Халқимиз азалдан китобхонликни улуғ фазилат ва фойдали машғулотлардан бири сифатида улуғлаб келган. Ота-боболаримиз яшаган даврларда қиссахонлик кечалари бўлган. Зиёли ота-оналар узун кечаларда фарзандларига достонлар, эртаклар ўқиб берганлар, фарзандлар эса уларни жон қулоқлари ила тинглаганлар, яхшилик ва ёмонлик ҳақида хулоса чиқарганлар. Шу тариқа эзгуликка ошно, эзгу хулқ ва фазилатли инсонлар бўлиб улғайганлар.
Келажак авлоднинг бахту камоли осойишта ва фаровон ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни бор. Яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ва эзгуликка ундайди.
Таъкидлаш лозимки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим муассасалари учун ўқув адабиётлари яратиш ва ўқувчиларга етказишнинг мустаҳкам тизими яратилди. Ҳозирда Ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказларининг моддий-техника базаси янгиланиб замонавий электрон кутубхоналар тизимлари фаолият кўрсатмоқда.
Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобеъ қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бунинг тасдиғини узоқ ва яқин тарихдаги жуда мисолларда яққол кўриш мумкин.
«Китоб», «китобхонлик», «кутубхона» сўзлари бир мақсадга, яъни инсон маънавиятини бойитишга хизмат қилади. Китоб – туганмас хазина. Ундан олган билимларни умрнинг охиригача ҳам сарфлай олмаймиз. Инсоннинг ундан яқин ҳамроҳи, дўсти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки, у ақлни пешловчи қайроқдир. Китоб тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, муқаддас деб эъзозлаб қадрига етади, севиб мутолаа қилади.
Буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари «Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи», дея таъкидлаган бўлсалар, соҳибқирон бобомиз Амир Темур «Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир», дея уқтирганлар.
Халқимиз тилида китоб ўқиб, билим ва муносиб тарбия олиш, касб-ҳунар ўрганишнинг аҳамиятига доир мақоллар жуда кўп. Жумладан “Китобсиз ақл – қанотсиз қуш”, “Билим – ақл чироғи”, “Гўзаллик – илму маърифатда”.
Минг афсуски, китоб ўқиш ўрнига қимматли вақтини бекорчи кўнгилочар ўйинларга сарфлаётган инсонлар ҳам орамизда оз эмас. Ундайлар фикрлашда, ўзини тутишда ҳам маънавияти юксак эмасликларини намоён этиб кўйишади. Техника асри даврида яшаяпмиз, кундан-кунга техник воситалар тараққийлашиб, уларга бўлган эҳтиёж ортиб бормокда. Хусусан, қўл телефонлари, турли интернет тизимини бунга мисол қилишимиз мумкин. Тўғри, Юртимизда ёшларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Чунки миллатимиз шаънини, миллий ғуруримизни юксалтирувчи бу — ёшлар. Шу боис, турли миллат ва элатларнинг ёшлари каби ўзбек ёшлари ҳам дунё билан мулоқотда бўлиши керак. Бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин айрим ёшлар берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига, интернетдаги кўнгилочар ўйинлар, танишувлар, ёшлар онгини заҳарловчи сайтларга кириб, у ердаги маълумотлар билан танишмоқдалар. Бунинг оқибатида уларнинг дунёқараши бир томонлама бўлиб қолмоқда.
Неча минг йиллардан буён инсонларга тўғри йўлни кўрсатиб келаётган, уларнинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва бахтли бўлишининг муҳим омили, бу – китобга дўст бўлиш ва китоб ўқишни канда қилмасликдир.
Шундай экан, фарзандларимизни китобга ошно қилишимиз, уларда китобхонликка меҳр-муҳаббат туйғуларини уйғотишимиз зарур. Зеро, фарзандлар – нурли келажагимиз демакдир.
Маликахон Собирова,
Избоскан тумани 18-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.