусга чиқдим. Кетяпмиз, кетяпмиз, ҳеч етмаймиз манзилга. Ие, ишхонамиз билан уйимиз оралиғида тўрттагина бекат бор эди-ку?! Шу десангиз, тескари йўналишда кетаётган автобусга чиқиб олган эканман. Ҳар қалай айлантириб-айлантириб, охири маҳалламизга опкеп қўйди. Уйга кириб айтсам, хотинимнинг хурсандликдан кўзлари чарақлаб кетди. — Ҳай-ҳай-ҳай, мабодо бошқа машинага чиқиб кетиб қолганингизда сизни қаёқлардан излаб юрардик. Ҳар қалай тескари тарафга кетаётган бўлсаям, ўзимиззи атобусси нўмирини эслаб қопсиз — хотирангиз анча яхши бўп қопти, дадажониси, — деб пешонамдан ўпиб қўйди. Энди эса ана шундай аёлни ранжитиб қўйиб мулзам бўлиб турибман. Асли айб ўзимда. Ҳаёлпарастлигим қурсин, ўша кечаси уйқусираб майкамнинг ўрнига этагида тўри бор узунроғини кийиб, аёлларнинг юпқа шарфини бўйинбоғ қилиб тақиб келмаганимдаку бу жанжаллар йўқ эди. Мана энди докторга опкетяпти. Эсимни киргизиб қўярмиш. Лекин, бировга айтиб юрманг-у, синиқдан бошқаси юқади деганларича бор экан. Мана хотиним шўрлик ҳам биз борадиган шифохона бутунлай бошқа тарафда қолиб, тескари тарафга олиб кетяпти. Ҳаҳ, эсларимиз қурсин-а…

Ҳаётий ҳангомалар

ЎРГАНИБ КЕТАСАН

-Уф-ф-ф… -Ҳа, дўстим, тинчликми? Нимага хуноб бўлаяпсан? -Кўрмайсанми, оғайни, чўнтагимда бир сўм ҳам қолмабди. -Ҳа-а, шунга шунчами?! Хафа бўлма, ўрганиб кетасан, бизда анчадан бери йўқ.

“ЯНА БИТТА ЧЕКАМАН”

Собир содда Московга ўйнагани борганида оз-моз узум олиб кетган экан. Ёпиқ бозорнинг ичига кириб олиб узум сотиб ўтириб, хумориси тутиб сигарет тутатибди. -Бу ерда чекиш мумкин эмас. Юз рубл жарима тўланг,- дебди назоратчи келиб. Содда икки юз рубл сўм узатибди. -Икки юз эмас, жарима юз рубл,- депти назоратчи “юз”ини қайтариб. -Олавер,- дермиш содда.-Ҳозир яна битта чекаман-да.

  ҒАМХЎРЛИК

— Бозорга борганда ҳам нуқул ўзингизни ўйлайсиз-да, дадаси. Мен эсингизга ҳам келмайман. — Унақа дема, хотин. Полиз бошидаги капада ётганимдаям, бозорда қовун–тарвуз сотганимдаям, носвойни отиб хаёлга ботганимдаям сени ўйлайман. Агар сени ўйламасам, анави икки қути сода билан, тўртта совунни кимга обкелдим?..  

ЖИННИ БЎЛГАНИ ЙЎҚ

— Кейинги пайтларда сал паришонхотирроқ бўлиб қолдим. Газга, чироққа, телефонга пул тўлаш эсимдан чиқиб қоляпти. Автобусга чиқсам, чипта олиш хаёлимдан кўтарилади. — Унда ишхонангиз ғазнасидан маошингизни олиш ҳам эсингиздан чиқиб қолаётган бўлса керак. — Йўғ-э. Жа-а унчалик жинни бўлганим йўқ.  

ЯХШИРОҚ ЁНАДИ

Ёнғинга қарши кураш жамоасида ишлайдиган йигит қишлоқ хўжалик институтига сиртдан ўқишга кирмоқчи бўлибди. — Сиз ўзи буғдой билан шолининг фарқини биласизми? – сўради ҳужжатларини қабул қилаётган ходим. — Албатта-да, — дадил жавоб қилди ўт ўчирувчи. – Буғдойзорда шолипояга қараганда ёнғин чиқиш хавфи кўпроқ.  

ОЛТИН БАЛИҚ

Бир одам Олтин балиқ тутиб олибди. -Тила тилагингни, ҳаммасини бажо қиламан,- дебди Олтин балиқ. -Янги ўзбек бўлишни ҳоҳлайман. Унинг истаги шу заҳоти амалга ошибди. Ўша одам ҳеч қанча ўтмай яна Олтин балиқ тутиб олибди. -Тила тилагингни,- депти Олтин балиқ. -Йўқ, энди сен тилагингни айт,- дебди янги ўзбек керилиб.  

ИРОДАНГГА БАЛЛИ

— Ичишни ташлаган эмишсан. Ростми? — Рост? — Иродангга балли. Ўғил бола шунақа бўлиши керак. Лекин қийналиб қолмаяпсанми? — Йў-ўқ. Ҳечам қийналганим йўқ. Ўрганиб кетганман-да. Чунки, илгари ҳам бир неча марта ташлаганман.  

ОҒРИҚ ТИШ

-Қайнонангиз оламдан ўтибдилар. Сиз учун катта йўқотиш бўптида-а?.. -Вой, нимасини айтасиз, дугонажон,- деб чуқур хўрсинди келин.-Худди узоқ вақтдан бери оғриётган тишингни олдириб ташлагандай бўп қоларкансан.

Ҳабиб СИДДИҚ

Улашинг: