Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Аёл бекор ўтиролмайди

Саидахон АБДУСАЛОМОВА,
Туман ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида халқимиз ҳаётини янада фаровон қилиш турибди. Бунда аҳолининг ўзи ҳам ташаббус­кор, ижодкор бўлмоғи лозим.
Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 ташаббуснинг бешинчи йўналиши ҳам хотин-қизларнинг банд­лигини таъминлашга қаратилган.

Оила баракаси эр-хотиннинг иноқлик билан иш юритишига боғлиқ. Кейинги йилларда аёлларимиз оилалари бюджетига жуда катта ҳисса қўшмоқдалар. Улар томорқаларидаги иссиқхоналарда маҳсулот етиштирмоқдалар, кўпроқ тикувчилик билан шуғулланишаётир.
Шу йилнинг ўтган ярим йиллигида 19 та кичик тикувчилик цехлари ташкил этилиб, уларда 230 нафар хотин-қизларимиз меҳнат қилмоқдалар. Шу йилнинг февраль-март ойларида 11 нафар хотин-қизга Республика хотин-қизлар қўмитаси қошида ташкил этилган жамоатчилик фонди томонидан 125 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиб, 51 та янги иш ўрни яратилди.
Марказ МФЙдан тадбиркор Гулнозахон Ҳалилова трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цех ташкил этиб, 20 нафар аёлни иш билан таъминлади. Узун кўча МФЙдан Машҳурбек Маматов, Гулистон МФЙдан Ойгул Тожиддинова, Қораянтоқ МФЙдан Хуснида Тўрабоева, Навжўр МФЙдан Эркиной Расулова, Гуркиров МФЙдан Азизбек Хайитовлар ҳам тикувчилик цехлари ташкил этишиб аёлларимиз учун иш ўринлари яратишди.
“Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида 53 нафар тадбиркорликни бошламоқчи бўлган хотин-қизлар имтиёзли кредит билан таъминланди.
Албатта бу билан тўлақонли яхши иш олиб боряпмиз, дея олмайман. Қиладиган ишларимиз жуда кўп. Зеро хотин-қизларимизнинг ҳар бири оилаларига барака олиб киришлари лозим. Бизнинг вазифамиз эса интилаётган, изланаётган опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш. Бунинг учун ҳар бир фуқаролар йиғинида изчил иш олиб боришимиз ҳаётий зарурат.
Олдимизга катта вазифа қўйилган. Йил якунига қадар камида 1800 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш. Бунинг учун Наврўз­обод МФЙ ҳудудида “Ўзпахтасаноат” АЖ ташаббуси билан 300 нафар хотин-қизлар ишлайдиган тикувчилик фаб­рикасини ташкил этиш. Бу борада ишлар олиб борил­япти.
Туркиялик инвесторлар Навжур МФЙ ҳудудидаги Избоскан қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг бўш турган устахона биносида ҳамда “Барҳаёт” МФЙ ҳудудидаги собиқ пиллахона биносида тикувчилик цехларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу корхоналарда 300 нафардан ортиқ иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда.
Марказ МФЙ дан тадбиркор Нодирбек Қурбонов, Куйганёр МФЙдан тадбиркор Ўткирбек Болтабоев, Ойбек МФЙдан тадбиркор Муҳаббатхон Мухторова, Истиқлол МФЙдан тадбиркор Бахтиёр Аҳмедов, Гулистон МФЙдан “Айгул текстил” корхонаси раҳбари Ойгул Тожиддиновалар ҳам тикувчилик борасида иш ташкил этиш учун изланишлар олиб бормоқдалар. Уларнинг амалий ҳаракатлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Яна шуни алоҳида эътироф этиш жоизки собиқ “Атлас” ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушиши натижасида 500 нафар юртдошларимиз ишли бўладилар.
Республика хотин-қизлар қўмитаси қошида ташкил этилган жамоатчилик фонди орқали яқин кунларда яна 29 нафар хотин-қизларимиз имтиёзли кредит олиши кутиляпти. Бу маблағ орқали яна янги иш ўринлари яратилади.
Президентимиз илгари сурган 5 ташаббусга хотин-қизларимизни иш билан таъминлаш киритилгани бежиз эмас. Улар ишли бўлса уларнинг юрт тараққиётига қўшаётган ҳиссалари ортади, оилаларига қут-барака киради.
Ўзбек аёли ҳеч қачон бекор ўтирган эмас. Хонадонидаги саранжом-саришталик, файзу-барака ҳам улар билан, фаровонлик билан яшаётган опа-сингилларимизнинг бахти бисёр.

Улашинг: