Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Қиз бола палахмон тоши деймизу…

Туманимизда ажримлар сони ортиб боряпти. Арзимаган сабаблар, уруш-жанжаллар, қайнона келин муносабатлари, куёвларни оила қуришга тайёр эмаслиги, аёлларнинг ёш туриб қайнона бўлаётганлиги, йигитларимизнинг оғзи полвонлиги, келин янги уйга кўника олмаётгани, тўйдан кейин йигитларимиз тўйнинг қарзини узаман, деб ишлагани кетиб қолишлари, келин янги уйда ўзи қолиб, қайнона-қайнотанинг хизматини қила олмаётганлиги каби тушунмовчиликлар ажримларнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Уяли телефонлар ҳам кўп оилаларга шубҳа-гумон туғдириб, оилалардаги фарзандларнинг етим қолишига олиб боряпти. Бир оилада аёл эри кечки сменага ишга борганда, уйда кўп телефонда гаплашаркан. Фарзандлари: “Ая, ким билан гап­лашяпсиз? Дадамга айтамиз” дейишаркан. Она парво қилмай, гаплашиб юраверибди. Болалар ёшлик қилиб дадасига “аям бир одам билан телефонда кўп гаплашяпти” дейишибди. Эри у одамни топиб, аёлини жавобини бериб юборибди. Судга берди, ажрашди, аёл икки болани ташлаб, телефондаги эр билан Туркияга кетди. Эр бечора нима қилсин, иккита бола, ҳовли-жой. Биринчи турмушидан фарзанд кўрмаган ёшроқ аёлга уйланди.
Бир қизни севган йигити бор экан. Ота-онаси унга бермай, бошқасига турмушга узатибди. Қиз тўйдан кейин ҳам йигити билан СМС ёзишиб юрган. Оқибатда куёвнинг қўлига телефон тушиб, ундаги СМСларни ўқиган ва жавобини бериб юборган.
Ота-она фарзанд ўстирар экан, уларнинг бахтли ҳаёт кечиришини истайди. Лекин ёш оилаларни бахтли бўлиб кетиши уларнинг сабр-тоқати, меҳрига боғлиқ.
Юқоридаги мисолларни бежиз келтириб ўтмадим. Бўлимимизда ўтган йили 368 та никоҳдан ажралганлик қайд қилинди. Вилоят ҳокимининг “Орият мажлиси” деб номланган йиғилишида барча туманлар ҳокимликлари, ФҲДЁ бўлимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ўзларига етарлича хулоса олдилар.
Бироқ ҳали ҳам маҳалла фаоллари ёш оилалар билан яхши ишлаяпти, деб айта олмаймиз. Оила дарз кетишни бошладими, унга катталарнинг кўмаги керак. Ажрашаётган оилаларнинг аксарияти ёш оилалар.
Бугун бахтли замонда яшаяпмиз. Бундай тўкин ҳаётга эса бахтли оилалар ярашади.

Нодира ОМОНБОЕВА,
Туман ФҲДЁ бўлими
1-тоифали инспектори

Улашинг: