Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Турсунов СОДИҚОВА: оға-иничилик илми

ОТА-ОНАДАН КЕЙИН…

Ота-онадан кейин ёки улар кексайиб қолгач, оға-иниларни ўзаро бирлаштириш, фарзандлик юмушларини бажариш ишларига ўғилдир, қиздир — болалардан биттаси бош-қошлик қилиши керак. Бу кўпроқ тўнғич фарзанднинг зиммасига тушади. Агар у қатъиятли, ҳаммага баравар эътиборли ва жонсарак бўлолмаса, ё бу ишга саломатлиги ярамаса, у ҳолатда ёшидан қатъий назар, эплик-шудлик биттаси шу ўринни эгаллайди. Бундай жонкуярни оилавий мажлис қилиб сайламайдилар, фарзандларнинг ичида Оллоҳ юрагини уйғотган бирови ўз-ўзидан ўртага тушиб қолади ва бошқалари қандай қилиб унинг атрофига қовушиб қолганларини билмай қоладилар.
Илоҳим, ҳар бир ота-онанинг биттадан шундай боласи бўлсин. Оиласининг шаънини унга топшириб, улар бўлса, хотиржам ўлсин ва гўрида осойишта ётсин!..

БОШ БЎЛГАН БОЛАНИНГ НАЗАРИ ТЎҚ БЎЛИШИ КЕРАК!

Ота-онадан кейин бош бўлиб қолган фарзандга осон бўлмайди. Аввало у ўз манфаатларини охирги ўринга қўйишга мажбур. Яъни, энг адолатли, энг назари тўқ, энг сахий ва барча жигарларига бирдай меҳрибон бўлиши шарт. Ундан ҳеч қачон «Менга қани?», «Менга ҳам!» деган луқмани эшитмасликлари керак! Аммо бу фарзанд зиммасига олаётган юкига асло ўзи оғринмасин! Чунки қилаётган амалларидан аввало Оллоҳ рози, қолаверса, руҳлар рози. Бу эса унга пайдар-пай яхшиликлар келтиради. Энг муҳими, ундан тарқалган болалар бир-бирлари билан иттифоқда бўладилар.
Эҳ, йигитларжон, ҳали яшайверсангиз, кўраверасиз, агар фарзандлари иноқ бўлмаса, ота-онанинг эришган мартабаси, шон-шуҳрати, обрўси тупроқ билан биттадир! Уларнинг дунёдан кўзи очиқ кетганлари шу, гўрларида тикка турганлари шу…

ЖИГАРЛАРНИ БИР-БИРИГА ИСИТИШ ҲАМ САНЪАТ!

Оға-иниларга бош бўлиб қоладиган фарзанднинг энг муҳим иши қариндошлар орасидаги гинани йўқотишдир. Бунинг учун у ҳамиша орадаги яхши муносабатларни олқишлаб туради. «Фалон гапингдан опамиз андоқ яйрабди, анави совғангдан укамиз терисига сиғмай юрибди», «Фалончи жиянимиз катта бўлса, сенинг изингдан кетишни ният қилармиш, пистончи укамиз, тўйингга қўй оламан деб пул йиғяпти экан» каби кўнгилни обод қиладиган гап­ларни оға-иниларга етказиб туради. Айниқса, бундай гап­лар бир-биридан гина қилиб юрганларга айтилса, ораларидаги совуқ муносабат исийди.
Агар уришганни яраштирадиган бўлса, ёмонликнинг олдини оладиган бўлса, баъзида ёлғон ишлатилса ҳам кечирилса бўлар. Етакчи фарзанд авлоди тарқаб кетмаслиги учун қаловини топиб, шу йўлдан ҳам фойдаланади…
Онамнинг жаҳли кам чиқарди, аммо чиққудай бўлса, унча-мунчага юмшамас эди. Чамаси ўн тўрт-ўн беш ёшларда эдим, дадам билан ораларидан гап қочиб қолди. Онам жайрага айланиб олган, дадам мунғайиб қолган, менинг эса уйга киргим келмайди. Ўшанда мен ҳам шу йўлни тутганман: онам онасига жуда куярди, умрининг охирига қадар жудоликка ҳозир йўлиққан етимдай бўзлаб ўтди! Биламанки, бувимнинг хотираси онамга қиммат, шунга суяндим-да, ёлғон туш ўгирдим: тушимда бувимни кўрганим, унинг кайфияти сўлғин ва кийимлари ҳам хароброқ эканлиги, ёнимиздан бизга қарамай ўтиб кетганлигини айтдим. Онамнинг кўзида хавотир балқиб қолди. Мактабдан қайтсам, тушлик қилишяпти, онам чарақлаган ҳолатда дадамга чой узатяпти…
Шундай азизим, ниятингиз одамларга яхшилик қилиш бўлса бўлди, амалга ошириш йўлини Оллоҳнинг ўзи дилингизга солади.

БАНДАСИДАН ҲАРГИЗ СЎРАНМА!

Аввало, тирикчилигинг эл қатори ўтиб турган бўлса, сендан бойроқ кўринган жигарингдан асло сўранма! Бу нафси ёмонликдир. Ўзи илинса, бошқа гап. Бири энди ўсиб-уна бошлаган заҳоти бошқаларнинг дарҳол унга термилиб олиши маъқул иш эмас. Бу унга ғашлик кўрсатишга ҳам ўхшаб кетади! Сен сўрайдиганингни бандасидан эмас, Эгамдан сўра, бергувчи Удир! Акангни ҳам пешанасига битилган толедан бир маза қилишга қўй! Аслида Яратган ҳамманинг ниятига, меҳнатига яраша беради. Берадиган вақти-соатини ҳам Ўзи белгилайди. Айни вақтдаги яшаш шароитинг, айни вақтдаги ниятинг ва амалиётингга мосдир. Ўзингни ўзгартирмагунингча, аҳволинг ўзгармайди!
Аммо ўғлоним, муҳтожлик деган нарса бор. Бу тангликдир, бу ночорликдир! Ҳеч қачон жигарингни (сенинг энсангни қотириб турадиганини ҳам), муҳтожлик ичра ёнинг-га юкуниб келишини кутма! Олдиндан фаҳмлаб тур, олдиндан тадбир тузиб тур, ҳузурига аввалроқ ўзинг югур, қўлинг бўш бўлса, меҳрибон юрагингни олиб бор! Бу иккалангиз учун ҳам Яратганнинг имтиҳонидир.

Улашинг: