Туманимизда 130 мингдан зиёд 30 ёшгача бўлган ёшлар бор. Улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича мунтазам тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Албатта ана шунча ёшнинг ўзига хос характери, қизиқиши, хулқ-атвори бор. Биз уларнинг қизиқишлари, ўқишлари, тадбиркорлик билан шуғулланишлари, спорт ва турли тўгаракларга боришлари, билим олишларига, ҳаётда ўз йўлларини тўғри танлашларига имкон қадар ёрдам бермоқдамиз.
Турли фанлар олимпиадалари, спорт беллашувларида ғолиб ёшларни уларга ўрнак қилиб кўрсатиш билан қизиқишларини орттириш эътиборимизда бўлмоқда. Спорт билан мунтазам шуғулланиш ёшларнинг нафақат жисмоний балки ақлий қобилиятини ҳам ривожлантириши, инсонни комилликка, маънавиятга йўналтириши сир эмас.
Лекин тан олиб айтиш лозимки, олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишларига қарамасдан ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳамон жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар учраб турибди. Масалан ўтган йилимизнинг шу даврида 14 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилмаган бўлсада, 14 ёшдан 18 ёшгача бўлганлар ўртасида 10 та маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2тага кўп. Ёки 18 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар томонидан шу кунгача 318 та маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилгани аниқланди. Ҳолбуки ўтган йилнинг ана шу даврида бу кўрсаткич 72 тани ташкил қиларди.
1-,8-,28-,30-умумтаълим мактабларининг 1-2 нафардан ўқувчиларининг профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар рўйхатига олиниши бу жойларда тарбиявий ишларни янада кучайтириш лозимлигидан далолат бермоқда. Қашқарлик, Тўраобод, Гулистон, Қораёнтоқ, Узункўча маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари мактаб-маҳалла-ота-она ҳамкорлигини қайтадан бир кўриб чиқишлари, профилактика инспекторлари билан биргаликда иш олиб боришлари тақозо этилмоқда.
Ўқувчиларнинг ёзги таътилларини мазмунли ўтишини ташкил қилишда ҳам белгиланган режа асосида иш олиб бориляпти. «Машъал» болалар дам олиш оромгоҳида 600 нафар боланинг дам олиб, соғломлаштирилиш режалаштирилган. Бунинг учун оромгоҳ таъмирланиб, мавсумга шай ҳолатга келтирилди. Тумандаги БЎСМ ва спорт мактаби томонидан 5 та, БАМ томонидан 1 та тўгараклар ташкил этилди. Оромгоҳ кутубхонаси жиҳозланиб, 1500 дона бадиий адабиёт, 200 та илмий-оммабоп, 50 та электрон аудио бадиий китоблар билан таъминланди.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг 5 муҳим ташаббуси ижросини таъминлаш мақсадида турли кўнгилочар тадбирлар, кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, расмлар танловлари, бадиий чиқишлар уюштирилмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, дам олишга 50 нафардан ортиқ кам таъминланган ҳамда махсус ҳисобдан чиқарилган оила фарзандлари имтиёзли жалб қилинди. Амалга оширилаётган бундай ишлар ёшлар ва балоғатга етмаганлар ўртасида турли жиноятлар, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Туман ички ишлар бўлими бундан кейин ҳам туман ҳокимлиги, туман Ёшлар иттифоқи кенгаши, маҳаллалар фаоллари, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда иш олиб бориб, фарзандларимизнинг маънавий ва жисмоний камол топишига муносиб ҳиссаларини қўшадилар. Зеро улар эртанги кунимиз эгаларидир.
Шуҳратжон ЭРГАШЕВ,
туман ички ишлар бўлими ходими, катта лейтенант