Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Байрам арафасидаги Майгир

Барча жойда бўлгани каби Майгир қишлоғида ҳам мустақиллигимизнинг 28 йиллиги тантанасига ҳозирлик кўрилмоқда.
Барҳаёт, Дарёбўйи маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари маҳалла аҳли билан атрофларга байрамона шиорларни ўрнатиб, ободонлаштириш ишларини олиб боришяпти. Шу билан бирга тадбиркорлик алоҳида эътиборда.

Муқаддамхон кредитни нима учун олмоқчи?
Яқинда чеварчилик бўйича Нилуфар Эргашева, Муҳтарам Аҳмедова тикув машиналари учун 8 фоизли имтиёзли кредитлар олиб ўз фаолиятларини йўлга қўйдилар. Яна Замзамхон Сотқинова, Нодирахон Маматқулова, Муҳтарамхон Аҳмедова, Зуҳрахон Аҳмаджонова, Муаттар Хошимовалар ҳам чеварчилик соҳасини ривож­лантириш учун имтиёзли кредит олишга ҳужжатларни расмийлаштирмоқдалар. Улардан Муқаддамхон Ғофурованинг режалари ўзгача.
У онасининг севимли касби, авлоддан авлодга мерос бўлиб келаётган дўппичиликни йўлга қўйган. Муқаддамхоннинг хонадонида бўлганимизда у қизи Марҳабохон билан дўппиларни тайёрлаш учун хом ашёларни кўздан кечираётган экан.
—5 ёшда бўлсам керак, онам Мавлудахон менга дўппи тикиш сирларини ўргатган,—дейди у. —Ҳозирда шогирдларим кўпайиб бормоқда.

Балиқчилик соҳасига эътибор катта
Дарёбўйи маҳалласи оқсоқоли Зиёвуддин Нуритдиновнинг айтишича маҳалла хонадонларида 15 дан зиёд иссиқхона, 13 та ҳунарманд­чилик яъни ёғочни қайта ишлаш, уй жиҳозларини ишлаб чиқариш билан бирга 8 та очиқ сув ҳавзасида балиқ парваришлаш ишлари йўлга қўйилган.
Жумладан, Усмонжон Йўлдошев 5 гектар, Бегижон Маматожиев 3 гектар, Абдураҳим Инобиддинов 1 гектар сув ҳавзасида балиқларни етиштириб, аҳоли эҳтиёжини қондириб келмоқдалар.
Маҳаллада тадбиркор Матёқуб Пўлатов эса аҳолига сифатли балиқ маҳсулотларини мазали ҳолда пишириб, етказиб бермоқда.
Тадбиркорнинг ҳам устози бўлади
Маҳаллада лимон етиштириш ривожланган. Узоқбой Мамадалиев жами 2 гектар иссиқхонада лимоннинг “Мир” навини парваришлайди. Лимончилик соҳасида суяги қотган Узоқбойни туман, вилоят балки қўшни вилоятларда ҳам яхши танишади. Унинг санаб саноғига етиб бўлмайдиган кўплаб шогирдлари келиб устозидан маслаҳат олиб иш ташкил этадилар.
Узоқбой ўтган йили 2 гектар иссиқхонанинг 60 сотихидаги мева бераётган лимон кўчатларидан 6,5 тонна ҳосил олди.
Сардорбек Сотқинов:
—Мен ҳам тадбиркорман. “Барҳаёт” маҳалласи марказига озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўкон фаолиятини йўлга қўйганман. Тадбиркорлик билан бирга лимончилик соҳасига қизиқаман. Миришкор деҳқон, устозим Узоқбой аканинг олдига турли ҳудудлардан шогирдлари келиб лимон етиштириш ҳақида суҳбатлар қуришиб, маслаҳатлар олиб қайтишади.
Узоқбой аканинг шогирдларидан Нодирбек Сатторов 40 сотих, Нодирбек Абдуваҳобов 30 сотих, Неъматилла Мамажонов 3 сотих иссиқхонада лимон кўчатларини парваришлаб, йилдан йилга мўл ҳосил олиб халқимиз дастурхонига тортиқ этмоқдалар. Мен ҳам келажакда 3 сотих ерда иссиқхона яратиб лимон кўчатларини парваришлаш ниятидаман.

Мактаб муаммоси ҳал бўлди
Майгир қишлоғи ҳудудидаги 37-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқувчилари Дарёбўйи маҳалласидаги 2 хонали яроқсиз ҳолга келиб қолган мактаб филиали биносида таълим олишарди.
Ушбу муаммо ҳақида мактаб директори Улуғбек Каримовга юзландик:
—Мактабимизда жорий ўқув йилида 1143 нафар ўқувчи таълим олди. Шундан 450 нафар бошланғич синф ўқувчилари мактаб филиалида сабоқ олган. Мактабимиз айни дамда собиқ коллеж биносига кўчиб ўтганлиги муносабати билан бошланғич синф ўқувчилари мактабимизни собиқ кенг ва ёруғ хоналарида таълим олишлари мумкин,—дея жавоб берди мактаб директори.
Майгирда байрам арафасида барча ҳаракатда. Ҳаракат бор жойда албатта барака бўлади.

М. РУСТАМОВ.

Суратларда: дўппидўз М. Ғофурова қизи билан; иш юритувчи Неъматилло Ашуров маҳалла раиси Зиёвуддин Нуритдинов билан лимон меваларини кўздан кечирмоқдалар.

Улашинг: