Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Журналистика—умрининг мазмуни

       Журналистика—умрининг мазмуни

Бошқа соҳани билмадим-ку, аммо журналистикада ўз ўрнингни топиб кетишинг жуда қийин. Айниқса, тележурналист бўлмоқчи бўлсанг. Бу соҳанинг ҳам ўзининг “бўри”лари, ёзилмаган қонунлари бўлади. Тележурналист бўлишинг учун ё заринг, ё зўринг бўлиши керак. Ҳа, айтмоқчи, озгина истеъдод ҳам. Қўйсангизчи, дерсиз! Аммо, бу ҳақиқат. Ҳозир қандай билмадиму, аммо, илгари шунақа эди. Кимгадир биргина муомаланг ёқмай қолади, кимгадир ўзингни тутишинг. Ҳаммаси бинойидай бўлса, эфирда қандайдир хатоликка йўл қўясан. Маҳаллий телевидение бўлса ҳам, киборлар йиғилган давра бу. Чиройли соч турмагинг, келишган қадди-қоматинг, истарали юзинг ва асосийси, ишга эрта келиб-кеч кетишинг муҳим, бу даргоҳда. Телевидениеда ишлаб, топганларимиз кўп бўлган. Ютуқларимиз, танловлардаги муваффақиятлар, томошабинлар меҳри. Йўқотганларимиз эса — соғлик, оқибат, оила аъзоларимиз учун вақт… Гап ҳозир нима топиб — нима йўқотганимиз ҳақида эмас. Гап журналистикани ҳаётининг мазмуни деб биладиган касб фидойиларидан бири ҳақида. Гулнора Қурбонова. Бу ёқимли, аллаловчи овоз соҳибаси радио тўлқинлари орқали водийдаги ҳар бир хонадонга кириб борган. Соҳир овоз эгаси мана 25 йилдирки, журналистика соҳасида нафақат ишлаб, балки яшаб келади. Минг бир чиғириқ, синовларга дош бериб, ҳаёт машаққатларини енгиб ўтган бу аёлнинг журналистикага садоқатига тан бераман. Баъзан, шу аёлнинг ўрнида бўлганимда, мен нима қилардим, бардош бера олармидим, деб ўйлаб қоламан. Гулнора опа бир пайтлар водийда машҳур бўлган “Андижон” Ёшлар телерадиокомпанияси(ЁТРК) журналисти эди. “Эди” дейишимнинг сабаби эса: бу телевидение ҳозир “Zo’r TV” номи билан машҳур телеканалга айланган, манзил-макони ҳам пойтахтда, Андижонда ундан биргина қаровсиз биною, ҳувиллаган кўча қолган. Жуда яхши эслайман, телевидениеда бирга ишлаган кезларимиз, аёзли қиш кечалари бир-биримизга суянганча монтаж жараёнидан уйга қайтардик. Қўлларимизда оғир кассеталар тўла халта, кичик аёллар сумкасида упа-эликдан ташқари отнинг калласидек блокнот, микрофон ва яна алламбалолар бор. Сумка жонивор гўё аёлларнинг рўзғор халтасидай чўзилиб кетган, боғичлари узилай-узилай дейди. У пайтлар бугунгидақа йўналишдаги таксилар қаёқда дейсиз. Мен-ку оилали эмасман, уйда йиғлаб ўтирадиган болам йўқ, аммо, Гулнора опанинг ёш болалари бор эди. У икки боласини қўлтиқлаб, баъзан уйда ёлғиз қолдириб, минг хавотир, ҳадик билан ишласада, бирон кун иш қолдирмасди, кечикмасди. Узоқ чўзилган монтаж ишларидан хориб, уйига шошиларкан, у ёқдан-бу ёқдан гапириб, кулдириб кетарди. “Қизларим қандай ўтирибди экан?”, деган хаёл, юрагидаги ваҳимани қувиш учун ҳам тинмай гапирарди у. Телевидение соҳасига борини бериб ишлади. Бу соҳанинг залворли юкидан эзилганда ҳам, телевидениенинг қаттиқ остоналарида қоқилганда ҳам журналистикадан воз кечмади. Йиғлатувчи кўрсатувлари, мунису мушфиқ шеърлари, ҳикматли сўзлар билан, инсонлар юрагидаги гапларни топиб гапириб, уларнинг нозик кўнгил торларини чертиш билан беҳисоб мухлислар орттирди. У топган мухлислар ҳозир ҳеч қайси журналистда йўқ, деб ўйлайман. Журналистикага муҳаббат унинг соғлигини емирди, асабларини тугатди, аммо, Гулнора опа ҳеч қачон бундан нолимади. Арзимас сабаб билан эфирдан четлатишлар, борингни бериб ишлаётган даргоҳга арзирли важсиз киритмай, остонада музтар қилишлар… Зоҳиран кўринмаган машаққатлар, ботиний эзилишлар кўп эди. Э воҳ, журналистиканинг қандай оҳанграбоси бор эдики, ўзлигингдан кечиб, ғурурингнида синдириб ишласанг. Гулнора опа шунча машаққат ва турткилашларга қарамасдан телевидениеда узоқ йиллар ишлаб, ажойиб кўрсатувлар қилолди ва минглаб мухлислар қалбидан жой олди. -Онам ўсал ётганида, унинг ёнида бўлолмаганман, — эслайди Гулнора опа. – Онам оғирлашиб боряпти, мен эса навбатдаги кўрсатувим съёмкасига чиқишим керак. Нозик одам, раҳбар, орқасидан югуриб юриб кўрсатувга зўрға кўндирганман. Вақтини қизғониб, 1 соатга аранг рози бўлган. “Ая, (шевада) мен съёмкага боришим керак, мен келгунимча кетиб қолманг, сиз ҳали ўлмайсиз!”, — ҳазиллашиб қулоғига аста шивирладим. — Онам бошини қимирлатиб, “боравер” дея ишора қилди. Ўзича мени дуо қилган бўлди. Онамни яқинларимга омонат қолдириб, ишга югурдим. Не хаёлда суҳбатни олиб бордим, нима саволлар бердим, билмайман, “учиб” уйга келдим… Мен Гулнораманми, ёки бегонаманми, энди онамга фарқи йўқ, ҳеч кимни танимай қолган экан. (Кўзларида ёш билан) Мен келдим ҳам, онамнинг жони узилди. Ҳаёт — қизиқ! Кимдир муваффақиятга, машҳурликка осонгина, омади орқали эришади, кимдир эса кичкинагина ютуққа эришиш учун ҳам йилларки тер тўкади, заҳмат тортади. Йиллар давомида эришганларингни сақлаб қолиш ҳам осон эмас. Гулнора Қурбоновада ҳам шундай бўлди. Телевидениедаги фаолияти ўзи истамаган тарзда якун топди. Гулнора опа хувиллаган бағрини тўлдириш учун шеърлардан аламини олди, радиоэфирларни “ёндирди”. — Мен ҳалигача водийдаги ўша, бир пайтлар ҳамманинг севимли каналига айланган Андижон ЁТРК жамоасини қўмсайман. Биз энг аҳил, қувноқ, ижодий жамоа эдик. Балки, энг бахтли онларим шу даврада ўтгани учун қўмсарман, билмайман. Кимгадир имконият берилади, кимгадир истеъдод. Менга берилган имконият мен учун кам бўлган. Мен ўзимни бундан каттароқ ишлар қилиши мумкин бўлган ТВ журналисти деб билардим. ТВ дан кетган кунимдан бугунги кунимгача йўқотилган вақт оралиғида кўплаб ижод маҳсули беришим мумкин эди. Лекин, ТВ соҳасидаги меҳнатим керак бўлмади, ҳеч кимга.

— “Дийдор” радиосига қачон ишга киргансиз?

— 2004 йил октябрь ойлари эди, адашмасам. Радиони очган йигит, марҳум Ҳожиакбар Абдураҳимов мени бошловчиликка таклиф қилиб, уйимга борган ва мен илк эфиримни ҳамкасбим Сирожиддин Мавлонов билан олиб борганман. “Дийдор” шу даражада машҳурликка эришганки, ҳар тонг ишга келганимда, дарвоза олдида кўплаб мухлислар гуллар билан кутиб турган бўларди. Мен Ҳожиакбардан жуда миннатдорман, умри қисқа экан, охирати обод бўлсин, жуда яхши инсон эди. Сабаби, у мени энг оғир кунларимда, ҳамма менга ишончини йўқотганида ишга олди. Ўша пайтда атрофимда ҳеч ким қолмаганди, ҳатто, кунда ёнимда ўзини дўст тутиб юрувчилар ҳам. Иккала қизимдан бошқа мутлақо ҳеч ким. Шундай пайтда “Дийдор” мени қўлимдан тутиб, яна миллионлар олдига олиб чиқди.

-Журналистиканинг нони қаттиқми, сизнингча?

-Аслида, санъатнинг нонини қаттиқ, дейишади. Лекин, журналистиканинг нони ундан ҳам қаттиқроқ. Журналистиканинг нонини ейиш учун — темирдан тиш керак. Мен шундай деб ўйлайман.

— Унда нима учун журналистикани танлагансиз? Болалик орзуйингизмиди бу?

-Болаликда журналист бўлишни орзу қилмаганман. Агар орзу қилганимда, шу йўналиш бўйича ўқиган бўлардим. Соҳам журналистика эмас, буни ҳамма билади. Мактабда ўқиётганимда ҳар доим “олим бўламан”, дердим. Чунки, физика-математика фанларини жуда яхши ўқирдим. Олимпиадаларда қатнашардим. Тошкент давлат Политехника институти(ҳозирги Техника университети) ни тамомлаганман. Лекин инженер бўлмадим, журналист бўлдим. Институтни тамомлаб, Анжанга қайтган йилларим маҳаллий телевидениелар очилган паллага тўғри келган. Вилоят телевидениеси, “Тараққиёт” телевидениеси, “Андижон Ёшлар телевидениеси”. Шунда юрагимга чўғ тушган, ичимдаги ижодкорлик бош кўтарган. Ва менинг бу соҳадаги илк иш жойим “Тараққиёт” телевидениеси бўлган. -Телевидениедаги илк иш кунингизни эслай оласизми?

-Ў-ў-ў-ў, сиз менинг қалб яраларимни янгиладингиз. Бу кунни бир умр унутолмасам керак.Танловдан ўтиб, ишга қабул қилинган куним раҳбарият мендан “Биз сизга имкон бериб, ишга олсак, болаларингизни баҳона қилиб иш қолдиравермайсизми?”, деб сўраган. Мен “Йўқ-йўқ, менинг қизларим катта бўпқолган, мен умуман иш қолдирмайман”, деб ваъда бериб юборганман. Ваҳоланки, қизларим ҳали кичкина, бири — 4, яна бири — 2 ёшда эди. Ўша куниёқ мени кўрсатувлар тартибини ўқитиб тасвирга олишди. Эртасига, илк иш куним — эрталаб қизларимнинг дадаси ичиши учун термосга чой дамлаяпман. Ўша онларда эфир бошланиши керак эди. Экранда гапираётганимда маҳлиё бўлиб, гўё сеҳрлангандай телевизорга қараб қолибман. Қўлимдаги термосга қуяётган қайноқ сув ёнимга пилдираб келиб қолган қизимнинг елкасидан қуйилиб кетган. Болам чирқираб қолди. Дод солиб, қизимни кўтариб, онамникига қараб югурдим. Телевизорни ўчиришни ҳам унутдим. Мен чопиб кетаяпману, орқада ўзим гапириб турибман…(кўзларида ёш билан) Синглим шифокор эди, тез етиб келди, онам, синглим, келинимиз боламни олиб қолиб, кечгача атрофида парвона бўлишди. Мен эса ваъдамда туриш учун йиғлай-йиғлай ишга кетганман. Бу воқеа ҳалигача ёмон хотира бўлиб, мени қийнайди. Аммо, мен шу куни ҳам, ундан кейин – ҳаётимда бундан ҳам ёмон воқеалар содир бўлганида ҳам, (юқоридаги онаси билан боғлиқ воқеани назарда тутяпти) бир кун ҳам иш қолдирмадим, ишга кеч қолмадим.

-Одатда, бир нарсага эришаётганда бир нарса қурбон қилинади? Сиз нимани қурбон қилдингиз?

-Мен шахсий ҳаётим ва оиламни қурбон қилдим. Агар журналистикага кирмаганимда ва оддий уй бекаси бўлганимда балким, фарзандларим кўпроқ бўлармиди. Ўйлайманки, мен туғилмаган ва туғилиши мумкин бўлган фарзандларимни қурбон қилдим. Ҳали ёшман, эрим бор эди, битта ўғил туғиб олсам бўлмасмиди, дейман-да. Ҳудога шукр, икки қизим, невараларим бор, аммо телевидениеда ишлайман, деб… Мендан кўўўўп болалари бор яхши она чиқиши мумкин эди, журналист бўлмаганимда. Бугун тенгқурларим, дугоналаримнинг басавлат, келишган ўғилларини кўрганимда, шу армон озгина юрагимни тиғлайди. Аммо, агар умрни қайта яшаб ўтиш имкони бўлганида, барибир журналистикани танлаган бўлардим(кулади). “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”, дейишади. Ҳақ рост! Бу мақолни мен ўйлаб топмаганман. Иқтидори, қалами, беқиёс овози ва мухлислар эътирофига қарамасдан Гулнора опа на ишлаган иш жойларида, на ҳокимият томонидан мукофотларга тавсия этилмаган. -Журналистларнинг касб байрамида ҳам баъзан ҳушларига тушса таклиф этишади, бўлмаса йўқ, — дейди хўрсиниб Г.Қурбонова. — Ҳатто ёш-ёш блогерлар таклиф этилади. Ва энг қизиғи, ўша чаласавод кадрларнинг бурни осмонда, ҳеч кимни назарига илмайди. Ана шуларни кўрганда, хафа бўлиб кетаман. Тўғри, бизнинг давримиз ўтгандир балки. Аммо, ҳозирги давр ёшларники бўлса, ҳақиқий билимли ёшларники бўлиши керак. Журналистикани ҳам билими саёз, саводи ҳаминқадар чала журналистлардан тозалаш вақти келди, менимча. Инсон ҳамиша олдинга интилиб яшамоғи керак. Хотиралар билан яшаш, ўтмиш таъсиридан қутулолмаслик кишини руҳан тушкунликка солиб қўяди. Радиода Гулнора опанинг овозини эшитмай қўйгач, аввалига шундай деб ўйладим, соғлигидан хавотирландим. Аммо, хавотирларим бекор экан. Гулнора Қурбонова ҳозирда — тадбиркор, уйида оилавий боғча ишлаб турибди, не-не қийинчилик билан ўстирган қизлари бири қўйиб — бири онасига парвона. Гулнора опа ўзи орзу қилгандек кексаликка эришди. Ширин оиласи, неваралари қуршовида, фарзандлари ардоғида. Егани олдида — емагани ортида. Бир аёлга шундан бўлак яна нима керак? — “Умиднинг ранги”, деб номланган китоб ёзяпман, ҳозир шу китоб билан оввораман, яқинда чоп этилади. Болаликдаги хотираларим, журналистика, ишхона, ижод билан боғлиқ қизиқарли воқеалар, ҳикоялар. Демак, менинг энг зўр кунларим, юлдузли онларим ҳали олдинда, — дейди кулиб Гулнора опа. Мақолам ниҳоясида анчадан бери излаб юрган саволимга жавоб топгандай бўлдим. Менимча, кишилар журналист бўлиб етишмайдилар, журналист бўлиб туғиладилар. Журналист бўлиб туғилган инсонлар — бир умр, ҳатто қариб, мункиллаб қолган чоғларида ҳам қаламидан айрилмас экан. Журналистлар нафақага чиқишлари мумкин, аммо ҳамиша журналист бўлиб қолаверадилар. Инсон умри ўтган сари тажрибаси ошиб, ақл-заковати юксалиб, яхшироқ ёза бошлайди. Сиз ҳам ёшлигингизда ёзганларингиз ўзингизга эриш туюладими? Ёзганларингизни ўқиганда, бунданам яхшироқ ёзишим мумкин эди, деб ўйлайсизми? Демак, сиз журналист бўлиб туғилгансиз, худди Гулнора опа каби.   Муаззам СОБИРЖОН қизи    

Улашинг: