Жорий йилимизнинг апрель ойида тадбиркор О.Ф. имзоси билан ўғирлик бўлганлиги тўғрисидаги туман ички ишлар бўлими бошлиғи номига ёзилган ариза келиб тушди. Ариза юзасидан фуқаро Э.С. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят ишини дастлабки тергов ҳаракатлари давомида шу нарса маълум бўлдики, фуқаро Э.С. тумандаги МЧЖлардан бирининг ҳудудига кириб, бино ичида бўлган 62 миллион сўмликдан ортиқ нарса ва буюмларни яширин равишда талон-тарож қилиб, ҳодиса содир бўлган жойдан қочиб яширинган.
Ҳўш, унинг бу ишни қилишига нима сабаб бўлган? Айбланувчи тариқасида сўроқ қилинган Э.С. ўз айбига тўлиқ иқрор ва пушаймонлигини билдирди. У ўғирлик содир этган МЧЖда иш бошқарувчи бўлиб ишлаб юрар экан бошлиғи О.Ф. билан келишолмай қолади. Шундан сўнг осон йўл билан пул томиш ниятида МЧЖ да мавжуд бўлган тикув машиналари ва ускуналарни, газ плитаси ва музлаткич ҳамда бошқа нарсаларни О.Ф.нинг рухсатисиз, яширин равишда олиб чиқиб кетишга қарор қилади.
Ушбу моддий бойликларни ҳайдовчиси Р.Х. бўлган «Исузи» машинаси ҳамда ҳайдовчиси нотаниш бўлган «Дамас» русумли машинада О. исмли танишиникига олиб боради. У билан олиб келинган нарсаларга 2500 АҚШ долларига келишади. Лекин О. пулнинг ярмини беришини, қолганини буюмларнинг ўғирланмаганлиги тўғрисидаги тилхатни олиб келса беришини айтади. Шундан кейин Э.С. нарсаларга харидор топиш учун Тошкентга йўл олади. Тошкент вилоятида яшайдиган опасининг олдига бориб, иш ҳақи учун берилган нарсаларни олиб келганини баён қилади. Лекин унинг хомхаёллари ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қўлига кишан солинганда тумтарақай тарқаб кетади. Унинг ўзи айтишича ўғирлиги жуда тез ошкор бўлди. Зотан у ўғирлик қилган жойда нарсалар юкланган машиналарнинг орқа томондан келиши кўпчиликнинг эътиборини тортган эди. Ҳалол кишиларнинг кўплиги, ички ишлар бўлими ходимларининг ҳушёрлиги, ўз ишларига масъуллиги туфайли унинг ўғирлиги қисқа муддатдаёқ очилди. Энди Э.С. қилмишига яраша жазосини олади.
Ф. Бабамирзаев,
туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси терговчиси, лейтенант.
М. МИРЗААБДУЛЛАЕВ,
«Пахтакор» мухбири