Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Иқтисодиётнинг «тез тиббий ёрдами»

Банкротлик институти ўз тўлов қобилиятини тиклаш имкониятига эга иқтисодий ночор корхоналарни соғломлаштириш орқали ёки иқтисодий ночор, рентабелсиз ва истиқболсиз хўжалик юритувчи субъектлардан иқтисодиётни ҳалос қилиш йўли билан иқтисодиётни мустаҳкамловчи амалдаги механизмлардан бири ҳисобланади. Жорий йилнинг 1 февралида қонунчиликни такомилаштириш бўйича Давлатимиз раҳбарининг «Банкротлик таомилларини соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Ушбу қарорнинг мақсад ва моҳияти ҳақида Избоскан туманлараро иқтисодий суди раиси Мўйдинжон Салимов мухбиримиз Маҳаммаджон Мирзаабдуллаевга шундай дейди:

—Мустақил Республикамизнинг турли мулк шаклларига асосланган бозор иқтисодиётига ўтиши, хусусий мулк муносабатларининг мустаҳкамланиши хўжалик юритувчи субъектларнинг банкротлик масалаларини тартибга солувчи қонунни қабул қилиш заруратини келтириб чиқарди. «Банкротлик тўғрисида»ги Қонун дастлаб 1994 йилда, кейинчалик замон талаб­ларидан келиб чиқиб, 1998 ҳамда 2003 йилларда янги таҳрирда қабул қилинди.
Қонунда иқтисодий ночор корхонанинг мол-мулки ва раҳбари мавжуд бўлган тақдирда судга тақдим этилган ариза банкротликнинг умумий таомили асосида кўриб чиқилиши, ўз фаолиятини тугатган қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки тугатилаётган юридик шахснинг раҳбари ҳозир бўлмаган ва уларнинг турар жойини аниқлашнинг имкони бўлмаган тақдида банкротликнинг соддалаштирилган таомили асосида кўриб чиқилиши белгилаган.
Банкротлик тўғрисидаги ишлар сони йилдан йилга ошиб бораётганлиги боис корхоналарнинг банкротлик муаммоси билан ҳуқуқшунослик ва тадбиркорлик вакиллари кундан кунга кўпроқ тўқнашишига тўғри келмоқда. Шу боис жорий йилнинг 1 февралида қонунчиликни такомилаштириш бўйича Давлатимиз раҳбарининг «Банкротлик таомилларини соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Ушбу қарорнинг мақсад ва моҳияти банкротлик таомилларини янада соддалаштириш, суд бошқарувчилари фаолиятини такомиллаштиришдир.
Қарорда давлат солиқ хизмати органлари солиқ ва бош­қа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш имконияти бўлмаганлги сабабли ижро ҳужжатлари қайтарилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмасдан қарздорни «банкрот» деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши белгиланган, банкротлик тўғрисидаги иш банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда , агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар суммаси энг кам иш ҳақи миқдорининг камида уч юз каррасини ташкил этадиган бўлса , қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса энг кам иш ҳақи миқдорининг камида йигима каррасини ташкил этадиган бўлса , суд томонидан қўзғатилиши мумкинлиги кўрсатилган. Тугатишга доир иш юритиш муддати тўққиз ойдан ошмаслиги лозимлиги, алоҳида ҳолларда ушбу муддат банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахсларнинг илтимосномасига асосан суд қарори билан уч ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкинлиги, бенефициар ва афилланган шахсларнинг биргаликдаги хатти-ҳаракатлари оқибатида сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари аниқланганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳукми мазкур шахс­ларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда субсидиар жавобгарликка тортиш учун асос бўлиб ҳисобланиши, банкротлик таомиллари қўлланилган қарздорларнинг мол-мулки суд бошқарувчилари томонидан «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали сотилиши белгиланган.
Қабул қилинган қарорга биноан суд бошқарувчиларини тайинлаш кредитор (кредиторларнинг умумий йиғилиши ёки қўмитаси) ёки банкротлик ишлари бўйи­ча ваколатли давлат органи ёҳуд Ўзбекистон суд бош­қарувчилари ассоциацияси ва унинг ҳудудий тузилмалари тақдимномаси бўйича суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг баҳолашни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.
Шу билан бирга банкротлик ишларини амалга оширишда қўлланиши лозим бўлган қонунчиликни такомиллаштириш учун янги тахрирдаги «Банкротлик тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ҳамда тегишли низомларни ишлаб чиқиш вазифалари юклатилган.
Мазкур қарорнинг тўлиқ ижро этилиши мамлакатимизда тадбиркорлар ўртасида эркин рақобатни юзага келтириш ва улар фаолиятини ривожлантириш, жамият иқтисодиётини янада юксак даражага кўтариш ва шу билан бирга халқ фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Улашинг: