Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Турсуной Содиқова: Оға-инилик илми

БИРОВ ФАҚАТ БЕРУВЧИ, БИРОВ ФАҚАТ ОЛУВЧИ БЎЛИБ ҚОЛМАСИН!

Қуръони каримда ўзингга илинган ҳамма яхши нарсаларни бошқаларга ҳам илиниш лозимлиги таъкидланади. Илинишни ҳам юракдан ва барчага баравар қилишингизни айтилади. Бегоналар олдидаки шунча бурчдор бўлсангиз, ўзингизникиларга, демак, оғзингиздагини узиб беришга буюрилгансиз, йигитларжон! Ҳар сафарги йўқловингиздан жигарингизнинг қувониши Оллоҳнинг сиздан рози бўлишидир.
Аммо ҳар борада инсоф ва адолат билан иш тутмоқ ҳам маънавий бутунликдир. Мурувватпешаликни улуғлик дедик, лекин эсингизда бўлсинки, меҳрибонлик, илиниш бир томонлама бўлиб қолмаслиги керак. Яъни, ҳаргиз биров фақат берувчи, биров фақат олувчи бўлиб қолмасин. Сизга жигарингиз яхшилик қилдими, дарҳол унга қувонганингизни сездиринг, бировни шод қилганидан унинг ўзи ҳам бир маза қилсин. Қолаверса, дилингизда «Эй Худо, мени ҳам қодир қил, жавобини икки ҳисса ортиғи билан қайтарай» деб ният қилиб қўйинг.
Билингки, буни бир кам дунё дейдилар: ҳеч кимнинг ўз бола-чақасидан ҳеч қачон ҳеч нарса ортмайди. Иложини топиб, бировга бир нарса илиниш марднинг ишидир! Бунинг қадрига етинг, биродар. Жигарингиз сиздан қайтим кутмаса ҳам, имконингиз етганча сиз ҳам уни йўқлаб туринг.

ДАДАМНИНГ ЙЎҚЛОВЛАРИ

Дадам илмли эдилар. Ҳаётимиз одмигина, ҳадеганда кўтариниб бориб бировни севинтирадиган имконимиз йўққина эди. Аммо дадам умрларининг охиригача, гарчи тўқсонга яқинлашиб қолган бўлсалар ҳам аммаларимни йўқлашни тарк қилмадилар. Тугунлари ҳам одми: бир килогина нов­вот, бир килогина оқ қанд ва нон бўларди. Лекин сингиллари буни бир сандиқ мол каби қабул қилардилар. Хосиятхон аммам, айниқса, нозик табиатли эди. Ора-орада дадамга оқ сурпдан кўйлак-лозим тикиб келиб қолар, ана ўшанда дадамнинг яйрашини кўрсангиз эди! Юзи ҳам, кўзи ҳам, овози ҳам бошқача яшнаб кетарди. Одатда, биз қиммат совғалар келтирсак ҳам бир суюниб, дарровгина тиниб қолгувчи дадам аммам келтирган совғани бот-бот мақтар, ҳадеб: «Хосият тиккан кўйлакни кияй» деяверарди…
Биродар, аммамнинг иши — меҳр, оқибат! Дадамнинг ўша туриши эса жигарининг йўқловидан бахтиёр ҳолатидир!

БУНДАЙ ЖИГАРНИНГ БОРИДАН ЙЎҒИ ЯХШИ!

Йўқланган одам, ҳақиқатда энг бахтиёр одам! Макони олтин ичра бўлса ҳам инсон ўзини излашларини, соғинишларини, кўнглини овлашларини жуда-жуда хоҳлаб яшайди!
Бир оилани биламан: эр-хотин обрўли, ўта меҳнаткаш ва ўзига тинч. Уларнинг жигарларига қилган оқибатларига ҳамиша қойил қоламан. Ҳали унисини касалхонага жойлайди, ҳали бунисига дори қидиради, бирини ишга тиккаласа, бирининг уйини ремонт қилиб беради, кимнидир қарзини узган, яна бировини милициядан чиқариб олган ва ҳоказо! Жўнатилган тугун-тугун кийимлар, бўхча-бўхча буюмларни қўяверинг! Аммо бу оиланинг ўзида бирор йиғин бўладиган бўлса, ўртада балогардон бўлиб турадиган бирорта жигарини кўрмайсиз. Бу хонадонни соғиб ичган жигарлари оғирликнинг бир четини кўтарайлик дейиш тугул, жуда бўлмаганда супур-сидирга ёрдамлашмайдилар. Қирғийдай пайт пойлаб, бир четда томошабин бўлиб турадилар-у йиғин тугаган заҳоти қўлга тушганини йиғиштирадилар-да, тугунларини дўппайтириб жўнаб қоладилар.
Яқинда бир суҳбат бўлди-ю, меҳр-оқибат ҳақида гап кетди. Ногаҳон ўша дўстимга қараб қолдим: кўзларида мўлтираган ёш эди. Нима гаплигини сўрадим. У чуқур хўрсиниб қўйди-да, ўксик овозда деди: «Худо менга кўп жигар берди. Аммо… уларнинг ичида меҳрибоним йўқ. Ҳозир-ку имконим дуруст, аммо ночор кунларимда ҳам уларга тинмай илинар эдим, илингим келаверар эди. Назаримда мен уларни жуда яхши кўрардим, ҳар гал уларнинг мушкулини осон қилганимда (бунинг учун бошимни урмаган тош қолмасди, изтироб чекардим), ўзим енгил тортардим. Бугунга келиб, ёшимга ёш қўшилдими, ҳар қалай қадримга йиғлаб қолдим. Оғир беморликларни кечирдим, ёнимдан одам аримайди, лекин жигарларим йўқ. Наҳотки хавотир олишмаса деб ўксийман. «Сенга атаб мана бу овқатни пиширдим, ўз қўлим билан едириб кетай», дейишларини, «Кел, жигарим, бошингни бир уқалаб қўяй», дея алқашларини, ишим, муаммоларим билан қизиқиш­ларини, юрагимга юракларини босиб ҳол сўрашларини дил-дилимдан тиланаман. Шу кунгача улардан ҳеч бўлмаганда, «Илигинг иссиқ турсин, мана бу пайпоқни атаб олиб келдим, ё оддий бўлса ҳам мана бу чойшабни ёпиниб ёт», деган ҳимматни кўрмадим. Аксинча, шундай гаплар бўладики, олдин кўтарсам ҳам, энди кўтаролмай қолдим. Мана бу гапларни қаранг:
– Ука, сен албатта тузал, шу қизимни ҳам чиқариб бермасанг бўлмайди!
–Бизга берган бўлса, бойиб-битиб кетгани учун берган. Йўқловимизга у зор эмас. Жигармиз-ку, еб кетсак, кетибмиз-да!
Опамизнинг боласига солган имодай ҳовлиларда ўтиб кетаверамизми, ўша пулларидан бизга ҳам бўлиб берса бўлмасмиди?
–Боламни ўқишга киритиб бермасангиз, қанақа жигарсиз?!
Шуларни ҳикоя қилар экан, кўз ёшлари ёмғирдай қуйиларди. Мен эса музлаб бўлдим…
У йиғламай, ким йиғласин! Анови акани қаранг! «Шундай синглим ўлиб кетса, доғига қандай чидайман», деб эмас, «Бунга бир гап бўлса, қизимни узатолмай қоламан», деб васвасага тушмоқда! Бундай жигарларнинг боридан йўғи яхши!

Улашинг: