Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Турсуной Содиқова: Лабз ҳам иймондандир

Сиз кишининг ҳусн-келбатига, давлатига, айтаётган доно гапларию қўша-қўша дипломларига, ҳатто баланд мансабига ҳам эмас, ЛАБЗИДА ТУРИШИга қараб баҳо беринг. Бу дунёи дунда минг бир нохушликлар, кўнгилбузар ишлар бор, аммо мен учун субутсиз одамга йўлиқишдай ёқимсиз нарса йўқ! Лабзсизлик иймонсизлик белгисидир. Ундай одамни БЕТАЙИН дейдилар. Унга рўбарў келиш САРОБга йўлиқишдай гап: узоқдан гоҳ денгиз бўлиб жимирлаб, гоҳ дуркун боғ бўлиб имлаб, кўзингни, кўнглингни ўзига тортаверади, яқинроқ борсанг, ҳеч нарса йўқ! Сен бировнинг лабзига ишонар экансан, неча томирингни кенгайтириб, неча суягингни жойидан жилдириб унга дилингдан жой берасан. Агар у сенга панд берса, уни юракдан чиқариб ташлаш ҳам ўшанча оғир, оғриқли кечади! Ҳар гал алдансанг, бировдан ҳафсаланг пир бўлса, бамисоли ерга тушиб синиб кетгандай бўласан.
Авваллари бундай одамларга нисбатан нафрат туяр эдим. Умримнинг бугунги поғонасида туриб эса дил-дилдан ачинаман ва Аллоҳдан уларга шафқат сўрайман. Улар ақллари нафсга ем бўлган, вужудларига иблис жойлашиб олган одамлардир, шунинг учун қилмиш-қидирмишларидан шайтоннинг ҳиди, шайтоннинг овози келиб туради! Шартни, шартномани, яъни ваъдани бузган одамнинг ўзи алданган кишидан кўра кўпроқ талафот кўради. Атрофингизга бир қаранг, бунга минг бир исбот тўлиб ётибди. Аммо буни юраги қулфланганлар, лабзсизлар кўра олмайдилар.
Уларнинг сўқир эканлик­лари рост! Чунки улар худобехабардирлар, Аллоҳнинг мўъжизалари, синоатлари ва сабоқларини кўришдан маҳрумлар.
Яратган ваъда берди, «бир яхши ишни ният қил, шу ният қилишингнинг ўзига бир савоб ёзаман, мазкур ниятингни амалга оширсанг, бир неча бор ортиқроқ савоб ёзаман» деди, лабзида турди: ўзигаю бировларга нисбатан Аллоҳ рози бўладиган ишлар режалаштирган одам бой бўлмаса-да, соғ яшайди, узоқ яшайди! Фарзандларидан куймайди, фалокатларга учрамайди, одамларнинг иззатида бўлади.
Яратган сўз берди. «бандаларимни норози қиладиган ишлар қилсанг, жазоинг тайин» деди ва сўзида турди: бундай одамнинг пули кўпаяди, аммо ўзига юқмайди: уйида турли-туман кўргилик­лар пайдо бўлаверади, топгани сувдай тўкилаверади. Шуҳрат булутларида оёғи ерга тегмай сузиб юраверади, аммо кунлардан бир кун Яратган уни теппага олиб чиқиб бир ташлайди, қумдай сочилиб кетади. Биров орқасидан қидирмайди, қадрламайди. Чунки у кўп нарсага эга бўлгану, аммо элнинг назаридан қолган, бу унга буюк лабз эгаси Ҳақнинг жазосидир. «Мусулмонлар шартида турувчи бўладилар» деган хитоб бизга илоҳий топшириқдир. Азизим, шартта собитлик, лабзда турмоқ биз учун фарз амалдир.
… Бир воқеа ҳадеганда эсимга келаверади. 1968 йил эди, бир ҳафтагина касалхонада ётишга тўғри келди. Қўшни хонада бир дарвиш аёл ҳам даволанарди. У поезд ҳалокатида бир қўлидан ажраб бу ерга тушган экан. Ўзи ўттизга етган-етмаган, онамнинг тили билан айтганда, «сочлари орқаси билан битта», юзлари ойдай бу жувон бировга безиён, аммо жароҳати жиддий бўлса ҳам, тинмай юраверар, учраган одамга кулиб гап ташлайверарди. У шўрликка ачинардим ва дилдан яхши муомала қилардим. Менга уйга жавоб бўлди. Кетяпману, шу ожизага қандайдир яхшилик қилишим керак-да,-деган илинжда эдим. Ва унга: «Мен ёнингизга яна келаман, қандай илтимосингиз бор, айтинг, бажаришга ҳаракат қиламан», дедим. Чеҳраси ёришиб кетди, кўзларида умидворликми, илтижоми порлади. «Қизимни, қизимни олиб келинг, уйдагилар уни менга кўрсатишмаяпти, бир мартагина кўрай, уни олиб келинг, шундай қиласизми, олиб келасизми», дея типирчилаб қолди. Олиб келишга ваъда бердим. Унинг чала-чулпа тушунтириши бўйи­ча уйини аранг топиб бордим. Ота-онаси мени хомуш қабул қилдилар, англадимки. бу руҳан касал қизлари туфайли улар анчагина азият чеккан кўринади. Бир оғиз гап айтмасалар ҳам, қизчани онасига кўрсатгилари келмаганидан аёнки, довдир онадан болага зиён етиб қолади деган хавотирда эдилар. Аранг кўндирдим. Ўн икки-ўн уч ёшлар чамасидаги ўғилларини ҳам қўшиб бердилар. Қизалоқ икки-уч ёшда экан, ширинки, асти қўяверинг! Касалхонага келдик. Қаҳрамоним (исми хотирамдан кўтарилибди) қизини кўрдию, биз томонга отилди. Полга тиззалаб ўтирволган. »болам, болам»лаб қизининг юзу кўзидан, ҳатто этакларидан ўпар, тинмай йиғлар эди. У бирдан ўрнидан турди-да, югура келиб менинг рўпарамга ўтирди ва «боламни олиб келган оёқларингиздан айланай, боламни етак­лаб келган қўлларингиздан бир ўпай» дея тиззаларимни бир қўллаб қучоқлар эди. Атрофимизга докторлару беморлар тўпланиб олишган, у бўлса, бир мени, бир боласини бағрига босиб гирён урарди. «Дўхтир опалар, қаранг, қизим чиройлими, бу менинг қизим-да!» дер, онасининг шалвираб турган енгига тушунмай мўлтираётган қизига: «Менга бундай қараманг, қизим, қўлим бўлмаса бўлмас, сиз борсиз-ку», дея боласини сизлаб алқар, бир йиғлаб, бир куларди. Она-болани бир соатча дийдор кўриштиргач, қизалоқни уйига олиб бориб қўйдим… Ўшанда роса яйраганим эсимда. Нимадан яйраганимни мана энди тушундим: ваъдангни бажариб, бировнинг хурсанд бўлишини кўриш лаззати экан у! Бир паришонҳол одамнинг миннатдорчилиги шунча бўлса, соғ инсонларнинг розилиги қанча бўлишини тасаввур қилаверинг.
Дейлик, ўшанда ваъдани бериб, аммо боласини олиб бормасам, нима бўларди? Онаизорнинг кўзи йўлга қадалиб қолмасмиди, юраклари оқиб, дарвишлиги янада ортиб кетмасмиди? Ўзимнинг аҳволим-чи, не кечарди? Бировни ишонтириб, сўзининг устидан чиқмай юрган одам хотиржам бўлади дейсизми? Кўчага чиқса ҳамма ўша ваъдалашган одами бўлиб кўринаверади, эшик тақилласа юраги пўкиллайди, учраб қолса, у дейман, бу дейман деб, мингта ёлғонни тўқиб ёдлаб юради.
Ваъданинг катта-кичиги бўлмайди. Ваъдалашган одамингнинг ҳам катта-кичиги йўқ. Дейлик, бошланғич синф­да ўқитувчисиз. Бир палапартиш юрадиган болажонга: «Фалончижон, мен сенинг сочларингни, тирноқларингни мана бундай, шим-кўйлакларингни мана бундай ҳолатда кўришни хоҳлайман. Ахир, сен шундай юришга лойиқсан-ку! Эртага албатта текшираман», дедингиз. Бола хурсанд, чунки унга сен чиройли юришга лойиқсан дедилар! Мактабдан борибоқ тайёргарликни бошлади: сартарошга чиқди, ювинди, онасига ялиниб юриб шимини чиройли дазмоллатди. Эрта бўлди. Ўзининг ярақлаб кетганидан ўзи яйраб кетди, кўнглида доим шундай саранжом юришга аҳд қилди. Мактабга ҳам ҳаммадан олдин келиб олди, кўзи ёниб сизни қидирарди. «Мана ҳозир устоз келади, менга «яшавор, боракансан-ку» дейди, устознинг ишончини оқладим, ахир», деб, ўзи билан ўзи гаплашиб турганида сиз кириб келдингиз. У илжайиб йўлингизга чиқиб турди, салом берди. Лоқайдгина алик олдингиз-да, ўтиб кетавердингиз. Эътиборингизга тушиш учун болажон энди дарсдан умид­вор бўлди. Сиз дарсда ҳам ваъдани эсламадингиз, ҳатто унга тўхталиброқ қараб ҳам қўймадингиз. Сиз буюк хато қилдингиз!
Гўдакда катта одамлар ҳам аҳдида турмас экан, деган фикр қолди, бундан бу ёғига ҳали кичикман-ку, мен ҳам ёлғон гапирсам нима қилибди деган ўйга бориши мумкин. Субутсизлар, ёлғончилар осмондан тушмайди: болаларга бу касаллик устоз­ларидан, ота-оналаридан, бобо-бувиларидан юқади! Ҳалиги ўқувчи ўсмоқчи эди, янгиланмоқчи эди, дастлабки куртагини туккан эди, муаллим ҳардамхаёллик билан уни эзиб ўтди. Боланинг юрагини синдирган одам мураббийликка нолойиқдир. Ўқувчининг ўқитувчидан кўнгли қолиши бу мактабдан совиши демакдир!
Уйда ҳам тилингизга эҳтиёт бўлинг. Ваъда беришдан олдин ичингизда аввал уни бажариш дастурини аниқ қилиб, ҳисоб-китобини чиқариб, сўнг болани умидлантиринг. Агар бир кор-ҳол бўлиб бажаролмасангиз, албатта, кечирим сўранг. Ваъдани бажармаслик катта гуноҳ эканлиги, катта ёшлилар ҳам ваъдани бузса, албатта кечирим сўраши кераклигини билиб борсинлар.
Бировга «бугун сизларникига чиқиб қоларман ё бориб қоларман» дедингизми, албатта ваъдангизда туринг! У сизга атаб дошқозонлар осмайди, сомса-патир ёптирмайди, пул сарфламайди. Аммо чевари тикувига, ёзадигани ёзувига ўтиролмай, бир жойга борадигани боролмай сизни кутади. Ўзини созлайди, уйини созлайди, хулласи, маълум даражада уринади. Келмасангиз, уларнинг бир куни куяди, ўша кунги тирикчилиги, режалари куяди…
Якун: лабзида турмайдиган одам энг хунук ва зараркунанда одам! Уларга йўлиқишдан, айниқса, уларга ўхшаб қолишдан Ўзи асрасин!

Улашинг: